Туркманистоннинг амалдаги президенти Гурбангули Бердимуҳамедовнинг ўғли Сердар Бердимуҳамедов президент сайловида ғалаба қозонди, деб маълум қилди Марказий сайлов комиссияси. Сайлов комиссиясининг маълумотларига кўра, унинг номзодини 72,97 фоиз сайловчилар қўллаб-қувватлаган.
"Туркманистон Вазирлар Маҳкамаси раисининг ўринбосари Сердар Гурбангулиевич Бердимуҳамедов Туркманистон президенти этиб сайланди", – дейилади МСК тарқатган хабарда.
Аввал хабар қилинганидек, 12 март куни Туркманистонда муддатидан аввал президент сайлови бўлиб ўтди. Давлатнинг олий лавозимига учта сиёсий партиядан ҳамда фуқаролар ташаббускор гуруҳлари томонидан кўрсатилган тўққиз номзод даъвогарлик қилди. Сердар Бердимуҳамедовнинг рақиблари биргалашиб жами 27,03 фоизлик овозга эга бўлишди. Рақиблар орасида энг яхши кўрсаткични Туркманистон давлат жисмоний тарбия ва спорт институтининг илмий ишлар бўйича проректори Хидир Нуннаев кўрсатди. У 11,09 фоиз овоз олган.
Ҳукуматни бошқараётган Туркманистон Демократик партиясидан номзоди кўрсатилган Сердар Бердимуҳамедов 1981 йил 22 сентябрда Ашхабодда туғилган. У 2001 йилда С.А.Ниязов номидаги Туркманистон қишлоқ хўжалиги университетини, 2011 йилда Россия Дипломатия академияси битирган. “Халқаро муносабатлар бўйича мутахассис” дипломига эга. Техника фанлари доктори.
Сердар Бердимуҳамедов 2011-2013 йилларда Женевадаги хавфсизлик сиёсати Марказида ўқиб, “Европа ва халқаро хавфсизлик бўйича мутахассис” даражасини олган. Шу йиллари у Женевада жойлашган Туркманистоннинг БМТдаги доимий ваколатхонасида маслаҳатчи бўлиб ишлади.
Шундан буён ёш Бердимуҳамедов Туркманистон ҳукумати таркибида турли лавозимларда ишлаб келади. Сердар Бердимуҳамедов "Туркман алабайи" ҳамда Ахалтекин отчилик ассоциацияларини бошқариб келади.
Ҳарбий унвони подполковник. Инглиз ва рус тилларини билади. Бобоси Маликгули Бердимуҳамедов номидаги медаль билан мукофотланган. Унинг тўрт нафар фарзанди бор. Хабарда айтилишича, президент инаугурацияси 19 мартда бўлиб ўтади.