Chinese
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Сенаторлар уй-жой кодексини тасдиқлаш ҳақидаги қонунни рад этди
15:47 / 2025-12-19

Сенаторлар ялпи мажлисда “Ўзбекистон Республикасининг Уй-жой кодексини тасдиқлаш тўғрисида”ги қонунни кўриб чиқди.

Қайд этилганидек, уй-жой муносабатларини ҳуқуқий тартибга солишнинг яхлит тизими мавжуд эмаслиги уй-жой сиёсатини изчил амалга оширишни мураккаблаштириб, ўз навбатида, соҳадаги давлат бошқарувини қайта кўриб чиқишни ҳамда тартибга солишнинг самарали механизмларини жорий этишни тақозо қилмоқда.  

Ушбу муаммоларни бартараф этиш мақсадида “Ўзбекистон Республикасининг Уй-жой кодексини тасдиқлаш тўғрисида”ги қонун ишлаб чиқилган.

Сенаторлар томонидан олиб борилган ўрганиш ва таҳлиллар қонунда қайта кўриб чиқилиши лозим бўлган масалалар мавжудлигини кўрсатди.

Хусусан, кодекснинг 7-моддасида Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлигининг кўп квартирали уйлардан техник жиҳатдан фойдаланиш нормалари ҳамда қоидаларига риоя этиш устидан назоратни амалга ошириши белгиланган.

“Кўп квартирали уйларни бошқариш тўғрисида”ги қонунда эса ушбу ваколатлар Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги ҳузуридаги Кўп квартирали уй-жой фондидан фойдаланиш соҳасини назорат қилиш инспекциясига берилган.

Президент фармонига асосан кўп хонадонли уй-жой фондидан фойдаланишни назорат қилиш инспекцияси, Ичимлик сувидан фойдаланишни назорат қилиш инспекцияси ва Қурилиш соҳасида назорат инспекцияси негизида Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги соҳасида назорат қилиш инспекцияси ташкил этилган.

Юқоридагиларни инобатга олиб, кодекснинг 7-моддасида белгиланган Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги ваколатларини қайта кўриб чиқиш мақсадга мувофиқ.

Кодекснинг 30-моддасида тураржойни мулкдорлар билан тузиладиган шартнома асосида бузиш ва ўрнида янги бино қуриш тартиби белгиланган бўлса, 36-моддасида ҳам тураржойларни бузиш ва уларнинг ўрнида янги тураржойлар қуриш назарда тутилган.

Бир муносабат кодекснинг иккита моддасида такрор баён қилинаётгани сабабли 30 ва 36-моддаларини мувофиқлаштириш лозим. Бундан ташқари, 40-моддада уй-жой шароитларини яхшилашга муҳтож 5 тоифа шахслар кўрсатилган.  

Бу уй-жой шароитларини яхшилашга муҳтож бўлган фуқаролар тоифасини қайта кўриб чиқилиш лозимлигини кўрсатган.  

Сенаторлар ушбу қонунда яна бошқа бир-бирига зид нормалар ҳамда амалга оширилган маъмурий ислоҳотлар доирасида қайта ташкил этилган инспекциялар масалаларига алоҳида эътибор қаратди.

Юқоридагиларни инобатга олиб, сенаторлар қонунни рад этди.

Н.Абдураимова, Н.Ҳайдаров (сурат), ЎзА