Oʻzbek
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Сергей Миронов: Миллий маданият марказлари ўзаро муносабатни уйғунлаштиради
11:01 / 2024-05-26

Ўзбекистон Республикаси ва Россия Федерацияси ўртасида дўстлик, ҳамкорликни ривожлантиришда нафақат ўзаро яқин ижтимоий-иқтисодий, сиёсий алоқани мустаҳкамлаш, балки халқ дипломатиясини кучайтириш ҳам муҳим ўрин тутади.

Шу нуқтаи назардан мамлакатимизда фаолият кўрсатаётган Ўзбекистон рус маданияти марказининг халқларимизни бир-бирига яқинлаштириш, дўстлик ва бирдамлик анъаналарини асраш йўлида олиб бораётган ишлари таҳсинга созовор. ЎзА мухбири ушбу марказ раиси Сергей Миронов билан суҳбатлашди.

– Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг таклифига биноан Россия Федерацияси Президенти Владимир Путин 26-27-май кунлари давлат ташрифи билан мамлакатимизда бўлади. Сизнингча, ушбу воқеа икки томонлама муносабатни ривожлантириш, хусусан маданият соҳасидаги ҳамкорликнинг янги қирраларини очишга қай даражада ҳисса қўшади?

– Олий даражадаги ташриф ҳамкорликни мустаҳкамлаш, ўзаро манфаатли шерикликнинг янги жиҳатларини топиш мақсадини назарда тутади. Маданият соҳасидаги ҳамкорлик, масалан мамлакатларимизда маданият кунларини ўтказиш ҳам синовдан ўтган, ҳам инновацион ҳамкорликнинг янги формати сифатида узоқ муддатли дўстлик тамойили, ҳамкорликни ҳозирги босқичда амалга оширишнинг янги шаклларини ифодалайди.

– Сергей Александрович, марказ раҳбари сифатида Ўзбекистонда рус маданиятини, Россияда ўзбек маданиятини оммалаштириш борасида олиб борилаётган ишлар тўғрисида нима дея оласиз?

– Ўзбек ва рус халқлари маданияти алмашинувига кўмаклашиш Рус маданияти маркази (РММ)нинг асосий мақсадларидан бири. Фаолиятимизда инсониятнинг маданий хилма-хиллигини сақлаш, халқ анъаналарига ғамхўрлик қилиш, бошқа эллар урф-одати, турмуш тарзини ҳурматлаш устувор. Шу маънода ёшларни олдинги авлод тажрибаси асосида тарбиялаш, нафақат миллий, балки бошқа халқлар маданияти билан ҳам таништиришга алоҳида эътибор қаратамиз. Бу жараён инсоният тўплаган тажриба маҳсули. Ўзбекистонда истиқомат қилаётган русларнинг бошқа миллат вакиллари билан дўстона муносабатини мустаҳкамлаш, рус халқининг маънавий қадрияти, тили, анъанаси, урф-одатини асраб-авайлаш ва ривожлантириш, шу асосда миллатлар аро алоқани кенгайтириш, миллий маданиятларни ўзаро бойитиш, рус ва ўзбек миллий маданиятларининг ўзаро таъсирини англашда барчага ёрдам бериш жамоамиз зиммасидаги муҳим вазифадир.

– Тошкентда рус санъати ҳафталиги, шунингдек Москвада ўзбек маданияти кунлари қай тарзда ташкил этилади? Кўп йиллик тажрибангизга таяниб, мамлакатимиз маданий ҳаёти, ўзбек халқининг урф-одати ва анъаналарига қандай баҳо берасиз?

– Маданият икки ва кўп томонлама муносабатни мустаҳкамлаш, ўзаро тушуниш, бағрикенглик намоён этиш, тинч-тотув, дўстона яшашга интилаётган мамлакатларнинг бир-бири маданиятини ўзаро бойитишга хизмат қилувчи мустаҳкам ришталардан бири. Муайян тадбирлар доирасида тақдим этилган Ўзбекистоннинг бой тарихи, ўзига хос маданияти, меъморий обидалари, бугунги ютуқлари маданий ҳамкорликнинг узоқ муддатли режасини тизимли равишда шакллантириш имконини беради.

22-24 май кунлари Халқ хўжалиги ютуқлари кўргазмаси (ВДНХ) мажмуаси ҳудудида маданият кунлари бўлиб ўтди. Бу, шубҳасиз, Ҳамдўстлик маконида маданиятларнинг ўзаро яқинлашиши ва бойишига, халқларимиз маънавий-ахлоқий қадриятлари мустаҳкамланишига хизмат қилади.

– Сергей Александрович, Марказ фаолияти, жумладан икки давлат санъати ва маданияти ривожига хизмат қилувчи муҳим лойиҳалар ҳақида гапириб берсангиз.

– Ўзбекистондаги рус маданияти маркази ҳеч қачон “фақат руслар учун” ишлайдиган ташкилот бўлмаган. РММ таъсис конференциясида қабул қилинган Низомга кўра, аъзолик учун миллат ёки тилга боғлиқ ҳар қандай чеклов тақиқланган. Сўнгги пайтда этник рус бўлмаган русий забон фаоллар сони тез суръатда ўсиб боряпти. Бу русларга хос анъанавий интернационализмдан, турли миллий гуруҳлар вакилларининг рус маданиятига, умуман Россияга барқарор қизиқишидан далолат.

Бу йил марказимиз ташкил топганига 30 йил тўлади. Шубҳасиз, ушбу юбилей ҳақиқий дўстлик ва бағрикенглик байрамига айланади. Анжуманга Россиядан кўплаб ҳурматли меҳмонлар келиши кутиляпти. Тантаналар доирасида қатор тадбирлар режалаштирилган. Ўзбекистон рус драма театри, Алишер Навоий номидаги Давлат академик катта опера ва балет театри, Ўзбекистон ёшлар театри, Давлат мусиқали комедия театри артистлари ҳаёти ва ижоди Марказ билан чамбарчас боғлиқ. РММда жамоатчилик ижодий гуруҳлари ва бирлашмалари, ҳамфикр клублар фаол иш олиб бормоқда. “Калинушка” славян қўшиқлари ансамбли, “З-БЕК” ёшлар ансамбли, “Куйлаётган юраклар”, “Ветеран”, “Мелодия” хор гуруҳлари, Ёшлар уюшмаси, “Маънавий мерос билан учрашув” ижодий бирлашмаси, Анна Ахматованинг “Мангалочи ҳовли” жамоат клуб-музейи, “Шоир бошпанаси” адабиёт тўгараги шулар жумласидан.

2019 йил жамоамизнинг 25 йиллиги кенг нишонланди. Байрам тадбирида меҳмонлар, кенг жамоатчилик вакиллари “Халқлар дўстлиги” майдонига йиғилиб, Иккинчи жаҳон уруши даврида турли миллат вакилларидан 15 нафар етим болага бошпана берган темирчи Шоаҳмад Шомаҳмудов оиласи хотирасини ёд этиб, миннатдорлик ҳисси билан ёдгорлик пойига гул қўйишди. Ўша кун унутилмас саналарга бағишланган махсус тадбирларда ёдгорликни зиёрат қилиш анъанасини бошлаб берди. Халқлар дўстлиги саройида ўтган юбилей тантанасида давлат идоралари, Россия Федерациясининг Ўзбекистондаги элчихонаси вакиллари, таниқли фан ва маданият арбоблари, Рус маданияти маркази ва бошқа миллий маданий марказлар раҳбарлари, фаоллари иштирок этди. Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университетида ташкил қилинган илмий-амалий анжуман иштирокчилари – таниқли олим, мутахассислар, Россиядан келган меҳмонлар жамоамизнинг миллатлар аро тотувликни мустаҳкамлаш, рус тили ва маданиятини асраб-авайлаш, ватандошлар тарихий хотирасини сақлашдаги муҳим ролини таъкидладилар. Ўзбекистоннинг самарали ривожланиши, россиялик фан ва маданият арбобларининг Марказий Осиё тарихини ўрганишдаги иштироки каби муҳим мавзуларга эътибор қаратдилар. Тошкент Фотосуратлар уйида марказ томонидан Бадиий академия кўмагида ташкил этилган “Ўзбекистонда рус санъати қардош халқлар санъати билан ҳамкорликда” номли бадиий кўргазма очилиши ушбу катта байрамнинг қизиқарли воқеаси бўлди, десак адашмаган бўламиз.

– Юртимизда яшаётган рус диаспораси ҳаёти, турмуш тарзи ва қизиқиши ҳақидаги фикр-мулоҳазаларингиз билан ўртоқлашсангиз.

– Биз турли миллат вакилларидан иборат Ўзбекистонни умумий уйимиз, деб биламиз. Ҳуқуқий-демократик фуқаролик жамияти барпо этиш йўлидаги ҳамжиҳатлигимиз, жипслигимиз  мақсадга эришишнинг зарур шарти, муҳим омили эканини яхши тушунамиз.

Тинчлик, тотувликка бағрикенглик, ўзаро ҳамжиҳат саъй-ҳаракатсиз эришиб бўлмайди. Осойишталик – жамият ва демократия равнақи гарови. Табиийки, бу шарт 130 дан зиёд миллат, элат вакиллари истиқомат қилаётган, 16 диний конфессия фаолият юритаётган Ўзбекистон учун ҳам долзарб. Шунинг учун ҳам  мустақилликнинг илк кунлариданоқ юртимизда айни масала давлат сиёсати даражасига кўтарилди. Конституциямизда барча миллат вакиллари мамлакатнинг давлат, иқтисодий, ижтимоий, маданий ҳаётида кенг ва эркин иштирок этиши кафолати мустаҳкамлаб қўйилган, Ўзбекистон халқи миллатидан қатъи назар, шу давлат фуқароси экани алоҳида таъкидланган. Улар бир хил ҳуқуқ ва эркинликка эга, жинси, ирқи, миллати, тили, дини, ижтимоий келиб чиқиши ва ижтимоий мавқеидан қатъи назар, қонун олдида тенгдир ва бу амалда тасдиқланган.

Бугун ғурур билан эътироф этиш керакки, республикамизда истиқомат қилаётган турли миллат вакиллари мустақилликни мустаҳкамлаш, демократик жамият қуришга муносиб ҳисса қўшмоқда. Юртимизда Она тилимиз, маданиятимиз ва санъатимиз, халқнинг ҳунармандлиги, урф-одати ва анъаналарини ривожлантириш учун барча имконият яратилган. Масъулият билан айтаман, бундай шароит ҳамма давлатда ҳам мавжуд эмас. Мактаб ва университетларда таълим етти тилда олиб борилади. Йирик диаспора жамоалари тилларида газета ва журналлар нашр этилади, радио ва теледастурлар эфирга узатилади. Республикада ташкил этилган миллий маданият марказлари (МММ) фаолияти Президентимиз раҳбарлигида мамлакатимизда олиб борилаётган оқилона сиёсат тантанаси, миллатлар аро муносабатлар уйғунлашувининг ёрқин мисолидир.

Бугунги кунда республикамизда фаолият кўрсатаётган миллий маданият марказлар сифат жиҳатидан ўсиб, нуфузли жамоат ташкилотларига айланди. Миллий маданият соҳасида ўз ихтиёри билан меҳнат қилаётган фаоллар шижоати туфайли бугун улар нафақат маданий-маърифий, маънавий, балки сиёсий-ижтимоий хусусиятга эга мураккаб муаммоларни-да ҳал қила бошлади. Асойсиси, бир-биридан айро эмас, аксинча яқин алоқада, узвий ишламоқда.

Саидмурод Раҳимов суҳбатлашди.

ЎзА