Бугун халқ депутатлари Тошкент шаҳар Кенгашининг 52-сессияси бўлиб ўтди. Сессияда дастлаб Тошкент шаҳрининг ижтимоий-иқтисодий ривожланиши, ҳудудда “Темир дафтар”, “Аёллар дафтари” ва “Ёшлар дафтари” асосида амалга оширилаётган ишлар, шунингдек, камбағалликни қисқартиришга оид манзилли дастурларнинг ижроси тўғрисида сектор раҳбарларининг ҳисоботи ҳамда аҳоли мурожаатлари билан ишлаш тизимини мутлақо янгича ташкил этиш чора-тадбирларига оид масала кўриб чиқилди.
Сессияда, шунингдек, етим болалар ва ота-онасининг қарамоғидан маҳрум бўлган болаларни қўллаб-қувватлашга доир қонун ҳужжатлари ижроси, Тошкент шаҳридаги Меҳрибонлик уйларида тарбияланган ёшлар бандлигини таъминлаш, касбга ўргатиш юзасидан олиб борилаётган ишлар муҳокама қилинди.

Мазкур масала юзасидан Тошкент шаҳар Халқ таълими бош бошқармаси бошлиғи ўринбосари Дилфуза Исломова ҳисобот берди.
Кўрилган масала юзасидан сессия қарори қабул қилиниб, қатор вазифалар белгиланди. Жумладан, етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларга бериш учун мўлжалланган турар-жойларнинг қатъий ҳисоби олиб борилишини ҳамда уларни турар-жойлар билан таъминлаш тўғрисидаги ҳужжатларнинг ўз вақтида ва холисона кўриб чиқилиши юзасидан назоратни олиб бориш вазифаси қарорда ўз аксини топди.
Тошкент шаҳар халқ таълими бош бошқармаси зиммасига Меҳрибонлик уйларида тарбияланаётган етим болалар ва ота-онасининг қаровисиз қолган болаларни тарбиялаш, тарбияланувчиларни тўлиқ руҳий соғломлаштириш, ижтимоий мослаштириш ва жамиятга уйғунлаштиришга кўмаклашиш, уларнинг сифатли таълим ва тарбия олиши, шунингдек, ижодий ва интеллектуал қобилиятларини ривожлантириш учун уй шароитига энг кўп даражада яқинлаштирилган муҳитни яратиш вазифалари юкланди. Шунингдек, тарбияланувчиларнинг ҳаёти ва соғлиғи, психологик ва жисмоний ривожланишини ҳимоя қилиш, уларнинг индивидуал, таълим-ривожлантирувчи эҳтиёжларини қондириш, истеъдод ва қобилиятларини ривожлантириш каби вазифалар белгиланди.

Тошкент шаҳар Бандлик бош бошқармаси, Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Тошкент шаҳар Кенгашига тарбия муассасаларини тамомлаган етим болалар ва ота-онасининг қарамоғидан маҳрум бўлган болаларнинг ишга жойлаштирилиши устидан тизимли мониторинг механизмини ўрнатиш, уларни хоҳиши ва қизиқишига кўра ҳунар ўрганишлари учун ўқув курсларига жалб қилиш каби вазифалар юклатилди.
Бундан ташқари, сессия давомида Тошкент шаҳар Ободонлаштириш бош бошқармаси бошқарувчиси С.Уматовнинг 2021 йил 9 ойи давомида амалга оширилган ишлар тўғрисидаги ҳисоботи, Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси Тошкент шаҳар ҳудудий бошқармасининг тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш бўйича амалга оширилаётган ишлари тўғрисидаги ва пойтахтимизнинг ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришда аҳамиятли бўлган бошқа қатор масалалар кўриб чиқилди.
Кўрилган масалалар юзасидан сессиянинг тегишли қарорлари қабул қилинди.
Муҳтарама Комилова, ЎзА