Термиз шаҳрида Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги томонидан “Шаффоф қурилиш” миллий ахборот тизими имкониятларига бағишланган семинар ўтказилди.
Сурхондарё вилоятидаги соҳа мутахассислари, қурилиш-пудрат ташкилоти вакиллари, лойиҳачилар, экспертлар иштирок этган тадбирда кейинги йилларда мамлакатимиз қурилиш тизимида ўтказиладиган давлат харидларида коррупциявий ҳолатларнинг, ортиқча вақт ва бюрократик тўсиқларнинг олдини олиш, очиқлик ва шаффофликни таъминлашга алоҳида эътибор қаратилаётгани, тизимда замонавий ахборот-коммуникация технологиялари жорий этилиб, соҳада танлов(тендер)лар электрон портал орқали ошкора ўтказилаётгани таъкидланди. 2021 йил бошида ишга туширилган “Шаффоф қурилиш” миллий ахборот тизими ҳақида фикр алмашилди.
Семинарда Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги қурилиш соҳасида тендер, рейтинг ва буюртмачи тизимини методологик таъминлаш бўлими бошлиғи Д. Милиев, “Шаффоф қурилиш” миллий ахборот тизими директори ўринбосари Ш. Ҳамдамов қурилиш-пудрат ташкилотларининг рейтинг кўрсаткичларини аниқлаш мезонлари, мазкур ахборот тизими ва иштирокчиларининг асосий вазифалари, тизимдан фойдаланиш имкониятлари, ахборот тизимининг электрон ҳукумат билан интеграцияси, "Шаффоф қурилиш" миллий ахборот тизими таркибига кирувчи "Лойиҳа-смета ҳужжатларини экспертизадан ўтказиш" ахборот тизимининг ишлаш тартиби каби мавзулар бўйича зарур маълумотларни берди. Онлайн тизим қурилиш ташкилотларига эркин, шаффоф, адолатли ва ҳалол, энг муҳими инсон омили аралашмайдиган танловлар учун муносиб шароит ҳамда қулайлик яратгани қайд этилди. Қатнашчилар қурилиш-пудрат ташкилотларининг рейтинг кўрсаткичларини аниқлаш мезонлари ва соҳада жорий этилаётган бошқа янгиликлар тўғрисида етарли маълумотга эга бўлди.
Очиқ мулоқот шаклида ўтказилган тадбирда қурилиш-пудрат ташкилотлари вакилларининг платформада молиявий кўрсаткичларга боғлиқ таклиф ва мулоҳазалари тингланди. Тадбир иштирокчиларини қизиқтирган саволларга атрофлича жавоб берилди.
Холмўмин Маматрайимов, ЎзА мухбири