Chinese
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Сергелида иккита янги мактабгача таълим муассасаси очилди
18:38 / 2019-09-19

Мамлакатимизда мактабгача таълим тизимига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Мактабгача таълим муассасаларининг сони йилдан-йилга ошиб бораётгани ҳам бунинг ёрқин далилидир.


Мамлакатимизда мактабгача таълим тизимига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Мактабгача таълим муассасаларининг сони йилдан-йилга ошиб бораётгани ҳам бунинг ёрқин далилидир.

2018 йилда болаларни мактабгача таълим билан қамраб олиш 34,4 фоизни ташкил этган бўлса, 2019 йил ярим йиллиги якунига келиб, давлат МТМларида яратилган ўринлар сони мактабгача ёшдаги болаларнинг 40,5 фоизини қамраб олишга имкон берди.

photo5197570028218723397.jpg

DSC_3191.jpg

Ҳозирги вақтда республикада 9 минг 770 дан ортиқ МТМ фаолият олиб бормоқда. Мактабгача таълим билан қамраб олинган болалар сони ҳам сезиларли даражада ўсган. Хусусан, 2019 йил биринчи ярим йиллиги натижасига кўра, 1 миллион 66 минг 353 нафар бола МТМга боради. 2030 йилга бориб болаларни мактабгача таълим билан қамраб олишни 80,8 фоизга етказиш кўзда тутилган.

19 сентябрь куни Тошкент шаҳрининг Сергели туманида яна иккита давлат мактабгача таълим муассасасининг очилиш маросими бўлиб ўтди. Унда мактабгача таълим вазири А.Шин, вазирлик бош бошқармаси бошлиғи Ш.Мирзиёева, Тошкент шаҳар ҳокимининг биринчи ўринбосари Д.Хидиров, “Нуроний” жамғармаси республика бошқаруви раиси Ш.Жалилов, нуронийлар ва маҳаллий аҳоли вакиллари иштирок этди.

DSC_3265.jpg

DSC_3391.jpg

Янги МТМлар Сергели туманининг Қумариқ турар жой мавзесида ва 5А даҳасида жойлашган. Улар мебель, ривожлантирувчи ўйин ва ўйинчоқлар билан жиҳозланган. Бу мактабгача таълим муассасалари орқали Сергели туманида мактабгача таълим билан қамраб олиш ҳажми 83 фоиздан 89 фоизгача оширилди ва 100 янги иш ўрни яратилди. Айни пайтда ҳудудда 4 та МТМ қурилмоқда.

– Сергели тумани жадал ривожланиб бормоқда, янги қурилган уйларга яшовчилар кўчиб кирмоқда ва тегишлича таълим муассасаларига бўлган эҳтиёж ортиб бормоқда, – деди мактабгача таълим вазири А.Шин. – Бир йўла иккита МТМ очилиши яна 780 нафар бола сифатли мактабгача таълим олиш имкониятига эга бўлишини англатади. Шунингдек, қисқа муддатли гуруҳлар очилиб, уларга 180 нафар бола қабул қилинади. Янги МТМлар қурилишида стандарт лойиҳалардан воз кечилган ҳолда ноодатий дизайн ва замонавий ечимлардан фойдаланилди.

Ҳар икки МТМда таълим муҳити Корея Республикасининг модели негизида лойиҳалаштирилган. Шу тариқа, йирик жавонлар ўрнига мобиль модуллар ўрнатилди. Улар майдонни ўзгартириш ва уни турли машғулотларга мослаштириш имконини беради. Ўйин ва ўқув қуроллари болалар бўйи етадиган жойда ўрнатилган. Ўйинларнинг аксарияти бармоқларнинг майда моторикасини ривожлантириш учун мўлжалланган.

DSC_3407.jpg

– Гуруҳлар ва коридорларда нутқ ва ёзиш, ижод, қурилиш, конструкциялаш ва математика, сюжет ўйинлари, кутубхона каби кўплаб ривожлантириш марказлари жойлашган, – деди Сергели тумани 5А даҳасидаги “Бахтли болалик” 44-МТМ мудираси Камила Қамбарова. – Болаларнинг ўзи кўнглига ёққан машғулотни танлайди, педагог эса ўйин ва ўқиш учун зарур бўлган материалларни аниқлайди ва уларга ёрдам беради. Муассасада болалар соғлом униб ўсиши учун футбол майдончаси, сузиш ҳавзаси қурилган. Бундан ташқари, йўл белгиларини ўргатиш учун муассаса ҳудудида автомобиль йўлакчаси ташкил этилиб, йўл белгилари ўрнатилган.

Давлатимиз раҳбарининг бешта муҳим ташаббусини амалга ошириш доирасида соғломлаштириш ва бадиий машғулотларга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Жумладан, анъанавий мусиқа ва рақсдан ташқари болалар спорт билан шуғулланиши, ўйин шаклида чет тилларини ўрганиши ҳамда бошқа ривожлантирувчи тўгарак ва секцияларга қатнаши мумкин бўлади.

– Бу шинам уйларга кўчиб келганимизга кўп бўлгани йўқ. – деди Малоҳат Сулаймонова. – “Бахтли болалик” МТМ қисқа муддатда қуриб битказилди. Унга тамал тоши қўйилганда икки нафар набирамни шу МТМга беришни ният қилган эдим. Бугун бу ерда болаларга яратилган шароитларни кўриб кўзим қувонди. Набираларим кўз олдимизда барча шароитга эга муассасада тарбияланишидан хурсандмиз.

“Бахтли болалик” ва “Билимлар мамлакати” МТМларида ойлик тўлов бир бола учун 186 минг сўмни, оилада икки нафар мактабгача таълим ёшидаги бола бўлса, 132 минг сўмни ташкил этади. Шунингдек, қонунчиликка мувофиқ, тарбияланувчилар умумий сонининг 15 фоизи МТМга бепул қатнаши мумкин бўлади. Ушбу имтиёз кам таъминланган оилалардаги болаларга нисбатан тақдим этилади.