Oʻzbek
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
“Сенинг танловинг – сенинг келажагинг”
16:16 / 2022-04-19

Бухоро давлат университетида ўтказилган анъанавий очиқ эшиклар куни тадбири шу шиор остида ташкил этилди.

Унда вилоятнинг турли ҳудудларидан 44 та умумий ўрта таълим мактаблари, академик лицей, техникумлардан 2 минг нафардан ортиқ битирувчилар, уларнинг ота-оналари қатнашди. 

– Мақсад ўқувчиларнинг илм-фан ва касб-ҳунарга бўлган қизиқишини ошириш, университет ва мактаблар ўртасидаги ўзаро ҳамкорлик алоқаларини янада мустаҳкамлаш, – дейди университет ректори Обиджон Ҳамидов. –  Тадбирда “Келажакда ким бўлмоқчисиз?, “Сиз танлаган соҳа бутун умрингизга татиши керак”, “Сизнинг танловингиз келажагингиз учун муҳим!” мавзуларида ёшлар ва ота-оналарга университет ҳақида батафсил маълумот берилди.  

Талабалар турар жойида яратилган шароитлар, ўқув зали, маънавият ва маърифат, маданий дам олиш, фан ва бадиий ҳаваскорлик, маиший хизмат, “Бешта муҳим ташаббус” йўналишлари бўйича тўгарак хоналари, спорт секциялари, кутубхона тадбир иштирокчиларида катта таассурот қолдирди. Бухоро давлат университетидаги ҳар бир факультет фаолияти, салоҳияти юзасидан тақдимот ўтказилди.  

–Журналист бўлиш орзуим, – дейди Бухоро шаҳридаги 39-ИДУМ ўқувчиси Шаҳноза Матназарова. – Бугунги учрашувда келажакдаги касбим – Журналистика йўналиши ҳақида кўп маълумотга эга бўлдим. Бу соҳа университетда янги очилган экан. Учрашувдан олган таассуротларим келгуси режаларимни тузишимда муҳим аҳамият касб этди.  

Бухоро давлат университетида бугунги кунда 30 та бўлим ва марказлар, 12 та факультет, 37 та кафедра фаолият юритмоқда. Университетда 24 минг 336 нафар талаба ўқийди. Уларнинг 23 минг 56 нафари бакалавриат, 1 минг 280 нафари магистратура йўналишида таҳсил олади. Хорижий ҳамкорлар билан 13 та қўшма таълим дастурлари йўлга қўйилган. Айни пайтда уларда 300 нафарга яқин талаба таҳсил олади. 

Университет ҳузурида фалсафа доктори (PhD) илмий даражасини берувчи 14 та ихтисослик бўйича жами 8 та кенгаш фаолият кўрсатади. 2021 йилда университетда фаолият кўрсатаётган педагог ходимлардан 13 нафари фан доктори (DSc), 43 нафари фалсафа доктори (PhD) докторлик диссертацияларини муваффақиятли ҳимоя қилди. Жорий йилда жами 60 нафар илмий педагог-ходимларнинг докторлик диссертациялари ҳимоялари режалаштирилган. 51 та таълим йўналишлари мавжуд.  

Тадбирда ўқувчиларга билим даргоҳида янги ўқув йили учун абитуриентлар қабулига оид янгиликлар ҳақида ҳам маълумот берилди. 

[gallery-6705]

Зариф Комилов,  
Тоҳиржон Истатов (сурат), ЎзА