Chinese
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Шаффофлик — божхона фаолияти асоси
16:46 / 2026-01-20

Сирдарё вилояти божхона бошқармасида 2025 йил якунларига бағишланган матбуот анжумани бўлиб ўтди. Унда оммавий ахборот воситалари вакиллари, журналистлар ҳамда блогерлар иштирок этиб, божхона тизимида амалга оширилган ишлар ва эришилган натижалар билан яқиндан танишдилар.

Анжуманда сўз олган бошқарма бошлиғи ўринбосари Мансуржон Набиев давлатимиз раҳбари ташаббуси билан иқтисодий, ижтимоий ва маданий соҳаларда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар божхона органлари фаолиятида ҳам ўз ифодасини топаётганини таъкидлади. У яратилаётган замонавий инфратузилма, қулай меҳнат шароити ва рақамлаштириш жараёнлари натижасида тизим фаолияти самарадорлиги сезиларли даражада ошганини, хусусан, Сирдарё вилоятида қўлга киритилган кўрсаткичлар буни яққол тасдиқлаётганини қайд этди.

Маълум қилинишича, ҳисобот даврида Сирдарё вилояти божхона бошқармаси томонидан мамлакат иқтисодий хавфсизлигини таъминлаш, давлат бюджети даромадларини кўпайтириш, ташқи иқтисодий фаолият субъектлари учун қулай ишбилармонлик муҳитини шакллантириш, яширин иқтисодиётга қарши курашиш ҳамда қонун устуворлигини мустаҳкамлашга қаратилган тизимли чора-тадбирлар амалга оширилди. Натижада вилоят ташқи савдо айланмаси 2025 йилда 1 млрд 418 млн АҚШ долларини ташкил этиб, ўтган йилга нисбатан 447,9 млн долларга, яъни 46,2 фоизга ўсди.

Божхона тўловлари йўналишида ҳам барқарор ўсиш кузатилди. Тўловга тортиладиган импорт ҳажми 1 млрд 35 млн долларга етди ва бу ўтган йилга нисбатан 35 фоизлик ўсишни ташкил қилди. Давлат хазинасига 2 трлн сўмдан ортиқ божхона тушумлари йўналтирилиб, умумий тушумлар 699 млрд сўмга, ёки 53 фоизга кўпайди. Шу билан бирга, ташқи иқтисодий фаолият иштирокчиларини қўллаб-қувватлаш мақсадида 237 та тадбиркорлик субъектига жами 1,2 трлн сўм миқдорида божхона имтиёзлари тақдим этилди. Бу кўрсаткич ўтган йилга нисбатан 88 фоизга юқори бўлди.

Тадбиркорларнинг молиявий юкини енгиллаштириш мақсадида 13 нафар хўжалик юритувчи субъектга 217,4 млрд сўмга яқин божхона тўловларини бўлиб-бўлиб ёки кечиктириб тўлаш имконияти яратилди. Назорат ва таҳлил ишлари доирасида ўтказилган божхона аудити натижасида 71,4 млрд сўм қўшимча тўловлар аниқланиб, мазкур кўрсаткич ўтган йилга нисбатан қарийб 5 бараварга ошди. Товарларни таснифлаш жараёнидаги аниқлик эса қўшимча 3,2 млрд сўм маблағ ҳисобланишига олиб келди.

Яширин иқтисодиётга қарши курашиш, шунингдек, аҳоли саломатлиги ва жамоат хавфсизлигини таъминлаш йўналишида ҳам салмоқли натижаларга эришилди. 839 та ҳолатда 30,1 млрд сўмлик товарлар, жумладан, 801 млн сўм эквивалентидаги валюта қимматликлари ҳамда 1 794 грамм заргарлик буюмларининг ноқонуний муомаласига чек қўйилди. Шу билан бирга, 7,5 кг гиёҳвандлик воситалари, 349 грамм психотроп, 1 374 грамм кучли таъсир қилувчи дори воситалари, 44 минг 751 дона дори ва тиббиёт буюмлари, шунингдек, 5 918 қути тамаки маҳсулотлари ушлаб қолинди.

Божхона кўриклари самарадорлиги ҳам ошгани таъкидланди. Ҳисобот йили давомида вилоят божхона постлари томонидан 5,5 мингдан ортиқ божхона кўриги амалга оширилиб, 210 та ҳолатда 9 млрд 689 млн сўмлик товар-моддий бойликлар аниқланди.  

Айни пайтда тизим ходимлари учун ижтимоий шарт-шароитларни яхшилаш мақсадида 70 хонадонли хизмат уйи қурилиши изчил давом эттирилмоқда.

Анжуман давомида Давлатимиз Раҳбарининг Олий Мажлисга йўллаган Мурожаатномаси ҳамда 2025 йил 17 декабрда қабул қилинган Фармонда белгиланган устувор вазифаларга ҳам алоҳида тўхталиб ўтилди. Ушбу ҳужжатлар доирасида назарда тутилган 40 га яқин мақсадли кўрсаткич ва 62 та банддан иборат кенг қамровли дастур ижросини таъминлаш, шунингдек, амалиётдан келиб чиққан ҳолда норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни такомиллаштириш бўйича таклифларни тизимли тақдим этиш устувор вазифа сифатида белгилаб олингани қайд этилди.

[gallery-27211]

Шунингдек, Фармонга мувофиқ, “Сирдарё” божхона пости 2026–2029 йилларда тўлиқ реконструкция қилиниши, “Малик”  божхона пости эса грант маблағлари ҳисобидан қайта жиҳозланиши режалаштирилаётгани маълум қилинди. Бу орқали чегараларда ҳаракатни жадаллаштириш, расмийлаштириш жараёнларини соддалаштириш ҳамда фуқаролар ва ходимлар учун янада қулай шароитлар яратиш кўзда тутилмоқда.

Матбуот анжумани давомида коррупцияга қарши курашиш масаласига алоҳида эътибор қаратилди. Давлатимиз раҳбарининг коррупцияни давлат тараққиёти ва жамият барқарорлигига жиддий таҳдид сифатида баҳолаган қатъий позицияси божхона органлари фаолиятида устувор ва ўзгармас тамойил сифатида қабул қилингани таъкидланди.

Тадбир сўнгида соҳа вакиллари оммавий ахборот воситалари ходимларини қизиқтирган масалалар юзасидан атрофлича жавоб беришди.  

Ғулом Примов,

Достон Қаландаров (сурат), ЎзА