English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Сергей Кислица: Ғарб Украина тезда таслим бўлади, деб ишонган (+видео)
14:45 / 2026-02-25

Украина ва Россия ўртасида урушни тўхтатиш бўйича музокаралар бир неча йилдан бери давом этмоқда. Аммо, уларнинг тафсилотлари ҳар доим ҳам ошкор қилинмайди. Украина президенти идораси раҳбарининг ўринбосари Сергей Кислица BBC мухбирларига берган интервьюсида музокаралар жараёни, бунда АҚШнинг роли ва Россия - Украина уруши қандай бошлангани ҳақида гапирган.

У 2022 йил 23 февралдан 24 февралга ўтар кечаси Россия ҳужуми айнан БМТ нинг Хавфсизлик Кенгаши йиғилиши пайтида бошланганини эслайди. Сергей Кислица 2022 йил февраль ойида яъни уруш бошланганида Украинанинг БМТдаги доимий вакили эди. У ҳужум бошланганини телефон орқали билганини айтади. У Россиянинг БМТдаги вакили Василий Небензядан бу ҳақда изоҳ сўраган. Аммо, қониқарли жавоб ололмаган.  

Бунга ҳам роппа-роса тўрт йил бўлди. Шундан бери бу урушни тўхтатиш чоралари қидирилади. Кўплаб музокаралар, учрашувлар ташкил этилди. Сўнгги йилда музокара вакилларининг таркиби ва жойи ҳам ўзгарди. Илгари Россия-Украина масаласидаги асосий учрашувлар Истанбулда ўтган бўлса, кейинги мулоқотлар Абу-Дабида бўлиб ўтди.  

Бу музокаралар жараёнида Россия делегацияси таркибида ҳам кўп ўзгаришлар кузатилди. Илгари сиёсатчилар ва ТИВ вакиллари қатнашган бўлса, кейинчалик ҳарбийлар ва махсус хизмат вакиллари иштирок этган.

Сергей Кислицанинг айтишича, ҳарбийлар вазиятни амалий жиҳатдан  тўғри тушунади ва мафкуравий баҳсларга берилмайди. У техник масалаларнинг 90 фоизи бўйича келишувга эришилганини билдирган. Фақат 10 фоиз муаммолар, яъни ҳудудлар мақоми, Запорожье атом электростанциясининг назорати каби масалалар ечилмай қолган.  

У шунингдек, бу урушнинг фақат фронт чизиғидан иборат эмаслигини, балки замонавий уруш эканлигига урғу берган. Чунки, дронлар, юқори аниқликдаги қуроллар ва кузатув тизимлари ишлатилмоқда.  

Кислицанинг айтишича, ҳатто бугунги “отишмани тўхтатиш” тушунчаси ҳам халқаро ҳужжатларда аниқ белгиланмаган. Масалан, Женева конвенциясида бу атама бугунги кундаги маъноларни ифодаламайди.  

Шунинг учун, XXI аср урушига XIX–XX аср қоидалари билан ёндашиш қийин ва халқаро ҳуқуқни қайта кўриб чиқиш зарур бўлади, дея таъкидлаган. Музокараларда АҚШ алоҳида ўрин тутади, дейди у. Чунки, Америка вакиллари фақат кузатувчи эмас, балки фаол иштирокчи сифатида савол беради, таклиф киритади ва ҳужжатларни мувофиқлаштиради.  

Идора вакилининг сўзларига кўра, бундай катта миқёсдаги сулҳни назорат қилиш учун сунъий йўлдошлар, авиация ва таҳлил тизимлари керак. Бундай имконият ҳозирча фақат АҚШда бор.  

У шунингдек, 2022 йил арафасида АҚШ Киевни ва ҳамкорлари ҳисобланмиш Европа Иттифоқини Россиянинг Украинага эҳтимолий ҳужуми ҳақида огоҳлантирганини айтди. Ўшанда, афсуски ишонишмаган. Бироқ, уруш бошланганидан кейин Ғарб давлатлари ҳатто Хавфсизлик кенгашининг бир неча аъзолари Украина тезда таслим бўлади ва бизни қўлга олишади, деб ўйлашган. Унинг фикрича, агар ёрдам  Украинага эртароқ берилганида эди, уруш анча олдин тугаши мумкин эди. Бироқ, Украина армияси 2022 йилдагидан анча кучли, деб хулоса қилган Кислица.  

<iframe width="640" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/p4FrZ-Vwws8" title="Sergey Kislitsa:  G‘arb Ukraina tezda taslim bo‘ladi, deb ishongan" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe> 

Кенжа Бекжонов, Анвархўжа Аҳмедов (видео),  ЎзА