Жорий йилнинг иккинчи чораги якунлари бўйича Сирдарё вилоятининг Ховос туманида қишлоқ хўжалиги соҳасида амалга оширилаётган ишлар муҳокамасига бағишланган очиқ мулоқот бўлиб ўтди. Тадбирга туман ҳокимининг қишлоқ ва сув хўжалиги масалалари бўйича ўринбосари Умиджон Холиқов раҳбарлик қилди. Унда ҳоким ўринбосарлари, тегишли ташкилот раҳбарлари, оммавий ахборот воситалари вакиллари ҳамда фаоллар иштирок этди.
Мулоқотда экинлар парвариши, агротехник тадбирлар, сув тежовчи технологиялар ва аҳоли билан мулоқотда шаффофлик тамойилларини таъминлашга доир масалалар атрофлича муҳокама қилинди.

– Қишлоқ хўжалиги — халқ ҳаётига бевосита таъсир кўрсатувчи муҳим тармоқ. Биз ҳар бир қарич ердан оқилона фойдаланиш, самарадорликни ошириш, фермер ва аҳоли ўртасидаги ишончни мустаҳкамлашга эришишимиз шарт. Бунинг учун эса шаффоф бошқарув ва манзилли ёндашув устувор вазифамиз бўлиши керак, – деди Умиджон Холиқов.
Таъкидланишича, жорий йил ҳосили учун туманда 16 000 тонна дон етиштириш белгиланган бўлиб, шундан 6 025 тонна давлат эҳтиёжлари учун, 9 975 тонна вақтинча сақловга мўлжалланган. “Ховосдонмаҳсулотлари” АЖ ҳамда фермер хўжаликлари ўртасида шартномалар тузилиб, амалда 16 149 тонна ҳосил йиғиб олинган — режа 101 фоизга бажарилган. Шу жумладан, 9 913 тонна буғдой давлат захирасига топширилган, қолган қисми эса биржа савдоларида сотиш учун сақланмоқда.

Пахтачиликда ҳам тизимли ишлар амалга оширилмоқда. 5 500 гектар майдондаги ғўзага агротехник ишлов бериш тўлиқ бажарилмоқда. Қатор ораларига тўрт марта ишлов берилди, икки босқичда минерал ўғит билан озиқлантириш ишлари якунланиб, ҳозирги пайтда учинчи босқич парвариши давом эттирилмоқда.
Мавсумдан самарали фойдаланиш мақсадида ғалладан бўшаган 6 114 гектар майдонга такрорий экинлар экилди. Жумладан, 2 792 гектарга мош, 1 000 гектарга шоли, 230 гектарга сабзавот, 810 гектарга полиз экинлари 29 гектарга эса кунжут экилган.
Чорвачиликда эса 10,1 миллиард сўмлик 7 та лойиҳа кўзда тутилган бўлиб, улардан 5 таси (3 та қорамолчилик ва 2 та паррандачилик) амалга оширилган. Жами 7,7 миллиард сўмлик инвестиция ўзлаштирилган.
Очиқ мулоқот якунида соҳада самарадорликни таъминлаш, амалий ечимларга таяниш, ҳар бир ишда халқ манфаати устувор бўлиши шартлиги таъкидланди. Муҳокамалардан келиб чиққан ҳолда, қишлоқ хўжалиги фаолиятида шаффофлик, манзилли ёндашув ва замонавий бошқарув усулларини жорий этиш бўйича янги вазифалар белгилаб олинди.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири