Халқ депутатлари Навоий вилояти Кенгашининг “Обод қишлоқ” ва “Обод маҳалла” ва бошқа мақсадли дастурлар доирасида 2021 йилда амалга оширилиши кутилаётган вазифалар муҳокамасига бағишланган навбатдан ташқари ўн тўққизинчи сессияси бўлиб ўтди.
Вилоятда мазкур дастурлар доирасида туман ва шаҳарлардаги 265 та маҳалланинг архитектура қиёфасини янгилаш ва ҳудудларини ободонлаштириш бўйича жами 985,4 миллиард сўм қийматдаги ишлар бажарилиши кўзда тутилган.
Дастур доирасида ҳудудларни замонавий қиёфада қайтадан барпо қилиш ва ободонлаштириш учун 15 та қишлоқ ва 5 та маҳалла танлаб олинган бўлиб, ушбу ҳудудлардан “Темир дафтар”га 30 та оила, “Аёллар дафтари”га 916 нафар аёл ва “Ёшлар дафтари”га 1478 нафар йигит-қиз киритилган. Бундан ташқари, ҳудудларни баҳолаш натижаларига кўра, барча туман ва шаҳарлар бўйича 13 та оғир қишлоқ (маҳалла) аниқланган.
Юқоридагилардан келиб чиқиб, депутатлар томонидан вилоят иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш бош бошқармаси ва тегишли мутасадди раҳбарларга вилоятда “Обод қишлоқ” ва “Обод маҳалла” дастурлари доирасида савдо, хизмат кўрсатиш ва бошқа бозор инфратузилмасини яхшилаш доирасида 13 та савдо мажмуаси, 15 та маиший хизмат кўрсатиш шохобчаси, 4 та кичик турдаги ишлаб чиқариш ва 2 та бошқа объектларни барпо этиш ва шунга асосан янги иш ўринларини ташкил этиш вазифаси юклатилди.
Шунингдек, жорий йилда вилоят бўйича жами 4500 та янги тадбиркорлик субъектини ташкил этиш ва “Ҳар бир оила – тадбиркор” дастури доирасида аҳолига имтиёзли кредитлар ажратиш, ҳудудлардаги 7 та кичик саноат зонаси фаолиятини ривожлантириш доирасида 17,1 километр йўл, 19 километр ичимлик суви ва оқова сув, 45,3 километр табиий газ ва 23,4 километр электр инфратузилмасини яратиш ҳисобига саноат ишлаб чиқариш лойиҳаларини амалга ошириш чоралари белгиланди.
Шунингдек, дастур доирасида ҳудудларда ирригация тармоқлари, ижтимоий соҳа объектлари қуриш ва таъмирлаш ишларини олиб бориш режалаштирилди.
Сессияда белгиланганидек, халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашлари депутатлари ҳудудларда манзилли дастурлар доирасида амалга оширилаётган ишларнинг тизимли ва сифатли қилиб бажарилиши бўйича депутатлик назоратини ўрнатади ҳамда натижалари юзасидан ҳар ойда Кенгашларга ахборот киритиб боради.
Кенгаш раиси таклифига кўра, эндиликда ҳар бир сессияда икки нафар депутатнинг ўз фаолияти бўйича ҳисоботи эшитилади. Шунга асосан, Олий Мажлис Сенати аъзолари, вилоят Кенгаши депутатлари Улуғбек Файзиев ва Жамшид Ходжаевнинг ҳисоботи эшитилди.
Сессияда муҳокама қилинган барча масалалар бўйича тегишли қарорлар қабул қилинди.
Абдували Бўриев, ЎзА