Мамлакатимизда ер муносабатлари соҳасида жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳуқуқларини ишончли тарзда ҳимоя қилишга қаратилган изчил ислоҳотлар амалга оширилмоқда.
Шу билан бирга, ер участкаларини ижарага олишда ижара муносабатларининг ўзига хос хусусиятларини аниқ белгилаш, ўзганинг ер участкасидан чекланган тарзда фойдаланиш (сервитут) ҳуқуқини амалга ошириш тартиби такомиллаштирилди.
Жамоат эҳтиёжлари учун оммавий сервитут белгилашни ҳуқуқий жиҳатдан тартибга солиш мақсадида 2023 йил 23 октябрда “Ер тўғрисидаги қонунчилик такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун қабул қилинди. Шу асосда Фуқаролик кодекси янги моддалар билан тўлдирилди.
Тошкент давлат юридик университетида “Сервитут институтини такомиллаштириш масалалари — олимлар нигоҳида” мавзусидаги ўтказилган давра суҳбатида шу ҳақда сўз юритилди.
Университет педагог-ходимлари ва иқтидорли талабалар иштирок этган тадбирда жамоат эҳтиёжлари учун оммавий сервитут белгилашни ҳуқуқий жиҳатдан тартибга солиш зарурати юзага келгани боис “Ер тўғрисидаги қонунчилик такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун қабул қилингани қайд этилди.
[gallery-14333]
Мазкур қонун асосида жамоат эҳтиёжлари учун ўзганинг ер участкасидан чекланган тарзда фойдаланиш ҳуқуқи (оммавий сервитут) қандай мақсадларда олиниши белгиланди. Бошқа мақсадларда оммавий сервитут белгилаш тақиқланди.
Амалда ижара муносабатларининг объектга бўлган ҳуқуқ ва мажбуриятларни бошқа шахсга ўтказиш (қайта ижарага бериш) тартиби белгиланмаган эди.
Эндиликда қонун билан ижара муносабатларининг объектлари бўйича ҳуқуқ ва мажбуриятлар ижарага берувчининг розилиги билан ижарага олувчи томонидан бошқа шахсга ўтказилиши (қайта ижарага берилиши) мумкин. Бундан қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ер участкалари мустасно.
Ер участкасини ижарага олиш шартномасини янги муддатга узайтириш зарурати мавжуд эди. Эндиликда янги қонун билан ижарага олиш шартномаси муддати тугаганидан кейин янги муддатга шартномани узайтиришда ижарачи олдинги шартномада кўрсатилган талабларни лозим даражада бажарган бўлса, бошқа шахсларга нисбатан устун ҳуқуққа эга бўлиши Ер кодексига киритилди.
Қонун ижара муносабатлари янада кенгайишига, сервитут белгилаш билан боғлиқ муносабатларни ҳуқуқий жиҳатдан тартибга солишга, ер эгалари, ердан фойдаланувчилар, ер участкалари ижарачилари ва мулкдорларининг ҳуқуқлари ишончли ҳимоя қилинишига хизмат қилади.
Н.Абдураимова, ЎзА