Севара халқаро сертификатга эга
Бухоролик 4-синф ўқувчиси корейс тилини билиш даражасини баҳоловчи халқаро сертификатни қўлга киритди. Севара Турсунова Бухоро шаҳридаги 19-ихтисослаштирилган давлат умумтаълим мактабининг 4-синфида таҳсил олади.
Барча фанларни аъло баҳоларда ўзлаштириш билан бир қаторда дарсдан сўнг инглиз ва корейс тилларини чуқур ўзлаштиришга киришган бу тиришқоқ қизалоқ 10 ёшида корейс тилини билиш даражасини белгиловчи TOPIK 1 сертификатини қўлга киритди.

Айни пайтда у инглиз тилини билиш даражасини баҳоловчи IELTS имтиҳонига тайёргарлик кўряпти. Севаранинг тил ўрганишга бўлган иштиёқи оилада акаси Алишер ва опаси София туфайли уйғонган.
–9-синфда ўқиётган опам ҳам халқаро сертификатга эга, – дейди Севара. – Яқинда у киши Кореяда таълим саёҳатида бўлиб қайтди. Акам эса Кореядаги нуфузли олий ўқув юртида таҳсил оляпти. Мен ҳам келажакда акам сингари дастурчи бўлишни мақсад қилганман.

Зариф комилов, ЎзА мухбири.