Куни кеча Халқ депутатлари Ширин шаҳар Кенгаши қарори билан шаҳар ҳокими этиб тасдиқланган Дилфуза Камбарова ўз фаолиятини хайрли ва ижтимоий аҳамиятга эга ташаббуслар билан бошлади.
Янги 2026 йил муносабати билан шаҳар ҳокимлиги“Shoxrux Demirbek” масъулияти чекланган жамият таъсисчилари билан ҳамкорликда Ширин шаҳридаги эҳтиёжманд оилаларга, шунингдек Ободонлаштириш бошқармаси ҳамда “Тоза ҳудуд” ДУК ходимларига янги йил совғаларини тақдим этди.

Байрам тадбири доирасида жами 1000 га яқин фуқарога янги йил совғалари топширилди. Мазкур тадбир аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлаш, меҳнат фаолиятида фидойилик кўрсатаётган ходимларни рағбатлантириш мақсадида ташкил этилди.

Тадбирда сўзга чиққан шаҳар ҳокими Дилфуза Камбарова шаҳар маъмуриятининг устувор вазифаларидан бири аҳолининг турмуш даражасини ошириш, ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларни доимий эътиборда ушлаш эканини таъкидлади. Унинг айтишича, янги йилда шаҳар инфратузилмасини ривожлантириш билан бирга аҳолига ғамхўрлик қилишга қаратилган чора-тадбирлар изчил давом эттирилади.

— Янги йилда шаҳримизда ижтимоий йўналтирилган лойиҳаларни кенгайтириш, фуқароларнинг таклиф ва мурожаатларига алоҳида эътибор қаратишни режалаштирганмиз, — деди Дилфуза Камбарова.
Тадбир давомида эҳтиёжманд оилалар ҳамда коммунал хизмат соҳасида меҳнат қилаётган ходимлар томонидан шаҳар ҳокимлигига миннатдорчилик билдирилди. Жумладан, ижтимоий кўмак олган фуқаролар бундай эътибор улар учун муҳим қўллаб-қувватлаш эканини қайд этишди.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири