Сербияда вазир отишма туфайли лавозимини топширмоқчи
Сербия таълим вазири Бранко Ружич Белграддаги мактабда содир бўлган отишма ортидан истеъфога чиқишга қарор қилди.
"Tanjug" агентлиги хабарига кўра, Ружич Бош вазир Ана Брнабичга истеъфо сўраб, мактуб йўллаган. Шунингдек, мулозим ҳалок бўлганларнинг оила аъзолари, яқинларига ҳамдардлик билдирган.
3 май куни пойтахт марказидаги мактабда ўқувчи ўт очиши натижасида 9 киши ҳалок бўлди. Қурбонларнинг 8 нафари ўқувчи, бири қўриқчи эди. Жароҳат олган 6 бола касалхонада.