Сенатнинг Халқаро муносабатлар, ташқи иқтисодий алоқалар, хорижий инвестициялар ва туризм масалалари қўмитаси раиси Алишер Аъзамхўжаев ҳамда сенатор Покиза Аҳмаджонова Гулистон давлат университетида Сирдарё вилоятининг фаол ёшлари билан очиқ мулоқот ўтказишди. Учрашувда ёшлар ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олдилар ва таклиф ҳамда ташаббусларини баён қилдилар.
Тадбирда сенаторлар ёшлар учун яратилаётган имкониятлар, мамлакатда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар, ёшларга оид давлат сиёсатининг устувор йўналишлари, сифатли таълим бериш, хорижда ўқиш ва малака ошириш имкониятлари, шунингдек, Ўзбекистоннинг халқаро нуфузи ва ташқи иқтисодий алоқалари тўғрисида батафсил маълумот тақдим этишди.


Учрашув давомида Сенат ва Сирдарё ёшлари ўртасидаги мулоқотни кенгайтириш, ёшларни қўллаб-қувватлашга қаратилган лойиҳаларни амалга ошириш, спорт, маданият ва ижод масканларини ривожлантириш, хорижий тилларни чуқур ўрганиш, сунъий интеллект ва замонавий касбларга йўналтириш бўйича амалга оширилаётган ишлар ҳам муҳокама қилинди.


– Университетимизда сенаторлар билан бевосита мулоқот ёшлар учун улкан имконият бўлибгина қолмай, уларнинг билим ва кўникмаларини ривожлантириш, шунингдек, амалиётдаги қийинчиликлар ва таклифлар ҳақида тўғридан-тўғри фикр билдириш учун ажойиб майдон бўлди, – дейди Гулистон давлат университети Ёшлар иттифоқи етакчиси Ёрқинжон Ҳайитбоев. – Асосийси, нафақат ёшлар, мен ҳам сенаторлардан ҳаётий сабоқ ва тажриба олдим.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири