Сеул Японияга норозилик билдирди
Корея Республикаси ҳукумати Япония ташқи ишлар маҳкамаси раҳбари Ёсимаси Хаясининг Токто оролларини Япония таркибига кириши тўғрисидаги баёнотига қарши Токиога норозилик номаси юборди.
“ТАСС”нинг Жанубий Корея Ташқи ишлар вазирлиги сайтидаги маълумотга асосланган хабарига кўра, кун чиқар юрт ҳукумати япончасига “Такесима” аталувчи Токто оролларига нисбатан “бизники” деган даъвосини бас қилиши лозим.
“Ороллар географик, тарихий жиҳатдан ва халқаро ҳуқуқ меъёрига кўра, бизнинг ҳудудимиз”, деди жанубликлар ташқи ишлар маҳкамаси вакили Чхве Ён Сам. Унинг сўзларига кўра, япон расмийлари тарихни тўғри қабул қилиш икки томонлама муносабат ривожига хизмат қилишини унутмаслиги керак.
Корея ярим ороли шарқидаги 0,188 квадрат-километрли кимсасиз Токто ороли Корея Япония мустамлакасидан мустақил бўлган 1945 йилдан буён икки давлат ўртасидаги баҳсли манзил ҳисобланади. Ҳозир ҳудуд Жанубий Корея назоратида.