Сербия пойтахтида велоспортнинг шоссе йўналиши бўйича бўлиб ўтган “Belgrade Grand Prix woman tour” мусобақасида мамлакатимиз спортчилари "Париж-2024" Олимпиадасининг рейтинг очколарига эга бўлди.
Икки босқичдан иборат «2.2 Stages Class 2» таснифидан ўрин олган мусобақанинг иккинчи кун пойгалари Ўзбекистон аёллар терма жамоаси аъзолари учун омадли кечди.
Қизиқарли пойгаларда “Tashkent City Women Professional Cycling Team” клуби аъзоси Нафосат Козиева 2-ўринни қўлга киритди. Мазкур 80 километр масофага мўлжалланган пойгаларда 1-ўрин польшалик Моника Брзезнага, 3-ўрин украиналик Алина Богдан ва 4-ўрин ҳамюртимиз Шаҳноза Абдуллаевага насиб этди. Қизиғи, уларнинг марра чизиғини кесиб ўтиш вақти бир хил – 2 соату 5 дақиқа, 49 сонияни ташкил этди. Фақат коэффициентлар ҳолатидаги тафовут уларнинг қайси ўриндан жой эгаллашини аниқлаб берди.
"Belgrade Grand Prix woman tour" турнири якунида ҳамюртларимиз Нафосат Козиева ва Шаҳноза Абдуллаевадан ташқари, жамоамизнинг яна 3 нафар аъзоси – София Каримова, Янина Кускова, Маргарита Мисюринанинг кучли ўнликдан ўрин эгаллаши, уларнинг ҳам "Париж-2024" Олимпиадаси йўлланмасининг рейтинг очколарига эга бўлишини таъминлади.
Т. Рўзиев, ЎзА