Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис Сенатининг Бюджет ва иқтисодий масалалар қўмитаси раиси ўринбосари Қобул Турсунов Навоий вилоятида бўлиб, халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашлари котибият мудирлари, доимий комиссиялар ҳамда сиёсий партияларнинг раислари билан учрашув ўтказди.
Учрашувларда 2025 йил 23-25 январь кунлари бўлиб ўтган Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг учинчи ялпи мажлисида муҳокама қилинган масалалар, қабул қилинган қонунларнинг мазмун-моҳияти ва аҳамияти ҳақида маълумот берилди.

Ялпи мажлисда соҳаларнинг ҳуқуқий асосларини мустаҳкамлаш ва мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ўзгаришлар самарадорлигини ошириш, халқаро ҳамкорликни ривожлантиришга қаратилган 18 та қонун кўриб чиқилган. Ушбу масалаларнинг ҳар бири инсон манфаатлари, ҳуқуқ ва эркинликлари, шаъни ва қадр-қимматини ҳимоя қилишга қаратилганлиги билан аҳамиятлидир.

Жумладан, сенатор Қобул Турсунов “Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш тизими такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонунга тўхталар экан, мазкур қонуннинг ҳаётга татбиқ этилиши соҳада қонунийликни, қонунлар нормаларининг аниқ ва бир хил қўлланилишини таъминлашга, шунингдек, суд-ҳуқуқ соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотларни ҳуқуқий жиҳатдан таъминлашга хизмат қилишини таъкидлади.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2024 йил 16 январдаги “Яширин иқтисодиётга қарши курашиш соҳасида давлат назорати механизмларини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони билан Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаментига бюджет қонунчилиги бузилишининг профилактикасини таъминлаш, иқтисодий жиноятларни ўз вақтида фош этиш, ҳар томонлама, тўла ва холисона тергов қилиш соҳасида қўшимча вазифалар юклатилган эди.

Эндиликда Президент фармони билан Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаментига берилган вазифалар ва ваколатлар қонун билан мустаҳкамлаб қўйилмоқда.
Маълумки, юртимизда фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари самарадорлигини оширишга қаратилган кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Маҳалла институти мақоми Ўзбекистон Республикаси Конституцияси билан мустаҳкамланди. Энди давлатнинг ижтимоий сиёсати туман ёки шаҳардан эмас, балки маҳалладан бошланади. Сўнгги етти йил ичида маҳалла тизимини такомиллаштиришга қаратилган 100 га яқин норматив-ҳуқуқий ҳужжат қабул қилинган.
Учрашувда Сенатор ижтимоий ҳимояга муҳтож инсонларни молиявий воситалар ёрдамида давлат томонидан манзилли қўллаб-қувватлаш нуқтаи назаридан маҳалла институти фаолиятини танқидий ўрганиш зарурлигига алоҳида эътибор қаратди.
Шунингдек, Навоий вилояти маҳаллаларида микро лойиҳаларни амалга ошириш муҳимлиги таъкидланди. Бу тизим бандлик ва бизнесни ривожлантиришнинг мутлақо янги тизимидир.
Маълумотларга кўра, якунланган йилда вилоятда маҳаллаларда тадбиркорлик муҳитини яхшилаш мақсадида 21 минг 391 та қишлоқ хўжалиги, хизмат кўрсатиш ва кичик ишлаб чиқариш соҳасида 12 минг 370 та умумий қиймати 710 миллиард сўмлик микро лойиҳалар доирасида иш ўринлари яратилган.
Бундан ташқари, 55 нафар тадбиркорни жалб қилган ҳолда мавжуд имкониятлардан фойдаланиб, аҳоли даромадини ошириш мақсадида 6 минг 360 нафар фуқаро касаначилик, тикувчилик, каштачилик, жунни қайта ишлаш, мебелсозлик, кулолчилик каби йўналишларда иш билан таъминланган.
Оилавий тадбиркорлик дастури доирасида эса маҳаллалардаги ҳоким ёрдамчиларининг тавсиялари асосида 17,5 миллиард сўм имтиёзли кредитлар ажратилди.
Сенаторнинг Навоий вилояти халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашлари, сиёсий партиялар раислари билан учрашувларида аҳолининг долзарб муаммоларини ҳал этишда маҳаллий Кенгашлар депутатларининг иш тажрибасини оммалаштириш зарурлигига ҳам эътибор қаратилди.
А.Бўриев, ЎзА мухбири