Сенатор: сувчиларимиз эл хизматига ҳамиша шай...
Коронавирус пандемияси даврида аҳоли, иқтисодиёт тармоқлари ва тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлаш мақсадида Президентимиз яна бир муҳим фармонга имзо чекди.
Муносабат
Коронавирус пандемияси даврида аҳоли, иқтисодиёт тармоқлари ва тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлаш мақсадида Президентимиз яна бир муҳим фармонга имзо чекди.
Унга кўра, айни мураккаб пайтда аҳолини ижтимоий ҳимоя қилишни кучайтириш ва иқтисодиёт тармоқлари фаолият кўрсатишининг барқарорлигини таъминлаш, шунингдек, айрим хўжалик юритувчи субъектларни қўллаб-қувватлаш, тадбиркорлар, ҳунарманд ва фермерларимиз, корхоналар раҳбарлари ушбу фармонда кўрсатилган имтиёзлардан самарали фойдаланишлари, жойларда ностандарт ечимларни излаб, ишлаб чиқариш ҳажмлари ва иш жойларини сақлаб қолиш, корхоналар фаолиятини давом эттириш ҳамда ушбу мезон асосида вилоят, туман (шаҳар) сектор раҳбарлари, иқтисодий комплекс идоралари ўз иш режалари ва ишлаш услубларини қайта тузиб олишлари, яъни ҳар бир раҳбар корхоналар, тадбиркорларнинг муаммосига алоҳида ёндашиб, уларни ҳал қилишда “бевосита бошқарув” режимига ўтишлари кераклиги хусусида муҳим топшириқлар берилди.
Вилоятимизда ҳам ҳар қандай қийинчиликка қарамасдан, ўз хизмат бурчини виждонан бажараётган фидойиларимиз кўп. Хусусан, мавжуд қийинчиликларга қарамасдан фидокорона меҳнат қилаётган сувчиларимиз, фермер ва деҳқонларимиз, мутахассисларимиз, ишчи-ходимларимиз ҳам улар сафида эканлигидан фахрланамиз.
“Биз сиз учун ишдамиз, сиз биз учун уйда қолинг” деган эзгу шиорни амалга оширувчилар орасида вилоятимиз сувчилари, қишлоқ хўжалик ходимлари борлиги бизга ўзига хос ғурур бағишлайди.
Жумладан, вилоятимизда жорий йилнинг баҳорги суғориш мавсумида жами 278 минг гектар майдонда суғориш ишлари бажарилди, шундан 141 минг гектар бошоқли дон экинлари ҳамда 107 минг гектар пушта майдонида нам суви бериш ишлари бажарилиб, етилган майдонларда пешма-пеш чигит экиш ишлари бошланди.
Cувни тежайдиган технологияларни жорий этишга қаратилган тадбирлар қўллаб-қуввватланиб, бунинг ташаббускори бўлган хўжалик ва ташкилотларга қўшимча имтиёз яратиб берилмоқда. Натижада бугунги кунда қарийб 4641 гектар майдонда қурувчи корхонаси ва фермер хўжаликлари ўртасида шартнома тузиш ишлари амалга оширилиб, шундан 3881 гектар пахта, 250 гектар боғ ва 290 гектар токзорларда ҳамда 220 гектар майдонда ёмғирлатиб суғориш технологиясини ҳамда 10 минг гектар майдонда 500 комлект кўчма эгилувчан қувурларни жорий этиш белгиланган.
Шу билан бирга, қўшни Туркманистон ҳудудида жойлашган 6 та қудратли насос станциясида 400 нафарга яқин ишчи-ходимларимиз кеча-ю-кундуз тиним билмасдан меҳнат қилмоқда. Уларнинг хизматлари эвазига Амударё суви 132 метр баландликка кўтарилиб, 80 километр узунликдаги масофадан бир лаҳзада 132, бир кеча-кундузда 11 миллион метр куб “об- ҳаёт” вилоятга етказиб берилмоқда.
Мен бу маълумотларни бежизга келтирмаяпман. Айни карантин кунларида ижтимоий алоқалар, муносабатлар ҳамда мулоқотлар чекланган бўлса-да, ишлаб чиқариш, халқимизни зарур озиқ-овқат ва бошқа маҳсулотлар билан таъминлаш, эртанги кун тўғрисида ғамхўрлик қилиш тадбирлари тўхтаб қолган эмас.
Пуштага нам суви бериш, кузги бошоқли дон экин майдонларида пешма-пеш суғориш ҳамда аҳоли томорқаси ва бошқа қишлоқ хўжалиги экинларини суғориш ишларини сифатли амалга ошириш, ўрнатилган сув лимитидан самарали фойдаланиш ва суғориш ишларини жадаллаштириш мақсадида ҳукуматимиз томонидан яратиб берилган тизим асосида вилоятимиз сув хўжалиги ташкилотлари ходимларидан иборат 277 нафар мутахассис ҳудуд ва фермер хўжаликлари далаларида суғориш ишларини амалга оширилишига амалий ёрдам бериш учун жалб этилди.
Карантин пайтида уйда қолиш кафтдек бўлса-да, ерга эга бўлган томорқачиларимиз учун асло бекорчилик дегани эмас. Аксинча, бу ҳар доимгидан ҳам кўра томорқада, боғда ёки иссиқхонада кўпроқ меҳнат қилиш, сархил сабзавотлар, полиз маҳсулотлари, мевалар етиштириб, даромад олиш имкониятидир. Қолаверса, бу айни дамда бир оз зерикиб қолган болаларимиз, ёшларимиз учун масофавий дарслардан бўш пайтларида меҳнат ва ишбилармонлик тарбиясидир. Бозорларимиз тўкин-сочинлигига ҳисса қўшаётган томорқачиларимиз экинларини сув билан таъминлаш биз сувчиларнинг асосий вазифаларимиздан ҳисобланади.
Суғориш ишларининг бориши тўғрисидаги вилоятимизда “Суғориш штаби” ташкил этилиб, таҳлилий маълумотлар муҳокама қилиниб, сув ресурсларидан самарали ва тежамли фойдаланишни ташкил этиш ҳамда сув хўжалиги иншоотларининг ишончли ишлашини таъминлаш бўйича тизимли равишда ишлар олиб борилмоқда. Ирригация ва мелиорация тадбирлари барча туман ҳудудларида бажарилиб, қишлоқ хўжалиги экинларидан мўл ҳосил олиш бўйича тизимли ишлар ташкил қилинмоқда.
Йилимизнинг серёғин келгани деҳқонларимиз, чорвадорларимиз қаторида биз сувчиларни ҳам жуда қувонтиради. Аммо бу омил асло сувдан бемалол, хўжасизларча фойдаланиш мумкин, дегани эмас. Об-ҳаётдан режа асосида, тежаб-тергаб, оқилона фойдаланиш келгусида жамғариладиган мўл ҳосилимизнинг гарови эканини асло унутмаслигимиз зарур.
Ҳар қандай даврда, вазиятда ҳам халқимиз учун қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етказиб бериш, озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш ўта муҳим вазифа ҳисобланади.
Биз ўз меҳнат фаолиятимиз билан иқтисодиётимиз барқарорлигини, Ўзбекистонимиз фаровонлигининг асосини таъминлашни биргаликда амалга оширишимиз керак.
Шундай экан, ушбу синовли даврда карантин ва санитария қоидаларига қатъий амал қилиб меҳнат қилайлик. Биргаликдаги саъй-ҳаракатларимиз билан бирлашсак, шак-шубҳасиз барча қийинчиликларни албатта енгиб ўтамиз.
Зеро, Президентимиз таъкидлаганидек, “Бу ҳаётнинг кўп оғир синовларини ва яхши ёмон кунларини бошидан кечирган халқимиз ҳаммасини тўғри тушуниб, масалага онгли равишда ёндашмоқда... Миллати, тили ва динидан қатъи назар, ҳаммамиз якдилмиз ва, ишонамизки, бу қийинчиликлар, албатта, ўтиб кетади”.
Илҳом ҚУРБОНОВ,
Аму-Қашқадарё ирригация тизимлари
ҳавза бошқармаси бошлиғи,
Сенатор.