Сўз – экспертларга
Куни кеча Олмаота шаҳрида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ва Қозоғистон Республикаси Президенти Қосим-Жомарт Тоқаев норасмий учрашув ўтказгани тўғрисида хабар берилганди.
Мулоқот чоғида икки мамлакат ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажми йил бошидан буён 14 фоизга ошгани, умумий қиймати 4 миллиард доллардан зиёд инвестиция лойиҳалари портфели шакллантирилгани алоҳида қайд этилди.
Президентлар саноат кооперацияси бўйича узоқ муддатли дастурни шакллантириш, минтақавий аҳамиятга эга инфратузилмавий лойиҳаларни жадаллаштириш юзасидан аниқ топшириқлар берган.
Қозоғистон Республикаси Бош вазир ўринбосари – миллий иқтисодиёт вазири Серик ЖУМАНГАРИН иқтисодиёт ва инвестиция йўналишидаги ҳамкорликнинг жорий ҳолати, жумладан, етакчи корхоналарнинг кооперация лойиҳалари хусусида фикр билдирди:
– Қозоғистон ва Ўзбекистон ўртасидаги муносабат ривожланишида асосий омил – бу давлат раҳбарлари ўртасидаги дўстона муносабатлардир. Бу – доимий учрашувлар натижаси. Ўзбекистон Президентининг мамлакатимизга амалий ташрифи доирасида ҳамкасбим – Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари билан Олмаота шаҳрида ишчи учрашув ўтказилди.
Ҳозирги кунда биз амалга ошираётган лойиҳаларнинг умумий қиймати 7 миллиард доллардан ошади. Шундан деярли 4,5 миллиард доллари инвестиция лойиҳалари ҳисобланади. Икки томонлама лойиҳаларимиз жадал ривожланмоқда. Жумладан, Қозоғистон инвестициялари Ўзбекистонда 100 миллион доллар атрофида экани ҳамкорлигимизнинг яққол намунасидир.
Энг аввало, инвестиция қилинаётган қишлоқ хўжалиги соҳасидаги лойиҳалар хусусида гапирмоқчиман. Масалан, Ўзбекистоннинг “Магнат” компанияси катта – беш минг кишини иш билан таъминлайдиган комбинат қурмоқда. “Global Textile” компанияси Туркистон вилоятига кирди, у ерда пахтани қайта ишлаш, тўқимачилик ва ип ишлаб чиқариш бўйича фабрика қуради.
Шундай йирик лойиҳалар сифатида базальт толаси ишлаб чиқариш бўйича катта корхона қурилганини ҳам алоҳида қайд этиш керак. Шунингдек, “Поп – Қўқон – Андижон” темир йўл йўналишида сигнализация тизими ўрнатилмоқда. Бу ишни Қозоғистон компанияси амалга оширмоқда. “ҚазақГаз” ва “Ўзбекнефтгаз” ўртасида қўшма геологик-қидирув ишлари олиб борилмоқда. Бундай лойиҳаларимиз эса жуда кўп.
Мамлакатларимиз ўртасидаги савдо айланмаси ўсиши учун, аввало, саноат кооперациясини ривожлантириш зарур. Бу ҳақда муҳтарам Шавкат Миромонович Мирзиёев ҳам ўз нутқида таъкидлади. 2030 йилгача савдо айланмасини 10 миллиард долларга етказиш бўйича тегишли топшириқлар берилди. Буни амалга ошириш учун нима қилиш керак? Энг аввало – кооперация керак. Янги турдаги маҳсулотларни биргаликда излаб топиш ва уларни экспортга йўналтириш лозим.
Бизда “UzKazTrade” номли қўшма савдо компанияси мавжуд. Уни қўшимча капитал билан таъминлашга келишиб олдик, энди ташкилот халқаро бозорлардан маблағ жалб қилиш имкониятига эга бўлади. Олдинда бизни дон ва гуручни чуқур қайта ишлаш, кимё саноатига оид заводлар қуриш каби йирик лойиҳалар кутмоқда.
Умуман олганда, бугунги кунда ўзаро муносабатлар жуда юқори суръатларда ривожланмоқда. Ишончим комилки, яқин йилларда биз бу борада янада катта натижаларга эришамиз. Ўзбекистонлик ҳамкасбларимиз ютуқларидан ниҳоятда мамнунмиз.
Бугунги кунда Марказий Осиёни Ўзбекистоннинг фаол ривожланишисиз тасаввур қилиб бўлмайди. Қозоғистоннинг Марказий Осиё давлатлари билан бўлган савдо айланмасининг 54 фоизи Ўзбекистонга тўғри келади. Демак, бизнинг асосий ҳамкоримиз – бу Ўзбекистон.
Динамик тарзда ривожланаётган диёрингиз инвестицияларни жалб этиш ва илм-фан тараққиёти марказига айланмоқда. Айниқса, инсон капитали ва гуманитар соҳалар ҳам ижобий ўзгаришларга юз тутмоқда. Бундан ташқари, маданий алоқаларимиз ҳам кенгаймоқда. Бу, албатта, ҳозирги кунда Ўзбекистон Республикаси раҳбарияти олиб бораётган оқилона сиёсат натижасидир.
Беҳруз ХУДОЙБЕРДИЕВ,
ЎзА мухбири