Chinese
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Сенатор талабалар учун махсус стипендия таъсис этди
17:25 / 2021-01-13

Ёшлар — ҳар қандай давлатнинг бебаҳо стратегик ресурси, таъбир жоиз бўлса, «олтин фонди» ҳисобланади.

Шу боис юртимизда ёш авлодни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш бугунги ислоҳотларнинг энг устувор йўналишларидан бирига айланган. 2021 йил мамлакатимизда «Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили»деб эълон қилингани фикримиз тасдиғидир.

Президентимиз Ўзбекистон ёшлари форумида «Биз оила, мактабгача таълим, мактаб ва олий таълимни ҳамда илмий-маданий даргоҳларни бўлғуси Ренессанснинг энг муҳим бўғинлари деб ҳисоблаймиз. Шу сабабли, ушбу соҳаларда туб ислоҳотларни изчил амалга оширмоқдамиз», дея алоҳида таъкидладилар.

Дарҳақиқат, келажагимиз эгаларига замонавий билимларни ўзлаштириши, касб-ҳунар ўрганиши, ўз истеъдодини юзага чиқариши учун таълимнинг барча босқичларида зарур шарт-шароитлар яратиб бериляпти. Ушбу жараёнда давлат ва жамоат ташкилотлари, ҳомийлар томонидан иқтидорли ҳамда ижтимоий ҳимояга муҳтож ёшларни моддий ва маънавий жиҳатдан қўллаб-қувватлаб келинаётгани эътиборга молик жиҳатдир. Бу эса уларда билим олишга бўлган иштиёқни янада кучайтиришда рағбатлантирувчи омил бўляпти.

Ўзбекистон пахта-тўқимачилик кластерлари уюшмаси раиси, иқтисодиёт фанлари доктори, сенатор Муртазо Раҳматов томонидан Сенатор стипендияси таъсис этилгани замирида ҳам эртамиз эгаларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш мақсади мужассам. Тошкент давлат юридик университети1-босқич талабаси Мадина Юнусова Сенатор стипендиянинг илк соҳибаси бўлди. Бугун унга 2020-2021 ўқув йилида махсус стипендия олиш ҳуқуқини берадиган сертификат топширилди.

— Конфуцийнинг шундай ҳикмати бор: «Агар сен халқингни бир йил боқмоқчи бўлсанг, буғдой эк, ўн йил боқмоқчи бўлсанг, дарахт кўкартир, асрлар давомида боқмоқчи бўлсанг, илм, билим эк», — дейди сенатор Муртазо Раҳматов. — Шу маънода, ислоҳотларнинг янги босқичида ёшларни билимли қилиш, уларга илм ўргатиш пайидан бўлинаётгани қувонарлидир. Ёшлар бамисоли ниҳол. Шундай экан, уларни яхши таълим-тарбия бериб, тўғри йўлга йўналтиришга барчамиз масъулмиз. Умид қиламизки, биз таъсис қилган стипендия ёшлар қалбида билимга муҳаббат уйғотиб, катта ҳаёт остонасидаги изланувчан ва интилувчан ёшларга кичик кўмак ва рағбат бўлади.

Бухоро вилоятида туғилиб ўсган Мадинанинг энг катта орзуси ушалди. У меҳрибонлик уйи тарбияланувчиларига берилган имтиёздан фойдаланиб, давлат гранти асосида ўқишга қабул қилинди. Айни пайтда Тошкент давлат юридик университетининг халқаро ҳуқуқ ва қиёсий ҳуқуқшунослик факультетида таҳсил олмоқда.

Университет катта ўқитувчиси, гуруҳ мураббийи Васила Мамадаюпованинг айтишича, Мадина ўзининг одоби, тарбияси, тиришқоқлиги, энг муҳими, билимга чанқоқлиги билан алоҳида ажралиб туради. Сенатор стипендиясига у лойиқ кўрилгани унинг тенгдошларини ҳам жуда хурсанд қилди.

— Давлатимизнинг биз, ёшларга алоҳида эътиборини, ғамхўрлигини ўз ҳаётим мисолида чуқур ҳис қилиб турибман, — дейди Мадина Юнусова. — Бунга жавобан халқимизга нафим тегадиган, эл корига ярайдиган етук ҳуқуқшунос бўлиб етишишни ўз олдимга олий мақсад қилиб қўйганман. Сенатор Муртазо Раҳматов томонидан менга махсус стипендия таъсис қилиниб, ойма-ой тўлаб борилаётгани эса ўз устимда кўпроқ ишлаш, ўқиб-изланишга катта туртки бўлди. Билдирилган катта ишончни ўз муваффақиятларим билан оқлашга ҳаракат қиламан.

Сенатор ва ёшлар учрашувида жамият ривожи, ижтимоий-иқтисодий соҳалар тараққиётда ҳуқуқшуносларнинг роли ҳақида ҳам сўз юритилди. Биология фанлари доктори, профессор, академик Бакридин Зарипов шу ҳақда тўхталиб, малакали юристларга Янги Ўзбекистонда талаб жуда юқори эканлигини алоҳида таъкидлади.

— Жамиятда адолатни қарор топтириш, коррупциянинг илдизини қуритишда ҳуқуқшуносларнинг роли, айниқса, беқиёс, — дейди у. — Шунинг учун бугун ҳуқуқий таълим-тарбияни ривожлантириш, рақобатдош юрист кадрларни тайёрлаш, ушбу жараёнда таълим сифатини яхшилаш бўйича амалий чора-тадбирлар кўриляпти. Бунга Тошкент давлат юридик университетида кейинги йилларда кузатилаётган ижобий ўзгаришлар мисол бўла олади.

Учрашув сўнгида Мадинанинг ўқишларида омад ва муваффақиятлар, ҳаётда юксак поғоналарга эришишни тилаб, сенатор ўз қаламига мансуб китоблар жамланмасини ҳам совға қилди.