Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раиси, халқ шоири Сирожиддин Саййид Сербия Ёзувчилар ассоциацияси халқаро бўлими раҳбари, Серб адабиёти музейи директори Виктор Лазични қабул қилди.
Сирожидин Саййид меҳмонни мамлакатимиздаги бугунги янгиланишлар, ўзбек адабиётининг ривожи учун қаратилаётган эътибор, Адиблар хиёбонининг барпо этилиши ва бошқа бунёдкорлик ишлари билан таништирди.
Учрашувда икки давлат Ёзувчилар уюшмаси ўртасида ҳамкорлик меморандуми тузиш бўйича келишиб олинди. Ижодий ҳамкорлик борасидаги таклифлар ўртага ташланди. Фикрлар билдирилди.

Суҳбат давомида Виктор Лазич ижодий мулоқотларни йўлга қўйиш борасида ўз мулоҳазаларини айтди. Ҳамкорлик алоқаларини бошланиши сифатида ўзбек ва серб ижодкорлари антологиясини яратиш таклифини берди ва Сирожиддин Саййидни Сербия Ёзувчилар ассоциациясига таклиф қилди.
Меҳмонга Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси томонидан китоблар жамланмаси совға қилинди. “Шарқ юлдузи” ва “Звездо Востока”, “Жаҳон адабиёти”, “Ёшлик” журналлари, уюшманинг Халқаро алоқалар ва бадиий таржима бўлими вакиллари иштирокидаги учрашувда яна бир эзгу ишга қадам ташланди.
Шундан сўнг, Виктор Лазич Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси тарихи музейида бўлди. У ердаги ўзбек адибларининг ҳаёти ва ижоди, ноёб адабиётлар, экспонатлар билан танишди. Саёҳат сўнггида ўзининг уюшмадан катта таассурот билан қайтаётганини айтиб ўтди.
Маълумот ўрнида Сербия Ёзувчилар ассоциацияси 1905 йилда ташкил этилган. Унинг таъсисчилари серб адабиёти намояндалари Александр Белич ва Борисав Ружич ҳисобланади. Иккинчи жаҳон уруши йилларида унинг фаолияти тўхтаб қолган.
Белград шаҳри озод бўлгач, 1945 йил 1 январдан ташкилот фаолияти қайта тикланган. Ассоциацияга кўп йиллар давомида Нобель мукофоти совриндори Иво Андрич раҳбарлик қилган. Бугунги кунда Сербия Ёзувчилар ассоциациясининг 1500дан ортиқ аъзоси бор.
Ассоциация таркибига хорижий ва халқаро санъат академияларининг 50дан зиёд аъзолари кирган. Серб адабиётидан ўзбек тилига Стефан Раичкович, Иван Лалич, Любомир Симович, Борислав Радович шеърлари, Момо Капор, Милорад Павич, ҳикоялари таржима қилинган. Нобель мукофоти лауреати Иво Андричнинг “Дрина кўприги” ва “Ойимқиз” романлари ўзбек тилига ўгирилган.
Д.Маматова, ЎзА