French
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Шаффофлик таъминланмаса, ишонч бўлмайди
10:44 / 2025-12-25

Самарқандда “Коррупцияга қарши курашишда жамоатчиликнинг роли” мавзусида семинар-тренинг бўлиб ўтди.

Коррупцияга қарши курашиш агентлиги ҳамда БМТ Тараққиёт дастурининг Европа Иттифоқи томонидан молиялаштирилаётган “Ўзбекистонда коррупцияга қарши миллий экотизимни мустаҳкамлаш” лойиҳаси доирасида ташкил этилган ўқувда коррупцияга қарши курашиш ҳудудий кенгаши аъзолари қатнашди.  

Тренинг давомида иштирокчилар томонидан коррупциянинг келиб чиқиш сабаблари, унинг тизимли хусусиятлари ва жамият ривожига салбий таъсири атрофлича муҳокама қилинди.  

Хусусан, “Манфаатлар тўқнашуви қайси ҳолатларда коррупция хавфини бевосита юзага келтиради?”, “Коррупцияга қарши кураш стратегиялари самарали бўлиши учун қайси институционал ёндашув барқарор натижа беради?”, “Оммавий ахборот воситалари ва блогерлар қачон коррупцияга қарши курашда стратегик субъектга айланади?”, “Коррупцияга нисбатан муросасизлик маданияти қандай шароитда жамиятда барқарор институт сифатида шаклланади?” каби саволлар атрофида фикр алмашилди.

– Коррупция, аввало, жамиятдаги бошқарув сифатига тутиладиган кўзгудир, – дейди халқаро тоифадаги медиатренер Беруний Алимов. - Коррупцияни фақат қонунбузарлик сифатида баҳолаш етарли эмас. Агар фуқаролар ахборотни эркин ололмаса, давлат идоралари фаолияти шаффоф бўлмаса ёки оммавий ахборот воситалари савол беришдан қўрқса, ҳар қандай ислоҳот кутилган натижани бермайди. Бугунги кунда ОАВ давлат органлари ва аҳоли ўртасида очиқ мулоқотни таъминловчи муҳим кўприк, коррупциявий ҳолатларни эрта аниқловчи индикатор ҳамда жамоатчилик фикрини шакллантирувчи таъсирчан институт сифатида намоён бўлмоқда. Шу боис, коррупцияга қарши курашда оммавий ахборот воситалари, фуқаролик жамияти институтлари ва давлат органлари ўртасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлаш ҳал қилувчи аҳамиятга эга. Мустақил ОАВ ва фаол жамоатчилик коррупция аломатини эрта кўради, савол беради ва жавоб талаб қилади. Чунки шаффофлик бўлмаган жойда ишонч яшамайди. Ахборот эркин кўринишга айланса, яширин келишувлар учун муҳит торлик қилиб қолади.

Семинарнинг амалий қисмида коррупциявий хавф-хатарларни эрта аниқлаш, жамоатчилик назорати механизмларидан самарали фойдаланиш, фуқаролар билан очиқ ва ишончли мулоқот олиб бориш, оммавий ахборот воситалари билан тизимли ҳамкорлик қилиш ҳамда давлат идораларида институционал шаффофлик даражасини баҳолаш бўйича машғулотлар ўтказилди.

Ғ.Ҳасанов, А.Исроилов (сурат), ЎзА мухбирлари