Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Шаҳар кўчаларида оғир юк ташувчи автотранспорт воситалари ҳаракати чекланиши мумкин
14:44 / 2023-10-20

Вазирлар Маҳкамасининг “Катта ҳажмли ва оғир вазнли транспорт воситаларининг автомобиль йўлларида ҳаракатланишини тартибга солишни такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори лойиҳаси эълон қилинди.

Унга кўра, Транспорт вазирлиги, Иқтисодиёт ва молия вазирлиги, Ички ишлар вазирлиги ва Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлигининг қуйидагиларни назарда тутувчи таклифлари маъқулланиши мумкин:  

а) автомобиль йўлларида автоматлаштирилган ўлчов воситалари билан жиҳозланган вазн ва ҳажм параметрлари назорати бўйича стационар шохобчалар (ўлчов-назорат шохобчалари) ўрнатиш ва ундан фойдаланишга хусусий секторни жалб қилиш тизимини жорий этиш;  

– ўлчов-назорат шохобчалари ўрнатиладиган жойлар электрон аукцион савдоларда ғолиб бўлган тадбиркорлик субъектларига узоқ муддатли ижара асосида ва бошқа тадбиркорлик субъектига ўтказиш ҳуқуқи билан бириктириш;  

б) Вазирлар Маҳкамаси қарори билан тасдиқланган “Муомалага чиқарилаётган ғилдиракли транспорт воситаларининг хавфсизлиги тўғрисида”ги умумий техник регламентда белгиланган юк кўтариш меъёрларига жавоб бермайдиган импортдан олиб келинган оғир юкларни ташувчи автотранспорт воситаларининг (самосвал ва сочилувчан юкларни ташувчи ярим тиркамалар) республика ҳудудидаги ҳаракатини тартибга солиш;  

– белгиланган юк кўтариш меъёрларига жавоб бермайдиган импорт қилинаётган ва ҳозирги кунда фаолият кўрсатаётган оғир юкларни ташувчи автотранспорт воситаларини республика ҳудудига олиб кириш ва ҳаракатланишини тақиқлаш;  

в) маҳаллий аҳамиятга эга умумий фойдаланишдаги автомобиль йўллари, шаҳарлар ва бошқа аҳоли пунктларининг кўчаларида оғир юкларни ташувчи автотранспорт воситалари ҳаракатини соат 08:00 дан 22:00 га қадар чеклаш.  

Шундай тартиб ўрнатиладики, унга кўра:  

а) Транспорт вазирлиги ҳузуридаги Автомобиль йўллари қўмитаси:  

– ўлчов-назорат шохобчалари ўрнатиладиган жойларини белгилайди ва мазкур жойларни электрон онлайн-аукционлар тизими бўйича ғолиб бўлган тадбиркорлик субъектларига белгиланган талаблар асосида бириктиради;  

–тадбиркорлик субъектлари билан ҳамкорлик қилади ва улар томонидан ўрнатилган ўлчов-назорат шохобчаларини мунтазам равишда назорат қилиб боради;  

–ўлчов-назорат шохобчалари ўрнатиладиган жойлар Ички ишлар вазирлиги Жамоат хавфсизлиги хизмати Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати билан келишилади.  

Тадбиркорлик субъектлари ўлчов-назорат шохобчаларининг ускуналари ва дастурий-техник воситаларини белгиланган техник талабларга мувофиқ харид қилади ва ўрнатади ҳамда ўлчов-назорат шохобчаларини, шу жумладан бириктирилган автомобиль йўли ҳудудида, ўз маблағлари ҳисобидан сақлаш ишларини амалга оширади ҳамда электр энергияси, ахборот-коммуникация тармоқлари билан таъминлаб, фойдаланиш харажатларини қоплайди.  

Инвестиция, саноат ва савдо вазирлиги ҳузуридаги Техник жиҳатдан тартибга солиш агентлиги, Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳузуридаги Божхона қўмитаси белгиланган меъёрдан ортиқ юкларни ташиш учун мўлжалланган автотранспорт воситаларини (самосвал ва сочилувчан юкларни ташувчи ярим тиркамалар) республика ҳудудига чет давлатлардан импорт қилинишида ҳукумат қарори билан тасдиқланган “Муомалага чиқарилаётган ғилдиракли транспорт воситаларининг хавфсизлиги тўғрисида”ги умумий техник регламент талабларига қатъий риоя этилишини таъминлайди.  

Ички ишлар вазирлиги Жамоат хавфсизлиги департаменти Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати ва Транспорт вазирлиги ҳузуридаги Транспорт назорати инспекцияси умумий фойдаланишдаги автомобиль йўллари, шаҳарлар ва бошқа аҳоли пунктларининг кўчаларида белгиланган меъёрдан ортиқ юк билан ҳаракатланаётган автотранспорт воситалари устидан, белгиланган вақтдан ташқари вақтда маҳаллий аҳамиятга эга умумий фойдаланишдаги автомобиль йўллари, шаҳарлар ва бошқа аҳоли пунктларининг кўчаларида оғир юкларни ташувчи автотранспорт воситалари ҳаракатини чеклаш бўйича қатъий назорат ўрнатади.  

Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги қурилиш-монтаж ишларига лойиҳа-смета ҳужжатлари ишлаб чиқилишида ва объектлар қурилиш жараёнида қурилиш материалларини ташиш учун қўлланадиган автотранспорт воситаларини регламент талабларига мос келиши устидан назорат қилади.  

Муҳайё Тошқораева, ЎзА