Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Сергей Лебедев юртимиздаги ўзгаришлар ва сайловчилар фаоллигини эътироф этди
18:31 / 2024-10-25

Парламент ва маҳаллий Кенгашлар депутатлари сайлови муносабати билан юртимизга ташриф буюрган Мустақил давлатлар ҳамдўстлиги Бош котиби Сергей Лебедев оммавий ахборот воситалари вакилларига берган интервьюсида сайлов қонунчилиги йил сайин такомиллашиб бораётганини, сайловчиларнинг фаоллигини ва номзодлар орасида аёллар 40 фоиздан ортиқ эканлигини мамнуният билан қайд этди:

– Мустақил давлатлар ҳамдўстлигининг узоқ муддатли кузатувчилар миссияси жорий йил 25 сентябрдан бошлаб Ўзбекистондаги сайловларга тайёргарлик кўриш ишларини кузатиш учун иш бошлаган эди. Марказий сайлов комиссияси, ҳудудий сайлов комиссиялари ва сайлов участкаларига ташриф буюриб, ўрганишлар олиб борди.

16 октябрдан бошлаб муддатидан олдин овоз бериш жараёнлари бошланган бўлса, 1 миллиондан ортиқ фуқаролар овоз берганини эшитдик. Бу Ўзбекистон сайловчиларининг фаоллигидан, парламентга қандай номзод сайланишига бефарқ эмасликларидан далолатдир.

Биз сайлов қонунчилигига киритилган айрим ўзгаришлар билан танишдик. МДҲ Ижроия қўмитаси, Парламентлараро Ассамблея экспертлари Ўзбекистон сайлов қонунчилиги йил сайин такомиллашиб бораётганининг гувоҳи бўлмоқда. Биз ҳозирда сайловларнинг очиқлиги, уларни ташкиллаштириш бўйича анча олдиндамиз.

Ўзбекистонда вакиллик органларига кўп сонли аёллар иштирок этиши борасида аниқ рақамлар (40 фоиз) белгиланганини мамнуният билан қайд этаман. Озарбайжон ва Россияда хам шундай ҳолат. Энг муҳими, парламентда сайловчиларнинг хоҳиш-истакларини амалга оширишга, халқ фаровонлигини юксалтиришга кўмаклашувчи, сайловчиларнинг манфаатларини ҳисобга олиб, уларни ҳимоя қила оладиган ваколатли шахсларнинг бўлишидир.

Яна бир нарсани таъкидлашни жоиз деб биламан. Биз ҳар сафар Ўзбекистонга ташриф буюрганимизда, республика ҳаётидаги ижобий ўзгаришларнинг гувоҳи бўламиз. Тошкент ва вилоят марказларининг қиёфаси тобора ўзгариб бормоқда. Сайловлар тинч ва осойишта, юқори даражада ташкиллаштирилган ва сайлов қонунчилигига риоя қилинган ҳолда ўтказилмоқда. Мавжуд камчиликлар тезда бартараф этилмоқда.

Муҳтарама Комилова, Аслиддин Алижонов (сурат), ЎзА