French
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Серқирра ижодкорнинг янги китоблари
18:26 / 2024-01-25

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасида филология фанлари доктори, профессор, уюшма аъзоси Ҳамидулла Акбаровнинг “Замонларни илғайман юритганда қалам”, “Чопқир кунлар, нашъали лаҳзалар”, “Золотое сечение жизнидеятелности” номли китоблари тақдимоти бўлиб ўтди.

Анжуманда уюшма раисининг биринчи ўринбосари, Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган журналист Салим Ашур, профессор Дилбар Ғуломова, Ўзбекистон композиторлари ва бастакорлари уюшмаси раиси Рустам Абдуллаев бугун ижодкор зиёлилар ҳар қачонгидан ҳам фаол бўлишлари зарурлигини таъкидлади. 

– Ҳамидулла Акбаров ҳар бир соҳада кечаётган жараёнларга доим ўз фикрлари, муносабатларини билдирадиган ижодкордир, – деди Салим Ашур. – Матбуотда жуда фаолдир. Ижодга фидойилик, садоқат билан ёндашадилар. 

– Ҳамидулла Акбаров миллий маданиятимиз ва санъатимизда бетакрор ўрин тутган катта сулола вакилидир, – деди Рустам Абдуллаев. – Уларнинг миллий кинематография, журналистика, адабиётга оид илмий мақолалари ёшлар тарбиясида ғоят катта аҳамият касб этади. 

– Кинони томошабин кўради, лекин унинг ортидаги заҳматни ҳамма ҳам англамайди, – деди Ўзбекистон журналистика ва оммавий коммуникациялар университети проректори, профессор Нозима Муратова. – Айнан Ҳамидулла Акбаров китоблари, асарлари орқали томошабин кино санъатининг ижодий лабораторияси билан батафсил танишишга муваффақ бўлади. Санъат журналистикаси йўналишида талабаларга кино санъати, кино публицистикасини тушунтиришда устоз Ҳамидулла Акбаровнинг китоблари, илмий материалларидан кенг фойдаланамиз. 

Тадбир давомида Ҳамидулла Акбаров ҳаёти, фаолиятига оид ҳужжатли фильм намойиш этилди. 

Юқорида номи келтирилган китобларга Луқмон Бўрихон тақриз ёзган. Уларда кино санъатидаги воқеликлар, фильмни тасвирга олиш жараёнлари, ижодий фаолиятдаги хотиралар ўрин олган. 

Тадбирда таъкидланганидек, Ҳамидулла Акбаров 100 дан ортиқ илмий мақолалар муаллифидир. 

Шу билан бирга Ҳамидулла Акбаров 2012 йилда “Кино ва телевидение: креатив таълим жараёнлари”, “Сержило аудиовизуал коммуникация”, “Барҳаёт мерос бадиий коммуникация таркибида” каби кўплаб ўқув қўлланмаларни яратган. Айни пайтда унинг фаолиятида жадидлар санъати, тараққийпарвар боболаримизнинг фаолияти алоҳида аҳамият касб этади. 

Ҳамидулла Акбаров илмий-педагогик фаолияти билан бирга 20 дан ортиқ ҳужжатли фильмлар муаллифидир. “Наби Ғаниев”, “Кинонинг 100 йиллиги”, “Ёр-ёр шайдоси”, “Матлубанинг бахти”, “Муқаддима”, “Қафасдаги қалдирғоч”, “Меҳробдан зиё”, “Тошкент Халқаро кинофестивали” , “Қисмат”, “Афсонанинг давоми”, “Қўллар”, “Шарқнинг тирик зарраси”, “Чақмоқ” каби ҳужжатли фильмларнинг сценарий муаллифидир. Ҳамидулла Акбаров Ўзбекистон телевидениесида ҳам самарали фаолият кўрсатиб, “Кино, кино, кино”, “Эртага премьера”, “Кино оламида”, “Экран зийнати ва қиймати”, “Юрган дарё” каби муаллифлик кўрсатувларининг ижодкоридир. 

– Ижодим ҳақида батафсил, пухта тайёргарлик асосида фикр билдирганингиздан жуда мамнунман, – деди Ҳамидулла Акбаров. – Мен кўпроқ фарзандларим, невараларим меҳридан илҳом олиб ижод қиламан. Лекин шу билан бирга армоним борки, ўз даврида Мирзакалон Исмоилий, Собир Абдулла, Чингиз Айтматов, Зулфияхоним, Музайяна Алавия каби инсонлар билан ҳамсуҳбат бўлиб, улар фаолиятини ёрита олмадим... Ёшлар бугун ижод қилсалар, шу жиҳатларни ҳам инобатга олишларини истардим. 

Тақдимот тадбири самимий руҳда ўтди. 

Назокат Усмонова, ЎзА