Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ш.Абдураҳмонов: 2016 йилгача Андижонда бирорта кўп қаватли турар-жой қурилмаган
12:37 / 2020-12-16

Андижон вилояти ҳокими Ш.Абдураҳмонов сессияда аҳоли турмуш шароитини яхшилаш, уни муносиб турар-жой билан таъминлаш бўйича қилинаётган ишларга тўхталди.

Таъкидланишича, вилоятда жорий йил 20 минг нафардан зиёд аҳоли учун мўлжалланган 141 та кўп қаватли уй-жой қурилмоқда. 2016 йилгача Андижонда бирорта кўп қаватли турар-жой биноси қурилмаган.  

Президентимизнинг 2020 йил 21-22 май кунлари Андижон вилоятига ташрифи давомида белгилаб берилган топшириқлардан келиб чиққан ҳолда 2021 йилда “Янги Андижон” лойиҳаси доирасида 500 та кўп қаватли уй-жой қурилиши кўзда тутилмоқда. Шунингдек, давлатимиз раҳбарининг Сирдарё вилоятига ташрифи давомида барча вилоятларда кўп-қаватли монолит уйлар қурилиши бўйича берган топшириғи бўйича 2021 йилда шаҳар ва туманларда 208 та монолит уй-жой қурилиши режалаштирилмоқда.

Бундан ташқари, Асака туманида “Асака Сити” лойиҳаси доирасида 71 та 7-9 қаватли турар-жой, меҳмонхона, 250 ўринли конференция зали, масжид, тиббиёт маркази, 160 ўринли болалар боғчаси, 1 минг 320 ўринли мактаб, истироҳат боғи, автомобиллар сақлаш жойлари, бозор ва бошқа бозор инфратузилма объектлари қурилиши олиб борилмоқда.

Президентимизнинг қарори ва фармонларига асосан 16 та шаҳар ва туман марказлари меъморий қиёфасини замонавийлаштириш ва ободонлаштириш ишлари учун 109,3 миллиард сўм маблағ ажратилди. Ҳозирги кунда “Замонавий кўча” дастури асосида лойиҳа таклифлари ишлаб чиқилмоқда.

Жорий йилда 5 та чегара постида ҳарбий хизматчилар учун 140 хонадонли кўп қаватли уйлар қурилиши режалаштирилган эди. Ҳозирда пудрат ташкилотлари томонидан қиймати 40 миллиард сўм бўлган уй-жойларда қурилиш-монтаж ишлари олиб борилмоқда, ҳозирга қадар қурилиш ташкилотларига 3,5 миллиард сўм маблағлар молиялаштириб берилди.

 

Нурилло НАСРИЕВ, ЎзА