Жиззах вилоятининг Зарбдор туманида аҳоли ҳаётини енгиллаштириш, бандликни таъминлаш, тадбиркорликни рағбатлантириш ва камбағалликни қисқартириш мақсадида яна бир йирик лойиҳа ҳаётга татбиқ этилди. Жиззах–Қўқон магистрал йўли бўйида қад ростлаган замонавий “Servis Point” савдо ва хизмат кўрсатиш маркази фойдаланишга топширилди.
Ушбу марказнинг барпо этилиши — мамлакатдаги иқтисодий ислоҳотларнинг, халқ фаровонлигига хизмат қиладиган аниқ ва амалий чора-тадбирларнинг яна бир ёрқин самарасидир. Лойиҳа Вазирлар Маҳкамасининг ҳудудларни ривожлантиришга қаратилган қарори асосида амалга оширилиб, “Зарбдор Инвест Ҳамкор XXI” МЧЖ томонидан татбиқ этилди. Банк-молия ташкилотлари — Агробанк, Халқбанк ва Микрокредитбанк ҳамда “Агрофинанслизинг” АЖ ҳамкорлигида ҳаётга жорий этилган мазкур марказнинг умумий қиймати 29,2 миллиард сўмни ташкил этади.
[gallery-25005]
Қурилиш ишлари 2024 йил декабрида бошланиб, 2025 йил апрелига қадар тўлиқ якунланди. Марказ 1,32 гектар ер майдонида жойлашган бўлиб, 3437 квадрат метрни ташкил этувчи ҳудудда жами 43 та хизмат кўрсатиш ва савдо нуқталари фаолият юритади. Улар орасида 12 ўринли хостел, автомашиналарга хизмат кўрсатиш шохобчалари, ёнилғи ва электрозарядлаш станциялари, умумий овқатланиш жойлари, мини стадион, савдо дўконлари, кир ювиш маркази ва санитар инфратузилмалар мавжуд.
Бу лойиҳа фақатгина инфратузилмани эмас, балки маҳаллий иқтисодиётни ривожлантиришда ҳам муҳим аҳамиятга эга. Жиззах–Қўқон магистрал йўлидан ҳар куни 7 мингдан зиёд автотранспорт воситалари ҳаракатланиши ва ушбу ҳудудда 12 минг нафар аҳоли истиқомат қилиши инобатга олинганда, “Servis Point” аҳоли ва транзит ҳайдовчилар учун қулай хизматларнинг тўлиқ мажмуасини тақдим этади.
Марказ фаолияти орқали 150 нафар фуқаронинг доимий иш жойи билан таъминланиши кутилмоқда. Бу эса нафақат ишсизликни камайтиради, балки оилаларнинг барқарор даромад манбаига эга бўлишига замин яратади. Шу билан бирга, марказнинг солиқ тушумларига қўшадиган ҳиссаси ҳам катта — йиллик 1,2 миллиард сўм миқдоридаги тушум туман бюджетига қўшимча ресурс сифатида ижтимоий лойиҳаларга йўналтирилиши мумкин.
Очилиш маросимида Жиззах вилояти ҳокимининг биринчи ўринбосари Зафар Азимов, Зарбдор тумани ҳокими Бекзод Ташпўлатов, жамоатчилик вакиллари ва маҳаллий фуқаролар иштирок этди. Меҳмонларга марказ имкониятлари таништирилди.
“Servis Point” — бу шунчаки хизмат маркази эмас. Бу — иқтисодий ўсиш, логистика салоҳиятини кенгайтириш, аҳоли даромадларини ошириш ва кенг жамоатчиликка қулайлик яратишга қаратилган, барқарор ривожланиш сари ташланган қадамдир. Энг муҳими, бу каби лойиҳалар орқали Президентимиз таъкидлаганидек, аҳоли фаровонлиги таъминланади, бандлик ошади, камбағаллик камаяди.
А.Қаюмов, Ж.Ёрбеков (сурат), ЎзА мухбири