Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Серқирра ва сермаҳсул олим
15:10 / 2024-03-04

Султонмурод Олим шунчалик кўп ва ранг-баранг мавзуларда ижод қилганки, бу одамда мавжуд истеъдод қирраларини санагандан йўғини санаш ‒ осонроқ!

Устоз ‒ таржимашунослик, адабиётшунослик, навоийшунослик, тасаввуфшунослик, тарих, жамиятшунослик, элшунослик (этнография), тилшунослик, ҳуқуқшунослик, умуман, маънавият ва маърифат, миллий ғоя ва  мафкура бўйича кўплаб китоб,  мақола, эшиттириш ва кўрсатувлар муаллифи.

Бўлажак кенг қамровли олим ўтган аср 60 ‒ 70-йилларида журналист сифатида ўз истеъдодини намоён этган эди.

Отаси илм-маърифатни қадрлаган фозил инсон, онаси ўзбек тили ва адабиёти ўқитувчиси бўлгани учунми, унда адабиётга ҳавас, сўзга меҳр жуда эрта уйғониб, ҳали ўқувчилик йилларидаёқ туман, вилоят ва республика газеталарида ўзининг хабар ва мақолалари билан иштирок эта бошлаган. Ҳатто, 8-синфни тугатиб, ёзги таътилда туман газетасида маош олиб ишлаган.

1971 йилда Вобкент туманидаги 3-умумий ўрта таълим мактабини олтин медаль билан битирганида жамоатчи мухбир сифатида 6 та газетада 187 та хабар ва мақола эълон қилиб улгурган эди. Натижада у қалами чархланган журналист сифатида ТошДУ(ҳозирги ЎзМУ)нинг Журналистика факультетига имтиёзли асосда ўқишга кириб, 1976 йили уни имтиёзли диплом билан тугатди.

70-йиллар иккинчи ярмидан таржимашунос сифатида шаклланди. Чунки ўзбек таржимашунослик мактабининг асосчиси Ғайбулла Саломов ва бу соҳанинг ёрқин намояндаси Нажмиддин Комиловлар олий таълим муассасасида таҳсил олиш жараёнида ҳақиқат учун курашадиган ҳозиржавоб журналист бўлиш орзусида келган йигитнинг қалбида таржимашунос бўлиш иштиёқини уйғотишди. 

Шу тариқа унинг меҳнат фаолияти Ўзбекистон Фанлар академиясининг ҳозирги Ўзбек тили, адабиёти ва фольклори институти билан боғланди  – 1976 йилдан 1994 йилгача мазкур илм даргоҳида илмий тадқиқот олиб бориб, етук таржимашунос сифатида илмий-адабий жамоатчиликка танилди.

Лекин у таржимашунослик билан чекланиб қолмай, мумтоз ва замонавий адабиёт муаммолари, миллий сўз санъатимизнинг забардаст намояндалари ижоди бўйича ҳам салмоқли тадқиқотлар яратди. Бу билан у қамрови кенг тадқиқотчи бўлиб, етук таржимашуносгина эмас, нуктадон адабиётшунос ҳам эканини амалда исботлади.

“Фарҳод ва Ширин” достонининг русча, тожикча ва озарбайжонча таржималарини аслият матнига қиёсан ўрганиб, номзодлик диссертациясини муваффақиятли ҳимоя қилган (1985), ўтган аср 80-йилларининг иккинчи ярмида яратишга киришилган “Навоий қомуси” учун шоир таржимонлари ҳақида 152 та мақола тайёрлаган бўлса-да, айнан 1991 йили – улуғ шоир таваллудининг 550 йиллиги муносабати билан бир йил давомида 40 дан зиёд мақола ёзиб, оммавий ахборот воситаларини “портлатиб”, чин маънодаги навоийшуносга айланди.

Аслида, 1988 йилнинг 12 февралида “Ўзбекистон адабиёти ва санъати” ҳафтаномасида Алишер Навоий “Хамса”сининг қисқартирилган нашрини танқид қилиб чиққан “Навоийни қисқартириб бўладими?” мақоласиёқ адабий жараёнда шов-шувга сабаб бўлиб, унинг навоийшунос сифатидаги илк муваффақиятли қадамларидан бири ҳисобланади. 

Устоз тасаввуф таълимоти ва адабиётининг ҳам билимдон тадқиқотчиларидан бўлиб, тасаввуф фалсафаси ва адабиёти, яссавия, кубравия ва нақшбандия тариқатлари, Абдулқодир Жейлоний ‒ Ғавс ул-Аъзам, Абдухолиқ Ғиждувоний, Хожа Ориф Моҳитобон, Хожа Маҳмуд Анжирфағнавий, Хожа Али Ромитаний, Муҳаммад Бобо Самосий, Амир Кулол, Баҳоуддин Нақшбанд, Хожа Исмат Бухорий каби йирик тариқат пирлари, Фаридиддин Аттор, Жалолиддин Румий, Камол Хўжандий, Алишер Навоий, Заҳириддин Муҳаммад Бобур, Муҳаммад Фузулий, Мирзо Абдулқодир Бедил, Сўфи Оллоёр  каби мутасаввиф шоирлар ҳақидаги салмоқли ва теран илмий тадқиқотлари бунинг ёрқин далилидир. Бу ўринда  “Ишқ, ошиқ ва маъшуқ” (1992) рисоласи, “Нақшбанд ва Навоий” (1996, 2022) монографияси, “Уч буюк тариқат”, “Баҳоуддин Нақшбанд ҳамда нақшбандия тариқатининг ислом оламидаги ўрни, мавқеи ва аҳамияти”, “Тасаввуф ва адабиёт”,  “Тасаввуф таълимоти ва комил инсон тарбияси”, “Лисон ут-тайр: ҳақиқат ва мажоз синтези”, “Лисон ут-тайр: “Меърожнома”, “Навоий ва Аттор” каби ҳар бири бир рисола даражасидаги салмоқли тадқиқотларини қайд этиб ўтиш мумкин.

Султонмурод Олим нуктадон адабиётшуносгина эмас, нозиктаъб тилшунос ҳам – она забонимиз тақдири, унинг муаммоларига ҳам бафарқ эмаслиги “Тил ва адабиёт сиёсати” рисоласи (2016), “Она тилимиз муаммолари”, “Тил, сўз ва луғат”, “Ўзбек тилида хорижий сўзлар”, “Тил, тараққиёт ва маънавият”, “Хорижий сўзлар қўллашдаги айрим муаммолар”, “Туркий сўзлар жилоси”, “Туманларимиз номини тўғри ёзайлик”, “Қонун ва тил”, “Тилнинг “дил”и”, “Биз нега лотин ёзувига ўтяпмиз?”, “Сўз одамни, одам ҳаётни ўзгартиради” каби тилшуносликка оид қатор изланишларида, тил тарихи, сўзлар этимологияси, хорижий сўзлар имлоси билан боғлиқ чиқишларида яққол кўзга ташланади. У киши тилни ҳам нозик ҳис қилади ва чуқур тушунади. Сўзнинг услубий бўёқлари ва маъно товланишлари бўйича нозик кузатишлар қилади. 

Султонмурод Олимнинг қизиқиш доираси кенг ва тадқиқот йўналиши ранг-баранг бўлиб, жумладан, тарихий мавзуларда ҳам қатор бақувват мақолалар ёзган. Уларда Ўзбекистон тарихининг муаммоли масалалари, у ёки бу ўзбек уруғининг этимологияси, тарихий шахсларнинг чигал тақдири билан боғлиқ муаммоларга ечим ахтаради. “Ватан ва тарих дардлари”, “Тарих – халқ маънавиятининг асоси”, “Навоий ва туркий қавмлар”, “Чиғатой лафзи ила рақам урдум...”, “Жонли тарих”, “Шажара”, “Миллатим – ғурурим, миллатим – қайғу-дардим”, “Музейлар – тарихнинг жонли кўзгуси”, “Бухоро – нега шариф?” сингари кенг ўқувчилар оммаси эътиборини тортган мақолалари шулар жумласидандир. Воқеан, у ўзи туғилиб ўсганмакон  ҳақидаги  “Вобкент тумани” китоби(2002)нинг ҳам муаллифларидан бири. Профессор Рамазон Бобокалонов билан ҳамкорликда “Вобкент: буюк ипак йўли чорраҳаси” (2022) китобини яратган.

Халқимизнинг умрбоқий анъана ва эзгу қадриятлари, ибратли урф-одат ва ҳикматли расм-русумлари ҳам миллатнинг бир фидоий ва жонкуяр фарзанди сифатида серқирра олимнинг синчков назаридан четда қолмайди. “Дўппи” мақоласи ва телефильми, “Бешик”, “Ҳижоб” рисолалари, “Тўй маънавияти”, “Тўй-маросимлар – қадриятларимиз кўзгуси”, “Тўй-ҳашам, оилавий тантана, маърака ва маросимларимиз меъёрида бўлсин”, “Аллада ҳикмат бор”, “Хотира ва қадр моҳияти” каби мақолаларида у билимдон этнограф сифатида намоён бўлади. Наврўз ҳақидаги изланишларининг ўзини бир ерга жамласа, салмоқли бир китоб бўлади.

Республика Маънавият ва маърифат маркази раҳбари ўринбосари бўлиб ишлаган йиллари(2000 ‒ 20011)даги қизғин фаолияти давомида замон билан ҳамнафас зиёли сифатида оммавий ахборот воситаларида кўплаб чиқишлар қилиб, дунёқараши кенг, тафаккури теран ва қалами ўткир оташин қаламкаш ўлароқ ўзбек публицистикаси ривожига ҳам ўзининг муносиб ҳиссасини қўшди. Мустақилликнинг аҳамияти, миллий мафкуранинг моҳияти ва вазифалари, маънавиятнинг мазмуни ва қудрати ҳақидаги кўплаб мақолалари билан ўзбек публицистикасига янги нафас олиб кирди, уни бир поғона юксакка кўтарди.

Таъбир жоиз бўлса, бу ёрқин истеъдод соҳиби миллий публицистикамизга илмийлик бахш этиб, уни теранлаштирди. Бошқача айтганда, бадиий публицистикани илмийлик билан тўйинтириб, илмий-оммабоп мақола даражасига кўтарди. 

Мустақил Ўзбекистон сиёсатининг асосий йўналишлари, мағзию моҳиятини кенг жамоатчиликка тушунтириб беришга йўналтирилган мақолалари билан, аслида, устоз донишманд сиёсатшунос сифатида ҳам намоён бўлади. Воқеан, у киши қалами ва нутқи билан мустақил мамлакатимиз сиёсати такомили йўлида ҳам катта хизмат қилди.

Шу ўринда эътироф этиш керакки, Султонмурод Олим Ўзбекистондаги саноқли уста нотиқлардан ҳам бири ҳисобланади. У кишининг турли тадбирлардаги чиқишлари ҳамиша қизиқиб эшитилади ва қарсаклар билан бўлиниб туради.

Маълумки, нутқ аниқ ва тиниқ, содда ва тушунарли, қизиқарли ва жозибали, ишонарли ва таъсирчан... бўлиши керак. Чунки нотиқлик санъатгина эмас, илм ҳам. Нотиқ олдига қўйиладиган бу талабларнинг барчасини устоз нутқида кўриш мумкин.

У ўзини моҳир сценарийнавис сифатида ҳам кўрсатиб, “Дўппи” (1999), “Давлатимиз рамзлари” телефильмлари (2005), “Қуш тили”  спектакли (2006, Авлиёқули  Хожақули билан ҳамкорликда), “Баҳоуддин Нақшбанд”  ҳужжатли фильми (2018), “Кўнгил ови” мусиқали драмаси (2014), “Бузрук” мақомининг бузрук мақоми (Ал-Форобий ҳаётидан лавҳалар)” (2023) мақом спектакли сценарийлари, “Хамса” операси либреттоси(2020)ни ёзган. 

Ўзбекистон Конституцияси, фуқароларнинг ҳуқуқ ва бурчлари ҳақида баҳс юритувчи қатор мақолалар муаллифи сифатида у киши маълум маънода ҳуқуқшунос мақомида ҳам кўзга ташланади. 

Маълумки, халқнинг сиёсий ва ҳуқуқий онгини ўстириш  –  энг оғриқли масала. Устознинг кўплаб публицистик мақолалари айни шу масала ечимига сафарбар этилган.  У киши мустақил Ўзбекистон давлатининг сиёсий, ижтимоий, ҳуқуқий, маънавий асосларини халққа ҳижжалаб тушунтириб берувчи кўплаб публицистик ва таҳлилий мақолалар ёзди. Жумладан, “Бурч” рисоласи (2012), “Ҳуқуқ ва бурч – инсонийликнинг икки мезони”, “Қонун, мафкура ва маънавият”, “Халқ, ғоя ва мақсад бирлиги сари”,  “Миллий ғоя – менинг ғоям”, “Қонун, саводхонлик ва ҳуқуқий онг”, “Фуқаронинг сиёсий ҳуқуқлари”, “Ҳуқуқ, эркинлик ва бурчларимиз кафолати”, “Сиёсий фаоллик – демократиянинг асосий мезони”, “Адолатли сайлов – демократия мезони”, “Ислоҳотлар ‒ инсон, унинг фаровонлиги учун” каби бир неча ўнлаб мақолаларининг халқнинг сиёсий онгини ўстириш, маънавий қарашларини кенгайтириш, ҳақ-ҳуқуқини танитишдаги хизмати ‒ катта. Яна  “Демократия – фуқаролик жамияти” (2002) рисоласи муаллифи, “Судья маънавияти, одоби ва масъулияти” (2021) китобининг тузувчиларидан бири ҳамдир.

Ўзбекистон Республикаси Давлат рамзларини ҳам биринчи бўлиб у халққа кенг тушунтириб ва шарҳлаб берди. Шу тариқа  Давлат байроғи, Давлат герби, Давлат мадҳиясининг сиёсий аҳамиятини кўрсатди. “Байроқ, бурч ва бурж” (1995), “Давлатимиз рамзлари” (Шамсиддин Жумаев билан ҳаммуаллифликда, 2003), “Мадҳия” (2004), “Давлат рамзлари” (2013) рисолалари, “Туғ ва туғро”,  “Мадҳиямиз – фахримиз”, “Байроғимиз – муқаддас” мақолалари шулар жумласидандир.

У киши санъатнинг бошқа турлари, жумладан, мусиқа, меъморчиликка оид мақолалар ҳам ёзган. “Мусиқий санъат ва миллийлик”, “Оҳанглар оғушида”,  “Қўлда созинг соз бўлса...”,  “Дуторни сайратган созанда”, “Самарқанд меъмори” мақолалари ҳақида шундай дейиш мумкин..

Фарзанд тарбияси ва инсон камолоти масалалари, инсоний фазилат ва иллатлар тадқиқи, тарғиби ва танқиди ҳам устоз ижодида асосий ўрин тутади. “Навоий – ёшларга” (2008), “Оила ва жамият ёхуд микрожамият ва макрооила” (2017) рисолалари, “Комиллик йўли”, “Абдулла Авлонийнинг “Туркий “Гулистон” ёхуд ахлоқ” асарида маънавий-ахлоқий тарбия талқини”, “Фарзандлари соғлом юрт қудратли бўлур...”, “Ҳаё инсон зийнатидир” каби қатор мақолаларида бу борадаги теран илмий ва ҳаётий фикру мулоҳазаларини илгари суради.

Албатта, булар ҳаммаси эмас  – раҳбар психологияси ва маънавиятидан тортиб, табиатни асраш ва сувдан тежамли фойдаланиш муаммоларигача, деҳқончилик ва ҳунармандчилик сир-синоатларидан  то  ҳалол меҳнат қилиб, тўғри яшаш таомилларигача, шаҳар ободончилигидан йўлакларни тоза тутишгача, хонадон саришталигидан рўзғорни эплаб юритишгача, шаҳарда жонзотларни қандай сақлашдан маиший хизматлар ҳақини вақтида тўлашгача – жамият ҳаёти ва халқ турмуши билан боғлиқ энг арзимас нарсалар ҳам у кишининг синчков назаридан қочиб қутулмайди.

Маълум бўладики, Султонмурод Олимнинг ижод ва фаолият доираси ниҳоятда кенг ва ранг-баранг бўлиб, устоз шуғулланган соҳа ва йўналишларнинг ҳар бири алоҳида-алоҳида тадқиқотлар олиб боришни тақозо этади.

Республика газета-журналлари, турли тўпламлардаги илмий, илмий-оммабоп ва публицистик мақолалари, Ўзбекистон радиоси ва телевидениеси, кўплаб тадбир ва анжуманлардаги долзарб мавзулардаги мазмундор чиқишлари, Тошкент ислом университети (ҳозирги халқаро академияси), Тошкентдаги Сингапур менежментни ривожлантириш институти, Тошкент вилояти педагог кадрларни қайта тайёрлаш ва малака ошириш институти, Адлия вазирлиги ҳузуридаги Юристлар малакасини ошириш маркази, Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Истеъдод” жамғармаси, Низомий номидаги Тошкент педагогика университети, Тошкент амалий фанлари университетидаги муаллимлик фаолияти, ташкилот ва муассасалардаги маърифат ва маънавиятга бағишланган маърузалари Султонмурод Олимнинг илм тадқиқини унинг тарғиби билан бирга олиб бораётган  − назария билан амалиётни ўзаро омухта қилган олимлардан эканининг ёрқин далилидир. Бугина эмас. У умумтаълим мактабларида “Ўзбек адабиёти” бўйича ўқув дастури (5 – 11-синфлар, 1991, 2006), “Ўзбек адабиёти” мажмуаси (10-синф, 1993, 1995, 1997),  “Адабиёт” дарслик-мажмуаси (8-синф, 2006, 2010, 2014, 2019), “Ўқитувчилар учун методик қўлланма” (8-синф, 2006), “Одобнома” (4-синф, 2009) дарслигини  тузишда иштирок этган. Шунингдек, у бошқа қатор ўқув дастурлари ва  ўқув-услубий қўлланмалар муаллифи ҳамдир. 

1967 йилдан буён долзарб мавзулардаги мақолалари, тақризлари, турли материаллари эълон қилинади. Матбуотда 3 мингдан ортиқ илмий, илмий-оммабоп, публицистик мақолалари, мафкуравий ҳангома, шеър ва бадиий таржимаси чоп этилган, радио ва телевидениеда кўп чиқишлар қилган, мамлакатимизнинг 80 фоиздан ортиқ туман ва шаҳарларида ўтказилган маънавий-маърифий тадбирларда долзарб ижтимоий-сиёсий ва маънавий-маърифий мавзулардаги таъсирчан маърузалари билан иштирок этган.

Ўзи бир ғазалида:

Мудом сўз изла, гар билсанг, сўз аввал келди, охир ҳам,

Тафаккур денгизи узра дуру гавҳар бўлар шу сўз,  –

 деб ёзганидек, устознинг тақдирини сўз белгилади, у киши нимага эришган бўлса, сўз шарофати билан эришди, эл-юртда сўзи орқали эътибор топиб, машҳур бўлди  ва сўз ўзининг бу содиқ муҳиби номини абадиятга    нақшлаши  шубҳасиз.

 

Эргаш Очил,

филология фанлари номзоди, “Меҳнат шуҳрати” ордени соҳиби.