French
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Сергелидаги маҳаллаларда профилактика ишлари кучайтирилади
10:49 / 2026-02-26

Божхона қўмитаси раиси А.Мавлонов Сергели туманидаги маҳаллаларда хавфсиз муҳит яратиш ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш тизими самарадорлигини ошириш бўйича амалга оширилаётган ишлар билан танишди. Шу мақсадда у тумандаги Бунёдобод ва Янги Бунёдобод маҳаллаларида бўлди.

“Яшил” тоифага киритилган ва бир-бирига туташ ушбу икки маҳаллада жами 3,6 минг хонадонда қарийб 14,4 минг нафар аҳоли истиқомат қилади.

Маълум қилинишича, ўтган ва жорий йил давомида ҳудудда 24 та жиноят содир этилган. Уларнинг 12 таси наркотик моддаларни ўтказиш ва истеъмол қилиш, 5 таси ўғрилик, қолганлари эса оилавий зўравонлик, номусга тегиш ва тан жароҳати етказиш каби жиноятлардан иборат.

Дастлаб маҳалла фаоллари ва “еттилик” аъзолари билан мулоқот ўтказилиб, содир этилган жиноятлар, уларнинг келиб чиқиш сабаблари ҳамда бартараф этиш чоралари атрофлича таҳлил қилинди.

Йиғилишда, аввало, ёшларнинг бўш вақтларини мазмунли ташкил этиш, маҳалла ҳудудида кечаю кундуз самарали назорат тизимини жорий қилиш, хусусан, видеокузатув воситалари билан тўлиқ таъминлаш зарурлиги таъкидланди.

Хусусан, Бунёдобод маҳалласида 125 та видеокузатув камераси ўрнатилган бўлса-да, уларнинг 119 таси ишламаётгани жиддий танқид қилинди. Масъулларга камераларни қисқа муддатда тўлиқ ишга тушириш бўйича топшириқ берилди.

Шунингдек, "Янги Бунёдобод” маҳалла фуқаролар йиғини учун алоҳида маъмурий бино зарурлиги аниқланди. Қисқа муддатда мазкур бино учун ер майдони ажратилиши маълум қилинди.

Қўмита раиси ҳудуддаги Сергели тумани Болалар кутубхонаси, 18-мактабгача таълим муассасаси ҳамда 55-умумтаълим мактабида ҳам бўлди.

22 мингдан ортиқ адабиёт фондига эга Болалар кутубхонасида китобхонлар билан самимий мулоқот ўтказилди. Унда Президент томонидан ёшлар билан мулоқот чоғида илгари сурилган китобхонликни оммалаштириш ташаббуслари ҳақида сўз юритилди.

Маълум қилиндики, эндиликда кутубхона, “book cafe” ва китоб дўконлари очиб, ойига 10 минг донадан ортиқ китоб савдосини амалга ошираётган тадбиркорларга уч йил муддатгача 1 миллиард сўмгача 7 фоизли ссуда ажратиш амалиёти жорий этилади.

Шунингдек, 420 ўринга мўлжалланган 18-мактабгача таълим муассасасида ҳозирда 1600 нафар бола навбатда тургани қайд этилди. Муаммони ҳал этиш бўйича амалий таклифлар ишлаб чиқиш юзасидан масъулларга топшириқ берилди.

Маҳалла ҳудудидаги очиқ спорт майдонидан самарали фойдаланган ҳолда, Тошкент шаҳар енгил атлетика федерацияси билан ҳамкорликда ёшлар ўртасида қисқа муддатда ва юқори савияда спорт мусобақаларини ташкил этиш вазифаси қўйилди.

Аҳолини ташвишга солаётган масалалардан яна бири, кўп қаватли уйлар орасидан Тошкент катта ҳалқа йўлига чиқиш йўлининг мавжудлиги сабабли транспорт ҳаракатининг гавжумлигидир. Бу эса кексалар ва ёш болалар учун хавфли вазиятларни юзага келтирмоқда.

Муаммони бартараф этиш мақсадида маҳалла кўчаларида тезликни чекловчи ва ҳаракатни тартибга солувчи йўл белгилари ўрнатиш бўйича ички ишлар органлари ҳамда мутасадди идораларга тегишли топшириқлар берилди.

Ш.Маматуропова, ЎзА