Сергей Фомин Манамада чемпион бўлди
Баҳрайн пойтахти Манама шаҳрида теннис бўйича эркаклар ўртасида ўтказилган M25 тоифасига кирувчи халқаро турнирда ҳамюртимиз Сергей Фомин бош совринга эга чиқди.
Мамлакатимизнинг иккинчи рақамли теннисчиси бўлган Сергей Фомин нуфузли мусобақанинг сўнгги ҳал қилувчи финал босқичида польшалик Олаф Пьешковскига қарши кортга чиқди. Баҳснинг биринчи сетини 1:6 ҳисобида бой бериб қўйган Сергей қолган икки сетда 6:4, 6:3 ҳисобида рақибидан устун келди ва мусобақанинг яккалик баҳслари ғолибига айланди.
Шу тариқа Сергей Фомин халқаро турнирда бош соврин билан биргаликда, 4 минг 612 АҚШ доллари пул мукофоти ва 25 ATP рейтинг очкосини қўлга киритди. Дарвоқе, ўтган ҳафтада Баҳрайнда ўтган бошқа бир мусобақада теннисчимиз жуфтлик баҳсларида вице-чемпоинга айланган эди.
Жавоҳир Тошхўжаев, ЎзА