Нукус гарнизонидаги Маънавият ва маърифат марказида Шимоли-ғарбий ҳарбий округ қўшинлари қўмондонлиги раҳбарлигида Сержантлар форуми бўлиб ўтди.
Унда округ бошқарув аппарати, ҳарбий хизматчилар, бош сержант ва бош сержант ёрдамчилари ҳамда йўриқчи-сержантлар иштирок этишди.

Форумда Мудофаа вазирлиги қўшинларида жорий этилган бош сержант ва бош сержант ёрдамчилари фаолияти, кичик бўлинмалардаги сержантларнинг шахсий таркиб билан ишлаш, уларни бошқариш самарадорлиги, ҳарбий жамоаларда ҳарбий интизом, ахлоқий-руҳий ҳолатни яхшилаш ва ҳарбий хизматчиларнинг тайёргарлик даражасини ошириш бўйича фаолиятларини янада такомиллаштириш, бош сержант ва бош сержант ёрдамчилари ҳамда йўриқчи-сержантларнинг хизмат фаолиятини ташкил этишда ўзаро тажриба алмашиш каби масалалар кўтарилди.

Шунингдек, ҳарбий округ штаб сержантлари маъруза қилиб, фаолиятларининг муҳим жиҳатлари ҳақида сўз юритдилар. Ҳарбий округ қўшинларида бўлинмаларнинг жанговар тайёргарлик даражасини ошириш, контракт бўйича ҳарбий хизматга кираётган ёш кадрларнинг ҳарбий соҳа бўйича билим ва кўникмаларни тез эгаллашларига кўмаклашиш, касбий малакасини ошириш, жанговар-хизмат фаолиятида йўл-йўриқ кўрсатиш борасида тажриба алмашишди.

Форум доирасида қўшинларда жанговар тайёргарликни ривожлантириш ислоҳотлари, бош сержант ва бош сержант ёрдамчилари ҳамда йўриқчи-сержантларнинг бўлинмалар тайёргарлигидаги ўрни ва роли, психологик барқарорликни таъминлашда жанговар тренинг ва психологик машқларнинг ўрни, ўқув машғулотларига тайёргарлик кўриш ва ўтказиш асослари тўғрисида маърузалар тингланди. Шунингдек, бўлинмаларда соғлом маънавий-ахлоқий муҳитни таъминлаш, ҳарбий хизматчиларнинг ватанпарварлик тарбиясини ошириш каби мавзулар бўйича фикр-мулоҳазалар бўлди.

Тадбир якунида иштирокчилар учун замон талаблари асосида жанговар тайёргарлик машғулотларини ташкил этиш ва ўтказиш бўйича кўргазмали машғулотлар олиб борилди.
Довуд Абибуллаев, ЎзА мухбири