Божхона қўмитаси раиси А.Мавлонов Сергели тумани маҳаллаларида хавфсиз муҳит яратиш ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш тизими самарадорлигини ошириш бўйича амалга оширилаётган ишлар билан танишиш мақсадида тумандаги Олтин водий маҳалласида бўлди.
Ҳозирда туманда жиноятчиликни камайтириш ва криминоген ҳолатни яхшилаш бўйича ишчи гуруҳ томонидан «Сергели туманида хавфсиз муҳитни шакллантириш ва жамоат хавфсизлигини самарали таъминлаш концепцияси» лойиҳаси устида ишлар олиб борилмоқда.


Маълум қилинишича, туман маҳаллаларида содир этилган жиноятлар ҳар 1000 нафар аҳолига нисбатан 6 та «сариқ» ва 40 та «яшил» тоифага ажратилган.
Жумладан, Олтин водий маҳалласи «сариқ» тоифага мансуб бўлиб, маҳаллада ҳуқуқбузарликлар профилактикасини кучайтириш орқали уни «яшил» тоифага ўтказиш истиқболлари атрофлича муҳокама қилинди.


Жамоат хавфсизлигини таъминлаш, ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш ҳамда криминоген вазиятни барқарорлаштириш мақсадида «Хавфсиз шаҳар» лойиҳаси доирасида тумандаги 10 та маҳалладаги 35 та асосий “хавф нуқтаси”га 77 та инсон юзини таниб олувчи видеокузатув камераси, шунингдек алоқа қурилмалари ҳамда турли об-ҳаво шароитида ишлашга мўлжалланган махсус темир шкафлар ўрнатилди.


Қўмита раиси маҳалла ҳудудини кўздан кечирар экан, “хавф нуқталари”га алоҳида эътибор қаратиш мақсадида 4 та асосий кўча ва 15 та кўп қаватли уй атрофига қўшимча видеокузатув камераларини ўрнатиш бўйича топшириқлар берди.


Ўрганишлар давомида ўз ечимини кутаётган масалалар ҳам аниқланди. Хусусан, маҳалла ҳудудига кириш қисмида ҳамда кўп қаватли уйлар олдидаги болалар ўйингоҳларида ёғингарчиликдан сўнг ҳосил бўлаётган кўлмак сувларни бартараф этиш юзасидан масъулларга аниқ кўрсатмалар берилди.
Шунингдек, маҳаллани ободонлаштириш, ўзбошимчалик билан қурилган турли иншоотлар ва гаражларни тартибга солиш масалалари ҳам муҳокама марказида бўлди.
Ш.Маматуропова, ЎзА