Президент ҳузуридаги Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги вакилларининг жойларда очиқ мулоқот ва сайёр қабуллари бошланди.
Дастлабки учрашув Фарғона давлат университетида вилоятдаги олий таълим муассасаларининг битирувчи курс талабалари учун ташкил этилди. Талантли ёшларни давлат фуқаролик хизматига жалб қилиш, уларни соҳага қизиқтириш мақсадида ташкил этилган мулоқот аввалида талабаларга соҳадаги ўзгаришлар, "Давлат фуқаролик хизмати тўғрисида”ги қонуннинг мазмун-моҳияти ҳақида маълумот берилди. Давлат фуқаролик хизматида ишлашнинг аҳамияти, меритократия тамойили асосида ишга кириш тартиби бўйича фикр-мулоҳазалар алмашилмоқда.

— Университетни битиряпмиз, ишга жойлашишни ўйлаб юргандик, мулоқот ўз вақтида ташкил этилди ва биз учун самарали бўлди. Давлат фуқаролик хизматчилари вакант лавозимларининг ягона очиқ порталининг имкониятлари ҳақида батафсил маълумотга эга бўлдик. Ишга киришда шаффофлик, адолат, тенглик яратилгани бизни хурсанд қилди, — дейди Фарғона давлат университети 4-босқич талабаси Исломхон Жаҳонгиров. Аҳамиятлиси, бугун талабалар Фарғона давлат университети Ахборот ресурс марказида Давлат хизматининг ягона электрон ахборот-таҳлил тизими — test.argos.uz орқали намунавий тест синовидан ўтишди.

Талабалар билимининг қай даражада эканлигини аниқлаб олиб, соҳалар бўйича илмини янада мустаҳкамлаб боришни мақсад қилишди.
Маълумот учун тест саволлари ахборот технологиялари, иқтисодиёт, маънавият, сиёсий-ҳуқуқий йўналишларни ўз ичига олган. Шунингдек, мулоқотда иштирок этаётган вилоятдаги бошқарма ва ташкилотларнинг Инсон ресурслари бўйича масъул раҳбарлари меҳнат бозорига кириб келиши кутилаётган ёшлар билан суҳбатлашишди.


Фарғона учун ташкил этилган Дастур доирасида Фарғона вилоятидаги давлат фуқаролик хизматига танлов асосида ишга киришдаги очиқлик ва шаффофлик тамойилидаги мавжуд камчиликлар ва уларни келгусида бартараф этиш юзасидан очиқ мулоқот, давлат фуқаролик хизмати соҳасида фаолият юритиб келаётган давлат хизматчиларини ҳуқуқий ва ижтимоий жиҳатдан ҳимоя қилиш мақсадида сайёр қабул, давлат хизматига биринчи маротаба кираётган номзодлар учун “Очиқ эшиклар куни”ни ташкил этиш режалаштирилган.

ЎзА