Oʻzbek
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Сердаромад соҳа
17:59 / 2015-03-16

Қашқадарёда балиқчилик тармоғини ривожлантириш ва соҳага интенсив технологияларни татбиқ этишга бағишланган семинар бўлиб ўтди.

Қашқадарёда балиқчилик тармоғини ривожлантириш ва соҳага интенсив технологияларни татбиқ этишга бағишланган семинар бўлиб ўтди.

Ўзбекистон балиқчиликни ривожлантириш илмий-тадқиқот маркази, Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси, вилоят табиатни муҳофаза қилиш қўмитаси вакиллари, сув хўжаликлари раҳбарлари, балиқчилар иштирок этган тадбирда мамлакатимизда балиқчилик тармоғи йилдан-йилга ривожланаётгани, мазкур йўналишда фаолият юритаётган тадбиркорларга кўплаб имтиёз ва қулайликлар яратиб берилаётгани таъкидланди. Балиқчиликка ихтисослашган хўжаликлар ер-сув ресурслари, балиқ чавоқлари, омихта ем билан таъминланиб, соҳада солиқ юки сезиларли даражада камайтирилгани ушбу тармоқнинг янада ривожланишига хизмат қилмоқда.

– Балиқчилик тармоғининг ривожланиши ва юқори самарадорликка эришиш озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашда муҳим аҳамият касб этади, – дейди Ўзбекистон балиқчиликни ривожлантириш илмий-тадқиқот маркази директори Руҳиддин Қурбонов. – Бу борада замонавий ва илғор усулларни жорий этиш юқори самаралар беради. Масалан, табиий сув ҳавзаларида қафас усулида балиқ етиштириш, тез етиладиган, касалликларга бардошли балиқ турларини кўпайтириш, маҳсулотни қайта ишлашни йўлга қўйиш шулар жумласидандир.

Маълумотларга кўра, вилоятда жорий йилда йигирма битта балиқчилик хўжалиги ташкил этиш кўзда тутилмоқда. Бунинг учун 1 миллиард сўмдан ортиқ маблағ йўналтирилади. Тармоқда янги лойиҳаларнинг татбиқ этилиши натижасида воҳада балиқ етиштирувчи хўжаликлар сони 245 тага етади, сунъий ва табиий сув ҳавзаларидан йилига 3,5 минг тоннага яқин балиқ овланади.

Очиқ мулоқот тарзида ўтган семинар иштирокчиларини қизиқтирган саволларга мутахассислар томонидан атрофлича жавоб қайтарилди.