Сербияда ўтган жаҳон чемпионатида ёш каратэчиларимиз зафар қучди
Сербиянинг Белград шаҳрида фудокан каратэ-до бўйича кичик ёшдаги каратэчилар ўртасида ўтказилган IX жаҳон чемпионати юртимиз спортчилари учун омадли кечди.
Шуҳрат Анваров бошчилигида иштирок этган мамлакатимиз терма жамоаси аъзолари 19 та давлат вакиллари иштирок этган жаҳон чемпионатида 6 та олтин, 5 та кумуш ва 3 та бронза медалларига эга чиқишди.
Иқтидорли спортчиларимиздан Муслима Бадалова ва Солиҳа Раҳимова яккалик ката баҳсларида, Мироншох Назаров кумитэ йўналишида, қизлар терма жамоаси ката йўналишида олтин медалларни қўлга киритиб, мамлакатимиз каратэчиларининг янги авлоди камолга етаётганлигини кўрсатди.
Терма жамоамиз аъзоларидан Ситора Рихсибаева, Маҳмуд Бадалов, Шерзод Анваров каби спортчилар ўз ёш тоифаларида совриндорлар қаторидан жой олишди.
Ватанимиз спорт шуҳратини Сербия татамиларида янада кенг ёйган ёш каратэчиларимиз 29 ноябрь куни она юртимизга қайтиб келади.
Т. Рўзиев, ЎзА