Oʻzbek
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Сейфоллах Гасеми: “Дўстлик” ордени билан тақдирланганимдан фахрланаман (+видео)
18:33 / 2023-09-01

Давлатларимиз ўртасидаги кўп қиррали, манфаатли ҳамкорликни ҳар томонлама ривожлантириш, дипломатик, савдо-иқтисодий, сармоявий, илмий-техникавий ва маданий-гуманитар соҳалардаги алоқани кенгайтириш, айниқса, ишбилармон доира вакиллари иштироки билан жадал тус олди.

Хорижий инвесторлар мамлакатимиз иқтисодиётига инвестиция жалб этиш, самарали инновацион лойиҳалар ва қўшма дастурларни амалга ошириш, республикамиздаги кенг қамровли ислоҳотлар ва демократик ўзгаришларни, Ўзбекистон томонидан илгари сурилаётган глобал ва минтақавий ташаббусларни қўллаб-қувватлашда муҳим аҳамият касб этади.

Шуларни инобатга олган ҳолда, давлатимиз раҳбари мустақилликнинг 32 йиллиги муносабати билан бир гуруҳ чет эллик инвесторларни «Дўстлик» ордени билан мукофотлади. Улар орасида Америка Қўшма Штатларининг «Air Products» компанияси бошқаруви раиси Сейфоллах Гасеми ҳам бор.

Тадбиркор ЎзА мухбирига юксак орденга лойиқ топилганини фахр-ифтихор билан сўзлади. С.Гасеми суҳбатда халқаро миқёсдаги мукофотлар келгуси фаолиятига қай даражада ижобий таъсир кўрсатиши, шунингдек, тадбиркорлик муҳити, хорижий инвесторларга яратиб берилаётган шарт-шароитлар ҳақида фикр билдирди.

– Ўзбекистон Республикаси Президенти фармонига кўра, “Дўстлик” ордени билан тақдирландингиз. Аввало, табриклаймиз, ушбу юксак унвон мамлакатимизда фаолият юритаётган саноқли чет эл компаниялари раҳбарларига топширилади. Дастлабки кечинмалар, таассуротлар билан ўртоқлашсангиз.

– Дунё бўйлаб 23 мингдан зиёд ходимга эга “Air Products” компанияси вакили сифатида Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан “Дўстлик” ордени билан тақдирланганимдан жуда фахрланаман.

Ушбу юксак мукофотнинг тақдим этилиши юртингизда хорижий ишбилармон тадбиркорларга берилаётган катта эътибор рамзи, десак бўлади. Энди биз – чет эллик инвесторлар олдидаги масъулият яна бир карра ошади. Демак, билдирилган ишончни кўпроқ, янада самарали иш кўрсатиб, мамлакат иқтисодиёти ривожи учун тинимсиз ҳаракат қилиш орқали оқлашимиз керак.

– Аслида, сиз учун халқаро миқёсдаги мукофотлар қанчалик муҳим, бу келгуси фаолиятингизга қай даражада ижобий таъсир кўрсатади?

 –  "Дўстлик” ордени каби эътирофлар ҳамкорликда ишлаш, Ўзбекистон Республикаси энергетика тармоғининг улкан салоҳиятини ошириш бўйича умумий мажбуриятни акс эттиради. “Air Products” компанияси раҳбари сифатида айтишим мумкинки, бизнинг асосий мақсадимиз – фуқароларни ҳамкорликда долзарб энергия ва экология муаммоларига ечим топиш учун бирлаштиришдир.

– Умуман, бугунги кунда Ўзбекистонда юз бераётган ўзгаришларни қандай баҳолайсиз? Хусусан, тадбиркорлик муҳити, қолаверса, хорижий инвесторларга яратиб берилаётган шарт-шароитлар ҳақида қандай фикрдасиз?

– Яқинда Ўзбекистон Республикаси ва “Ўзбекнефтгаз” акциядорлик жамияти билан Ўзбекистоннинг Қашқадарё вилоятида табиий газни синтез газига қайта ишлаш заводини 1 миллиард долларга сотиб олиш, эгалик қилиш ва ундан фойдаланиш тўғрисида эълон қилинган инвестиция келишувимиз бизни қувонтирди.

Ўзбекистон ҳар соҳада жадал ривожланаётган давлат. Ҳукумат ислоҳотга интилмоқда, жумладан, бизнес муҳитини яхшилаш борасида сезиларли ютуқларга эришилди. Биз ушбу жараёнларни давлатнинг кучли қўллаб-қувватлаши билан мустаҳкамланган юқори ўсиш муҳити сифатида кўрамиз ва ўз синфидаги энг яхши операцион, таъминот ваколатларимизни очишга тайёрмиз. Зеро, юртингизда маҳаллий ва хорижий тадбиркорларга кўпгина шароитлар яратиб берилган.

– Америка Қўшма Штатларининг «Air Products» компанияси олдида турган мақсадлар, жумладан, Ўзбекистон билан ҳамкорлик, амалга оширилаётган йирик инвестиция лойиҳалари, имзоланган ҳужжатлар ҳақида гапириб берсангиз.

–   Компания мақсадлари ҳақида гапирадиган бўлсам, “Air Products” барқарорликни таъминлаш ва ўзи фаолият юритаётган жамоаларни қўллаб-қувватлашга интилади. Энергия ва атроф-муҳит муаммоларини ҳал қилиш учун инновацион жараёнлардан фойдаланади.

Биз ҳамкорлик, илғор технологиялар ва иловалар бўйича тажриба орқали табиий қўриқхоналарни ривожлантиришга ёрдам берамиз, буни Ўзбекистонда амалга ошириш имконияти мавжуд.

“Uzbekistan GTL” – газдан суюқлик ишлаб чиқарувчи заводнинг мажмуаси таркибида иккита йирик ҳаво ажратиш мосламаси, иккита йирик автотермик реформация қурилмаси ва водород ишлаб чиқариш бўлинмасини сотиб олиш, эгалик қилиш ва улардан фойдаланиш ҳамда кислород, азот, водород ва синтез газ билан таъминлашда “Ўзбекнефтгаз” муаммосиз ишлаши мумкин бўлади.

Шунингдек, республиканинг ўсиб бораётган энергия ишлаб чиқариш ва ижтимоий эҳтиёжларини қондириш имконини берадиган арзон, юқори тоза ёқилғиларни ишлаб чиқариш имкони пайдо бўлади.

– Сизнингча, Ўзбекистонда маҳаллий ва хорижий ишбилармонлар учун яна қандай имкониятлар берилиши керак?

 –  Барқарор, очиқ ва ошкора ишбилармонлик муҳити билан биз Газдан суюқлик ишлаб чиқарувчи завод бўйича қизиқарли келишувимиз, Ўзбекистон ва Марказий Осиё минтақасида келажакдаги имкониятларга эга бўлган узоқ муддатли, барқарор ҳамкорликка асосланишимиз мумкин. Биз мамлакатнинг ўсиш салоҳиятини кўряпмиз ва янада кенгроқ имкониятларни кутяпмиз.

Жавобингиз учун раҳмат!

Маълумот: «Air Products» компанияси дунёдаги етакчи саноат газ ишлаб чиқарувчиларидан бири ҳисобланиб, бозорда 80 йилдан кўпроқ вақт давомида фаолият юритмоқда. Компания, шунингдек, дунёдаги етакчи суюлтирилган табиий газни қайта ишлаш технологияси ва унга тегишли ускуналарни етказиб берувчи ҳисобланади.

2019 йил «Air Products» Марказий Осиёда ўз фаолиятини бошлади. Ташкилотнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси Тошкент шаҳрида Марказий офисини очган.

<iframe width="887" height="499" src="https://www.youtube.com/embed/SCFAZDGAbYY" title="Сейфоллах Гасеми: “Дўстлик” ордени билан тақдирланганимдан фахрланаман" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" allowfullscreen></iframe>

ЎзА мухбири Беҳруз Худойбердиев суҳбатлашди.