Маҳаллаларда хавфсиз муҳитни таъминлаш ҳамда коррупцияга қарши курашиш борасида амалга оширилаётган ишлар сенаторлар томонидан ўрганилмоқда.
Сенатнинг Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитаси раиси Қутбиддин Бурҳонов ҳамда Бош прокурор ўринбосари – ҳарбий прокурор Отабек Холбоев бошчилигидаги ишчи гуруҳ томонидан Тошкент шаҳри Бектемир туманида аҳоли хавфсизлигини таъминлаш борасида амалга оширилаётган ишлар ўрганилди.
Ўрганиш жараёнида Бектемир тумани Ички ишлар органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўлинмасида жамоат тартибини таъминлаш, жиноятчиликнинг олдини олиш, ҳуқуқбузарликлар профилактикасини кучайтириш ҳамда фуқаролар хавфсизлигини таъминлаш бўйича амалга оширилаётган чора-тадбирлар ҳолати таҳлил қилинди.
Тумандаги маҳаллаларда, жумладан, Олтинтопган маҳалласида хавфсиз муҳитни шакллантириш, жиноят ва ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш, профилактик ишлар самарадорлигини ошириш борасида амалга оширилаётган ишлар кўздан кечирилди.
Маҳаллаларда видеокузатув камералари, домофон тизимлари ҳамда “ташвиш тугмалари” ўрнатилиши ҳолати ва мавжуд муаммолар ўрганилди.

“Маҳалла еттилиги”, профилактика инспекторлари ва бошқа масъул ходимларнинг фаолият натижалари муҳокама қилиниб, аҳоли хавфсизлигини таъминлашда тизимли ёндашувни янада кучайтириш, мавжуд муаммоларни бартараф этиш ҳамда профилактик чора-тадбирлар самарадорлигини ошириш юзасидан тегишли тавсия ва кўрсатмалар берилди.
Ташриф якунида Бектемир тумани Ички ишлар органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўлинмасида йиғилиш ўтказилиб, маҳаллаларда хавфсиз муҳит яратиш, жиноят ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш бўйича устувор вазифалар белгилаб олинди.
***
Сенатнинг Суд-ҳуқуқ масалалари ва коррупцияга қарши курашиш қўмитаси раиси Абдулҳаким Эшмуродов бошчилигидаги ишчи гуруҳ Тошкент шаҳри Яшнобод туманида ўрганиш ишларини олиб борди.
Тумандаги “Арғин” ва “Хосиятли” маҳалла фуқаролар йиғинларида жиноят ва ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш, профилактик чора-тадбирлар самарадорлигини ошириш ҳамда маҳаллаларда хавфсиз муҳитни шакллантиришга қаратилган ишлар кўриб чиқилди.
Криминоген вазият нисбатан оғир бўлган маҳаллаларда жиноятчиликнинг олдини олишга қаратилган манзилли чора-тадбирлар, аҳоли билан ишлашга асосланган ижтимоий профилактика механизмларининг амалий самарадорлиги таҳлил қилинди. Бу борада профилактика инспекторлари, маҳалла фаоллари ва бошқа масъул тузилмалар ўртасидаги ҳамкорлик ҳолатига алоҳида эътибор қаратилди.
Маҳаллаларда видеокузатув камералари, домофон тизимлари ва “ташвиш тугмалари” ўрнатилиши ҳолати ўрганилди. Ишчи гуруҳ томонидан савдо ва хизмат кўрсатиш объектларини рақамлаштириш орқали яширин иқтисодиёт улушини қисқартириш, маиший коррупция ҳолатларининг олдини олиш ҳамда тадбиркорлар учун қулай муҳит яратиш юзасидан тегишли тавсиялар берилди.
Ишчи гуруҳ аъзолари аҳолини қийнаб келаётган муаммолар юзасидан фуқаролар билан бевосита суҳбатлар ўтказди.
Ўрганиш ва таҳлиллар натижалари “маҳалла еттилиги”, профилактика инспекторлари ва бошқа масъул ходимлар иштирокида муҳокама қилиниб, аҳоли хавфсизлигини таъминлашда тизимли ёндашувни янада кучайтириш, аниқланган муаммоларни бартараф этиш ва профилактик чора-тадбирлар самарадорлигини ошириш бўйича тегишли тавсия ва кўрсатмалар берилди.
Н.Абдураимова, ЎзА