English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Сэнгэн Чве: Кореяда Ўзбекистоннинг маданияти, иқтисодиёти ҳамда сиёсатига қизиқиш жуда юқори
10:46 / 2023-11-17

Ўзбекистон ва Корея ўртасидаги дўстона муносабатлар узоқ йилларга бориб тақалади. Қадимдан корейс ҳамда Марказий Осиё мамлакатлари аҳолиси ўртасида савдо алоқалари фаол олиб борилган. Бунга қадимий Афросиёб қазилмалари деворида акс эттирилган кореяликлар тасвири мисол бўла олади.

Бугунги кунда қайси соҳаларда Ўзбекистон ва Корея Республикалари ҳамкорлиги ривожланмоқда? Давлат бошқаруви ходимларини тайёрлашдаги ҳамкорлик қандай натижа бермоқда?  

ЎзА мухбири Корея давлат бошқаруви институти президенти Сэнгэн Чве билан шулар ҳақида суҳбатлашди.  

– Ўзаро яқин ҳамкорликлар том маънода маданиятларнинг уйғунлашувига сабаб бўлган, — дейди жаноб С.Чве. – Ўзбек ҳамда корейс миллати вакилларини таҳлил қиладиган бўлсак, уларнинг ўзаро ўхшаш жиҳатлари жуда кўп. Хусусан, уларнинг меҳмондўстлиги, хушмуомалалиги, меҳнатсевар ҳамда самимийлиги икки миллатни доимо бир-бирига яқинлаштириб келган. Масалан, ўзбеклардаги “маҳалла” тушунчаси Кореяда ҳам бор. Ўзбек тилида жазони ижро этувчи муассаса “қамоқхона” деб аталса, корейсчада бу сўз “감옥” (камок) дея талаффуз қилинади.  

Корея Республикасида Ўзбекистоннинг маданияти, урф-одатлари, анъаналари, иқтисодиёти ҳамда сиёсатига қизиқиш жуда юқори.  

Жорий йил сентябрь ойида Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви академияси раҳбарияти бошчилигидаги делегацияни Кореяда қабул қилдик. Учрашув давомида давлат бошқаруви кадрларини тайёрлашдаги ўзаро манфаатли ҳамкорлик алоқаларини янги босқичга олиб чиқиш борасида қатор келишувларга эришдик.  

Ўзаро ҳамкорликнинг истиқболларини белгиловчи ишлардан бири – бу 2023 йилнинг ноябрь ойида Бухоро шаҳрида “Давлат бошқаруви ходимларининг замонавий компетенцияларини ривожлантириш: Ўзбекистон ва Жанубий Корея истиқболлари” мавзусидаги халқаро конференция ўтказиш эди. Келишувга кўра, ушбу халқаро конференция жорий йилнинг 3-4 ноябрь кунлари ўтказилди.  

Конференцияда 250 га яқин Ўзбекистонинг масъул ташкилот вакиллари, давлат бошқаруви ходимлари, халқаро экспертлар ва журналистлар иштирок этди.  

Конференция давомида Ўзбекистон Президенти Шавкат Миромонович Мирзиёев томонидан янгича ва мустақил фикрлайдиган, масъулиятли, ташаббускор, илғор бошқарув усулларини пухта ўзлаштирган, ватанпарвар, ҳалол кадрларни тайёрлашга алоҳида эътибор қаратилаётганига яна бир бор гувоҳ бўлдим.  

– Ўзбекистонда давлат хизматларининг самарадорлигини ошириш борасида амалга оширилаётган ишларга қандай баҳо берасиз?  

– Ҳақиқатдан, марказий идораларни трансформация қилиш орқали фуқароларга хизмат қиладиган ихчам ва самарали бошқарув тизими яратилмоқда. Бу борада олиб борилаётган ишларни ижобий баҳолайман.  

Ушбу мақсадга тўлақонли эришиш учун керакли кадрлар тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш масаласи муҳим ҳисобланади. Негаки, давлат бошқаруви органларининг самарали фаолияти унда хизмат қилувчи кадрлар салоҳиятига боғлиқ. 

Ўтказилган конференцияда ҳам бунга эътибор қаратилди. Ўзбекистон ва Жанубий Корея давлат бошқаруви ходимлари салоҳиятини ошириш, давлат бошқаруви фаолияти ва давлат хизматчиларининг компетенцияларини баҳолаш, давлат хизматчиларининг коммуникативлиги ва етакчилигига оид билим ва тажрибалар тўғрисида мунозаралар олиб борилди.  

Жанубий Корея ва Ўзбекистон давлат хизматчилари салоҳиятини ошириш тажрибаси, уларнинг коммуникативлиги ва етакчилиги, компетенцияларини баҳолаш ва салоҳиятини ривожлантириш учун малака ошириш дастури модели, раҳбар кадрларнинг етакчилик ҳамда бошқарув салоҳиятини янада ривожлантириш ва уларнинг фаолиятини баҳолаш мезонлари мавзусида муҳокама, дебат ва тақдимотлар ташкил этилди.  

Айниқса, конференция сессиялари давомида ўтказилган дебат жараёнлари ўзгача таассурот қолдирди. Хусусан, Ўзбекистондаги аҳоли билан ишлашнинг ноёб тузилмаси, маъмурий ҳудудий бирлиги “Маҳалла” тизими кўпчиликда катта қизиқиш уйғотди. Муҳокамалар давомида Жанубий Корея ва Ўзбекистонинг давлат бошқаруви тизими чуқур муҳокама қилинди. Ўзаро тажриба алмашилди.  

Давлат бошқаруви ходимларининг компетенцияларини ривожлантириш масалалари бўйича ўзаро тажриба алмашилди. Конференция давомида олинган назарий билимларга таянган ҳолда, давлат бошқаруви кадрлари салоҳиятини ривожлантиришнинг дастурий лойиҳалари ишлаб чиқилди.

– Давлат бошқаруви академияси билан қайси йўналишда ҳамкорлик давом эттирилади?  

– Ўзаро ҳамкорликда давлат бошқаруви кадрларини ўқитиш, малака ошириш лойиҳаларини ишлаб чиқишга ҳамда мана шундай конференцияларни ўтказишга келишиб олдик. Бу кенг миқёсда давом эттирилади.  

Ўзаро ҳамкорлик жараёнида мен кўплаб Ўзбекистонинг самарали бошқарув тизимига оид тажриба ва билимга эга бўлдим, десам муболаға бўлмайди. Айтишим мумкинки, келажакда ҳамкорликни янада ривожлантириш, иккинчи халқаро конференцияни тезроқ ўтказиш иштиёқи менда пайдо бўлди.  

Ўзбекистон ҳамда Корея Республикаларининг ўзаро илиқ муносабатларининг натижаси сифатида Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви академияси билан ҳамкорлик алоқаларини йўлга қўйганимиз икки томон учун ҳам жуда манфаатли иш бўлди.  

 

ЎзА мухбири  

Норгул АБДУРАИМОВА  

суҳбатлашди.