French
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Сени топмоқ йўли – доим топинмоқдир
19:33 / 2021-05-25

Фарғона вилояти Бувайда туманида шоир Аъзам Ўктам хотирасига бағишланган "Сени топмоқ йўли – доим топинмоқдир" номли хотира кечаси бўлиб ўтди. Унда таниқли ижодкорлар, шеърият мухлислари иштирок этди.

Йиллар ўтса-да, Аъзам Ўктам шеърияти дилларни мафтун этишда давом этмоқда. Бувайда фарзанди бўлган шоир 1985 йилда Тошкент Давлат университетининг журналистика факультетини битирган. 1989 йилда «Кузда кулган чечаклар», 1990 йилда «Кузатиш», 1992 йилда «Зиёрат», 1993 йилда «Тараддуд», 1998 йилда «Икки дунё саодати», 2000 йилда «Қирқинчи баҳор» шеърий тўпламлари нашр этилган. 

У «Бола дунёни тебратар»(1988), «Хабар»(1995) каби насрий асарлар муаллифи. Рабиндранат Тагор ва Николай Рубцовнинг туркум шеърларини ўзбек тилига таржима қилган моҳир таржимон ҳамдир.

– Марҳум, устоз шоир Аъзам Ўктам билан 5-6 марта кўришганман, суҳбатлашганмиз ҳам, – дейди Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси Шуҳрат Ориф. – Уларда чин инсонийлик сифатларини кўрганман. Шу сабаб шоирларга ҳурматим, шоирликка иштиёқим ошган. Ўтган йилдан бери кўнгилда эзгу бир ният уйғониб, устоз туғилган Бувайда туманида хотира кечаси ўтказишни режалаб юргандик. Пандемия сабабли бу бироз чўзилди. Бугун тадбирни ўтказиб, дилларимиз ёришди.

Аъзам Ўктамнинг рафиқаси Ҳулкар опа Ҳамроева ва қизи Тўмарис устоз шеъриятининг чин мухлислари кўплигидан, айниқса, устозни кўрмасдан севадиган янги авлод улғаяётганидан мамнунлик билдирди.

М. Сулаймонов, ЎзА