Айни кунларда пойтахтимизнинг Сергели туманидаги Ўзгариш маҳалласида замонавий талабларга жавоб берадиган янги когенерация қурилмаси ишга туширишга шай қилинди.
Ушбу иншоот “Иссиқлик электр станциялари” акциядорлик жамияти томонидан Туркиянинг “Iltekno” компанияси ҳамкорлигида барпо этилди. Лойиҳа энергия таъминоти самарадорлигини ошириш, аҳоли ва тадбиркорлар учун қулай шарт-шароит яратишга қаратилган.
Мазкур иншоот ҳақида “Иссиқлик электр станциялари” АЖ халқаро алоқалар ва инвестицияларни жалб қилиш бошқармаси бошлиғи ўринбосари Сирожиддин Раҳимов қуйидагиларни маълум қилди:
– Сергели туманида қурилган ушбу когенерация иншооти 2,3 мегаватт электр ва 11 гигакалория иссиқлик энергияси ишлаб чиқариш қувватига эга. Лойиҳа Туркиянинг “Iltekno” компанияси билан ҳамкорликда амалга оширилди. Бу ерда Германияда ишлаб чиқарилган замонавий газ-поршень қурилмаси ҳамда “Bosch” компаниясининг икки иситиш қозони ўрнатилди.
Ҳозирда барча тизимлар синовдан ўтказилмоқда. Объект тўлиқ ишга туширишга тайёр ҳолатга келтирилди. Ушбу иншоот 51 та кўп қаватли уй, битта мактаб, мактабгача таълим муассасаси, ижтимоий соҳага оид объект ва ҳудуддаги тадбиркорлик субъектларини барқарор равишда иссиқлик ва электр энергияси билан таъминлаш имконини беради.
Энергия самарадорлиги ва барқарор таъминот бугунги кунда жаҳон миқёсида муҳим масалага айланган. Мамлакатимизда ҳам ушбу йўналишда изчил ислоҳотлар олиб борилмоқда. Янги когенерация қурилмаси ана шу ислоҳотлар самараси бўлиб, маҳаллий муҳандислик инфратузилмасини мустаҳкамлаш ва электр ҳамда иссиқлик таъминотидаги барқарорликни таъминлашга хизмат қилади.
Муҳими, мазкур лойиҳа истиқболда пойтахтнинг бошқа туманларида ҳам шунга ўхшаш замонавий энергия манбаларини жорий этиш учун муҳим тажриба сифатида хизмат қилиши кутилмоқда.
Н.Зиёдуллаева, ЎзА