Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Шаффоф иқтисодиёт – барқарор тараққиётнинг пойдевори
18:06 / 2026-01-20

Бугун Ўзбекистон тараққиётининг янги босқичи ҳақида сўз борганда, иқтисодий ўсишнинг манбалари, унинг барқарорлиги ва сифати масаласи биринчи ўринга чиқмоқда. Давлатимиз раҳбарининг 2025 йил 26 декабрдаги Олий Мажлис ва Ўзбекистон халқига Мурожаатномасида ана шу масалалар чуқур таҳлил қилиниб, келгуси йилларда мамлакат иқтисодиётини ривожлантиришнинг аниқ йўналишлари белгилаб берилди.

Президентимиз нутқида қайд этилганидек, сўнгги йилларда иқтисодиётимиз катта синовлардан ўтди. Глобал савдо занжирларидаги узилишлар, геосиёсий қарама-қаршиликлар ва молиявий ресурслар нархининг ошишига қарамай, Ўзбекистон иқтисодиёти барқарор ўсиш суръатларини сақлаб қолди. Ялпи ички маҳсулот ҳажмининг илк бор 145 миллиард доллардан ошгани, экспорт ҳажмининг 33 миллиард доллардан зиёд бўлгани, олтин-валюта захиралари 60 миллиард доллардан ошгани ислоҳотлар самарасининг яққол далилидир.

Олдинда янада катта марралар турибди. Бу марраларга эришиш учун эса иқтисодиётга “узоқ муддатли ва арзон ресурслар” зарур.  

Мазкур йўналишда қулай иқтисодий муҳитни яратишда ҳуқуқий соҳада қандай вазифалар турибди?

Бу борада Тошкент давлат юридик университети Тадбиркорлик ва корпоратив ҳуқуқ шўъбаси доценти в.б. Аминжон Қаландаров қуйидагича тушунтириш берди:

– Мурожаатномада алоҳида урғу билан таъкидланган масалалардан бири – капитал бозорини ривожлантириш. Давлат раҳбари ишлаб чиқариш ҳам, истеъмол ҳам барқарор ўсиши учун узоқ муддатли маблағ муҳимлигини қайд этар экан, капитал бозорини иқтисодий ўсишни рағбатлантирадиган муҳим институционал устун сифатида белгилади.

Дарҳақиқат, банк кредитлари иқтисодиёт учун муҳим бўлса-да, йирик инвестицион лойиҳалар, саноатни модернизация қилиш, инфратузилмани ривожлантириш фақат кредитлар ҳисобига амалга оширилмайди. Капитал бозори эса компанияларга облигация ва акциялар чиқариш орқали узоқ муддатли ресурс жалб этиш имконини беради, аҳолининг жамғармаларини реал иқтисодиётга йўналтиради, инвестиция муҳитини янада жонлантиради.

Шу боис Мурожаатномада глобал депозитарийларни миллий фонд бозоримизга олиб кириш зарурлиги алоҳида қайд этилди. Бу қадам инвесторлар ҳуқуқларини ҳимоя қилишни кучайтириш, ҳисоб-китобларнинг шаффофлиги ва ишончлилигини ошириш, энг муҳими, халқаро инвесторлар учун таниш ва ишончли инфратузилмани яратишга хизмат қилади.

Капитал бозори ривожи, аввало, мустаҳкам ҳуқуқий асосга таяниши лозим. Шу мақсадда халқаро молия ташкилотлари билан ҳамкорликда ишлаб чиқилган “Капитал бозори тўғрисида”ги янги қонун лойиҳасини тез фурсатда қабул қилиш вазифаси қўйилди.

Мазкур ҳужжат қимматли қоғозлар бозорида очиқлик ва шаффофликни таъминлаш, инвесторлар манфаатларини ҳимоялаш, бозор манипуляциялари ва ноқонуний амалиётларнинг олдини олиш, корпоратив бошқарув стандартларини кучайтиришга қаратилган бўлади. Бу эса капитал бозорига бўлган ишончни янада ошириб, янги инвесторларни жалб этишга хизмат қилади.

Мурожаатномада бизнес учун муҳим бўлган яна бир масала – валюта хатарларини бошқариш масаласи ҳам ўз аксини топди. Курс тебранишлари таъсирини камайтириш мақсадида маҳаллий компанияларга ички бозорда хорижий валютада облигация чиқаришга рухсат берилиши белгиланди.

Бу қарор экспортёрлар, импортга боғлиқ ишлаб чиқарувчилар ва узоқ муддатли инвестиция лойиҳаларини амалга ошираётган корхоналар учун муҳим молиявий инструмент бўлади. Шу билан бирга, келгуси йилдан бошлаб корхоналаримиз илк бор халқаро бозорларда ҳам акцияларини жойлаштириш имконига эга бўлиши таъкидланди.

Халқаро ИПО – бу нафақат молиявий ресурс жалб қилиш, балки корхоналарнинг бошқарув сифати, молиявий интизоми ва очиқлигини янги босқичга олиб чиқадиган муҳим жараён. Бундай компаниялар бутун иқтисодиётда шаффофлик ва рақобат маданиятини шакллантиришга хизмат қилади.

Давлат раҳбари капитал бозорини ривожлантириш орқали тадбиркорларга қўшимча 1 миллиард доллар жалб қилиш имконияти яратилишини қайд этди. Бу рақам оддий статистик кўрсаткич эмас. Бу – минглаб янги иш ўринлари, замонавий ишлаб чиқариш қувватлари, экспорт имкониятларининг кенгайиши дегани.

Аммо бу имкониятдан тўлиқ фойдаланиш учун бозор иштирокчиларининг масъулияти ҳам ошиши керак. Очиқ молиявий ҳисоботлар, мустақил аудит, манфаатлар тўқнашувининг олдини олиш, корпоратив бошқарув маданиятини юксалтириш — булар капитал бозори муваффақиятининг ажралмас шарти.

Капитал бозори шаффоф иқтисодий муҳитда самарали ишлайди. Шу боис, Мурожаатномада яширин иқтисодиётни қисқартириш масаласига алоҳида эътибор қаратилди. Сўнгги йилларда кузатилмайдиган иқтисодиёт улуши сезиларли камайгани қайд этилди, бироқ бу йўлдаги ишлар изчил давом эттирилиши белгиланди.

Хусусан, 2026 йилдан бошлаб давлат хизматлари ва коммунал тўловлар, ёқилғи, алкоголь ва тамаки маҳсулотлари, автомобиль ва кўчмас мулк савдолари тўлиқ нақдсиз тўлов шаклига ўтказилади. Назорат органлари томонидан ўтказиладиган текширувларда боди-камералардан фойдаланиш мажбурий бўлади. “Соя”дан шаффоф фаолиятга ўтмоқчи бўлган тадбиркорларга эса бухгалтерия ва солиқ ҳисоботлари бўйича бепул ўқитиш йўлга қўйилади.

Бу ёндашув шуни кўрсатадики, давлат фақат назорат ва жазолаш билан чекланмайди, балки тадбиркорликни ҳалол ва очиқ фаолиятга рағбатлантиради.

Президентимиз Мурожаатномасида илгари сурилган ғоялар ягона мантиққа эга: капитал бозори – иқтисодиётга узоқ муддатли ресурс олиб киради, шаффоф иқтисодиёт эса бу ресурсларнинг самарали ва адолатли ишлашини таъминлайди. Ушбу икки йўналиш бир-бирини тўлдириб, барқарор тараққиётнинг мустаҳкам пойдеворини яратади.

Бугунги Ўзбекистон учун капитал бозори ва шаффоф иқтисодиёт шунчаки молиявий механизм эмас, балки ишонч, адолат ва барқарор ривожланишга хизмат қиладиган стратегик танловдир.

Гулноза Бобоева, ЎзА