Русский
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Сертификатлар топширилди
17:57 / 2025-12-11

Сирдарё вилоятининг Ширин шаҳридаги Ширин энергетика техникумида “Al Jabr” лойиҳаси доирасида таҳсил олган 46 нафар ўқувчига битирув сертификатлари топширилди. Улар “Қайта тикланувчи энергия манбаларига хизмат кўрсатиш” касби бўйича тайёргарликдан ўтгани тўғрисидаги, халқаро стандартларга мувофиқ сертификатга эга бўлдилар. Ушбу лойиҳа мамлакатимизда яшил энергетика соҳаси учун рақобатбардош, амалий билим ва кўникмаларга эга мутахассислар тайёрлашга қаратилгани билан аҳамиятлидир.

Тадбирнинг амалий қисмида битирувчилар электр монтажи, қуёш панелларини ўрнатиш ва хавфсизлик қоидалари бўйича танловда иштирок этишиб, ўз касбий тайёргарликларини намойиш этдилар. Иш берувчилар томонидан уларнинг амалий кўникмалари юқори баҳоланди.

Тадбирда Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги Касбий таълим департаменти бошлиғи Шоҳназар Шарофиддинов, Ўзбекистон Республикаси Энергетика вазирлиги Кадрлар салоҳиятини ривожлантириш бошқармаси бошлиғи Зиёдулла Файзиев, шунингдек, халқаро ҳамкор ташкилотлар вакиллари — Acwa Power, EWA ва DataVolt компаниялари раҳбарлари иштирок этишди.

Бундан ташқари, тадбирга Ширин шаҳар ҳокимлиги, Сирдарё ИЭС филиали, Фарҳод ГЭС УК, “Acwa Power Sirdaryo” МЧЖ, “Ҳудудий электр тармоқлари” АЖ Сирдарё филиали, Ширин шаҳар электр таъминоти ва “Газ таъминоти” корхоналари ҳамда бошқа иш берувчи ташкилотлар вакиллари таклиф этилди.

Тадбир жўшқин ва илҳомлантирувчи руҳда ўтди. Битирувчиларга халқаро сертификатлар ва эсдалик совғалари топширилди.  

Ғулом Примов, ЎзА мухбири