Шу кунларда Бухоро шаҳрида қурилиши режалаштирилаётган туризм мажмуаси турли муҳокамаларга сабаб бўлмоқда.
Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги мазкур ҳолат бўйича изоҳ берди.
“Сўнгги йилларда мамлакатимизда туризмни ривожлантириш, ушбу соҳадаги мавжуд имкониятлардан самарали фойдаланган ҳолда, мазкур тармоқни янада такомиллаштиришга катта эътибор қаратилмоқда.
Давлатимиз раҳбарининг шахсан ташаббуси билан ўтган қисқа давр мобайнида юртимизда бу соҳада кўплаб қарор ва фармонлар қабул қилинди ва унинг ижроси изчил таъминланмоқда. Биргина ўтган йили кўҳна Самарқанд шаҳрида янги туризм марказининг ташкил этилгани ҳам мамлакатнинг туризм салоҳиятида имкониятлар кўлами кенг эканлигини амалда кўрсатиб берди.
Бугунги кунда кўҳна кентда ўнлаб туристик мажмуалар қад ростлади. Бунга монанд тарзда инфратузилма ҳам шакллантирилди. “Silk road Samarkand” янги туризм маркази замонавий конгресс-маркази, “Абадий шаҳар” тарихий-этнографик хиёбони, “Eco Village” алоҳида коттежлар мажмуаси, шунингдек xалқаро таснифланган брендлар остидаги 8 та меҳмонхонани бирлаштирган улкан кўп тармоқли мажмуа сифатида Ўрта Осиё туризм секторидаги референт марказга айланди.
Қадим Бухоро ҳам ана шундай тарихий обидалари билан бугун дунё аҳлининг эътиборига сазовор бўлиб келмоқда. Бу эса ўз-ўзида ушбу тарихий объектларни асраб-авайлаш, ҳудудда туристик салоҳиятни ривожлантиришни тақозо этмоқда.
Таҳлиллар мазкур ҳудудда инфратузилма ва қулай сервис муҳитининг етарли даражада ривожланмагани, хорижий ва маҳаллий меҳмонлар учун замонавий шароитлар етишмаслигини кўрсатмоқда. Бу табиийки, тарихий шаҳарларимизда сайёҳлар оқимининг ортишига имкон бермаяпти. Бухоро шаҳрининг қадимий қисми яқинида бир пайтлар узоқни кўзламасдан қурилган иншоотлар, паст-баланд бинолар ўзига хос меъморий ансамбл кўркига доғ бўлаётгани бор гап. Ушбу бинолар Собиқ Иттифоқ даврида шаҳарнинг тарихий аҳамияти ва архитектура анъаналари ҳисобга олинмаган ҳолда қурилган.
Шаҳарнинг туристик жозибадорлигини ошириш, қулай сайёҳлик инфратузилмаси асосида қурилиш лойиҳаларини амалга ошириш бўйича Бухоро шаҳрида 5 та ҳудуд ўрганилди. Эскиз ва бош режалари ишлаб чиқилиб, тақдимотлари ўтказилди. Ушбу лойиҳалар бўйича инвесторларнинг таклифлари таҳлил қилинди ва очиқ танлов асосида сараланди.
Бунинг учун кўплаб нуфузли хорижий мутахассислар, архитекторларнинг фикрлари, таклифлари инобатга олинди.
Шулардан келиб чиққан ҳолда, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 26 декабрдаги “Бухоро вилоятида кенг кўламли бунёдкорлик ва ободонлаштириш ишларини амалга ошириш тўғрисида”ги 296-сонли баёнининг ижросини таъминлаш мақсадида ҳозирги кунда Бухоро вилоятида “Бухоро туризм маркази”ни барпо этиш учун Бухоро шаҳридаги И.Мўминов, Ҳамза ва Х.Тониш кўчалари кесишмасида жойлашган ҳудуддан 32,6 гектар ер майдони танлаб олинган.
Лойиҳага кўра, “Туристик марказ” ҳудудида Бухоронинг “эски шаҳар” қисмига монанд, катта бўлмаган меҳмонхоналар, миллийлик ва замонавийлик уйғунлашган “Туризм шаҳарчаси” барпо этилиши ҳисобига ташриф буюрувчи сайёҳларнинг эркин (пиёда) ҳаракатланиши учун имконият яратилади. Тарихий марказнинг мантиқий давоми сифати уйғунликда янги туризм шаҳарчаси шаклланади ҳамда аэропорт ва темир йўл вокзалидан аниқ йўналиш бўйича транспорт қатнови йўлга қўйилади.
Туристларни Бухорода бўлиш вақтини узайтириш бўйича тунги пайтда маданий тадбирлар, гастрол концерт, театрлашган томошалар, форум, ярмарка ва учрашувлар ташкил этилиши учун энг жозибали ҳудуд пайдо бўлади. Янги туризм йўналиши, савдо ва маиший хизмат кўрсатиш имкониятлари кенгаяди, минглаб янги иш ўринлари яратилади. Асосийси, Бухоро шаҳрининг “эски шаҳар” қисмига туташ ҳудуддан “Туризм шаҳарчаси” нинг барпо этилиши сайёҳлар учун туристик зоналар майдони кенгайишига олиб келади. Бу ўз-ўзидан вилоятда охирги йилларда йўлга қўйилган туристик йўналишлар яъни, экотуризм, агротуризм, қишлоқ туризми, гастрономик туризм ва бошқаларнинг кескин ривожланишига олиб келади ва сайёҳлар демографиясининг ёйилишига эришилади.
Бухоро шаҳрида режалаштирилган “Туризм маркази”ни қуриш лойиҳаси доирасида асосан маъмурий бинолар бошқа ҳудудга кўчирилади ва бу ишлар инвестор томонидан амалга оширилади. Бунда аҳоли яшаш хонадонлари кўзда тутилмаган. Бугунги кунда “Туризм шаҳарчаси” қурилиши режалаштирилган ҳудудда 14 та давлат ташкилоти ва 10 та хусусий мулкдорларга тегишли жами 24 та бино ва иншоотлар мавжуд бўлиб, уларни бошқа ҳудудга инвестор билан келишган ҳолда кўчириш мақсад қилинган.
Янги маъмурий марказ учун танланган ҳудудда вилоят ва шаҳар ҳокимияти бинолари, бошқармалар, марказий хиёбон, маданият ва ёшлар маркази, замонавий спорт мажмуаси, марказий ўйингоҳ, Янги Ўзбекистон боғи, савдо марказлари, тижорат банклари қад ростлайди. Бу ишлар 2023-2025 йилларда амалга оширилади. Бухоро вилоятининг янги маъмурий марказини жойлаштириш учун Бухоро шаҳридаги “Гулчорбоғ” ва “Отбозор” МФЙ ҳудудидан биринчи босқичда 100 гектар ер майдони чегаралари белгиланди. Янгидан ташкил этиладиган маъмурий марказ ҳудудига шаҳар марказидаги маъмурий бинолар босқичма-босқич кўчириб ўтказилади.
Юқорида қайд этганимиздек, 2022 йилда Бухорога ташриф буюрган сайёҳлар оқими қарийб 3,5 млн нафарга (бунда, маҳаллий сайёҳлар – 2,9 миллион нафар, хорижий сайёҳлар сони 550 минг нафар) етган бўлса, мазкур шаҳарча барпо этилиши ҳисобига ташриф буюрувчи хорижий сайёҳлар сони 4 бараварга ошиб, жами 8 миллион нафарга етказилади.
Таҳлилларга кўра, 2022 йилда вилоятга ташриф буюрган сайёҳлардан бюджетга 0,2 миллиард АҚШ доллари тушган бўлса, ушбу шаҳарчанинг барпо этилиши билан маҳаллий бюджетга туризм хизматларидан тушум 1 миллиард АҚШ долларга етказилади. Таҳлиллар “Туризм шаҳарчаси” барпо этилиши ва қўшимча сифатли хизмат турлари кўрсатилиши ҳисобига сайёҳларнинг ҳудудда қолиш муддатларининг 5-6 кунга узайишини ҳам кўрсатмоқда.
Шаҳарнинг муҳандислик тармоқларини яхшилаш учун газ қувурларини реконструкция қилишга 133,5 миллиард, электр энергиясига 47,6 миллиард, сув ва канализация тармоқларига 278 миллиард сўм пул ажратилиши режалаштирилмоқда.
Туризм марказининг лойиҳа концепцияларини ишлаб чиқиш, жорий йилнинг февларь ойи якунига режалаштирилган бўлиб, лойиҳалаштириш жараёнида мухандислик тармоқларини реконструкция килиш ҳисобига мавжуд қувватларни ошириш кўзда тутилган. Яъни, ташкил этиладиган туризм маркази ҳудудидаги подстанция ва 2 дона қуввати 4000 кВА трансформаторлар 50 фоиз юклама билан ишламоқда. Бундан ташқари худудда 32 дона трансформатор пунктлари мавжуд бўлиб, 18 таси 40 йилдан ортиқ ишлаган ва маънан эскирган.
Мазкур ҳудуддаги газ қувурлари 1958-1970 йилларда қурилган бўлиб, бугунги кунда таъмирталаб ҳолга келиб қолган. Янги марказ қурилишида ана шу муаммолар чуқур таҳлил қилинган ҳолда, инфратузилмани янгилаш, модернизация қилиш ҳам назарда тутилган. Бу билан шаҳар марказидаги турар-жой бинолари, ижтимоий соҳа объектларининг коммунакация тармоқлари янгиланишига эришилади.
Шаҳноза Маматуропова, ЎзА