Chinese
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Сенга ҳавасдаман, болажон!
13:18 / 2021-06-01

Бугунги 30 ёшдан 40 ёшгача бўлган авлод вакилларининг болалиги мустақиллигимизнинг дастлабки оғир йилларига, ўтиш даврига тўғри келган.

Қарамлик кишанларини ечиб, озод мамлакат сифатида ўзини ўзи таъминлашни бошлаган давлат учун дастлабки йиллар қийин давр бўлганини ёши катта авлод вакиллари яхши билади. Ўша пайтда эндигина эсини таниб бошлаган болалар ҳам вақт ўтиб, оқ-қорани ажрата бошлаганда, бу давр хотираларини эслаб, осон кечмаганини ҳис қилишади назаримда.

Болалигимни элас-элас эслар эканман, байрам ёки бошқа бир сабаб билан ҳар замонда бир туман марказига боришларимиз, тумандаги ғарибгина истироҳат боғи кўз олдимга келади. Кўримсиз боғ ва шарти кетиб парти қолган 3-4 та аттракциондан бошқа ҳеч вақо йўқ эди биз болалар учун. Аммо ўша пайтда шу шалдироқ “учар”лар ҳам кўзимизга тўтиё эди — ёқимсиз, мияни эговлайдиган ғийқ-шийқ овозига эътибор ҳам бермаганмиз, ранги-туси ўчиб, бир аҳволга келиб қолган бўлса ҳам биргина миниб учишимиздан завқланиб, неча кунлар шунинг қувончида юрардик.

Энди ўйласам, ун, нон тақчил бўлган бир пайтда қорнимизни зўрға тўйдираётган ота-онамиз ҳар чоғда бир бўлса-да болаларини паркка, сайрга олиб чиқиши катта гап экан. У пайтда ҳозиргидек, турма-тур музқаймоғу салқин ичимлик, турли ширинлигу ўйинчоқ қаерда дейсиз! Бола-бақранинг кўнглини оладиган, хоҳишига қараб танлаб олинадиган кўп нарса йўқ эди. Боридан ҳам имкони борлар баҳраманд бўларди.  

Болалик хотираларимни, у пайтдаги бор имкониятларни эслар эканман, бугунги давр болаларига, фарзандларимга жуда-жуда ҳавасим келади. Бугун болаларимизнинг болалик орзулари ушалиши учун ҳамма шароит, имконият, муҳит бор. Йилдан-йилга замонавий имкониятлар кўлами кенгаймоқда, фарзандларимиз билан оилавий борадиган кўнгилочар манзилларимиз сони ҳам, хизмат кўрсатиш сифати ҳам ортмоқда. Болалигимдаги эски истироҳат боғи ҳам бугун ўзгача кўринишда — янгидан-янги, замонавий аттракционлар болаю каттанинг хизматида, боғдаги музқаймоқхона, ширинлик ва ўйинчоқлар дўконларининг олди чуғурлашган болалар билан гавжум. Нафақат замонавий истироҳат боғи, балки турли ўйингоҳлар, кўнгилочар савдо марказлари болаларнинг қувончига қувонч улашади. Туман марказию чекка-чекка қишлоқлардан тўп-тўп бўлиб келган оилалар, болалар фаровон кунлар нашидасидан баҳраманд бўлиб, болалар кунини нишонламоқда.

Бу биргина чекка тумандаги манзара. Пойтахтимиз Тошкентдаги истироҳат боғлари, кўнгилочар савдо марказлари, театр, музей, фавворалар атрофи, марказий хиёбонлардаги манзаралар эса бундан-да авжида — оёқ босишга жой топилмайди ўрни келса. Ҳамма ота-она болаларига қувонч улашиш мақсадида кўчага отилган. Қалби завқу шавққа тўлган ўғил-қизлар бир-иккита музқаймоқ билан чегараланиб қолмайди, 5-6 та аттракционлар билан ичидаги ҳовури босилмайди. Ота-онасининг “етади, бўлди”, деган гапига кўниб қўя қолишмайди. Бугун ҳар манзилда минглаб фарзандларимиз беғубор болаликнинг бахтли онларини ана шу тарзда ўтказмоқда.  

1 июнь — Халқаро болаларни ҳимоя қилиш куни фаровон, тинч-осойишта юртимизда болажонларимизнинг шўх-шодон ўйин-кулгилари, қийқириқларию завққа тўлган бақир-чақирлари билан ўтмоқда, катта байрам сифатида нишонланмоқда. Аммо дунёнинг бир чеккасида ҳақиқий ҳимояга муҳтож, чорасизлик, очлик, ҳимоясизлик, зўравонликдан азият чекаётган минглаб, балки миллионлаб бегуноҳ болалар бор. Бизнинг фарзандларимиз ширинлик ва музқаймоқларни танлаб еяётган бир пайтда, турли овқатларни ўзини тарозига солиб, “есамми-емасамми”, деб турган бир вақтда аллақаерларда миттигина жуссасига мадор бўладиган бир бурда нонга-да зор-муҳтож болалар бор. Бу ҳолатни тасаввур қила туриб, бир томондан шукр қиласану аммо кўпроқ қалбинг азоб чекади... Қанийди, имконинг бўлсаю бутун дунё болаларига хурсандчилик ҳадя қилсанг, беғубор болалик завқини улаша олсанг!

Бугун тинч-хотиржам юртимизда ота-онаси бағрида, давлатнинг мунтазам эътибор ва ғамхўрлиги остида униб-ўсаётган бахтиёр болаларимиз қаердадир азият чекаётган тенгдошларидан фарқли ўлароқ, фаровон ҳаёт кечираётганини ҳис қилиши ҳам муҳим масала. Шунда тўқлик ва осойишталикнинг қадрига етиб улғаяди, яратилган имкониятлардан унумли фойдаланишни ўрганади. Фарзандларимизни берилган неъматлар шукронаси билан улғайтириш, она юртга садоқат, ватанпарварлик руҳида тарбиялаш эса биз катталар, ота-оналарнинг зиммасидаги масъулиятли вазифадир.  

 

Муҳтарама Комилова, ЎзА