Мамлакатимизнинг турли ҳудудларида автобус ва бошқа транспорт воситаларига ўрнатилган газ баллонларининг портлаши билан боғлиқ ҳолатлар содир бўлгани ҳеч кимга сир эмас.
Автобусларда инсон саломатлиги ва ҳаёти билан боғлиқ бахтсиз ҳодисаларнинг олдини олиш ҳамда автобусларга ўрнатилган СТГ-3 русумли газ баллонларини техник синовдан ўтказиш лозимлигини инобатга олиб, Сенатнинг Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитаси раиси Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари А.Раматовга сенатор сўрови юборди.
– Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 11 октябрдаги 815-сонли қарори ижросига мутасадди тузилмаларнинг эътиборсизлиги, масъулларнинг бепарволиги оқибатида инсонларнинг соғлиғи ва ҳаётига жиддий хавф солаётган айрим муаммо ҳамда камчиликлар ҳамон сақланиб қолмоқда, – деди Сенатнинг Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитаси раиси Қутбиддин Бурҳонов. – Жумладан, қайд этилган қарорга мувофиқ «JV MAN Auto-Uzbekistan» масъулияти чекланган жамияти қўшма корхонасида ишлаб чиқарилган «MAN А 22 CNG» русумли автобусларга истисно тариқасида СТГ-3 русумидаги газ баллонларини ўрнатиш ва улардан фойдаланишга рухсат берилган.
Қарорда «Ўзавтосаноат» акциядорлик жамияти қошида замонавий юқори технологияли синов лабораториясини ташкил этиш, кейинчалик уларни зарур ускуналар билан жиҳозлаш ва СТГ-3 (LNG-3) русумидаги газ баллонларини синовдан ўтказиш бўйича мутахассислар тайёрлаш, Техник жиҳатдан тартибга солиш агентлигидан аккредитациядан ўтказиш белгиланган.
Афсуски, ҳукумат қарорининг ушбу талаблари шу кунга қадар ижро этилмаган. Оқибатда СТГ-3 русумидаги баллонлар билан жиҳозланган 300 дан ортиқ автобусда 2018 йилдан бери техник синовдан ўтказилмаган ҳолда йўловчи ташилмоқда.
Бундан ташқари, Вазирлар Маҳкамасининг 2023 йил 25 январдаги 28-сонли қарорига мувофиқ Хитойда ишлаб чиқарилган СТГ-3 русумли газ баллонлари билан жиҳозланган автобуслар истисно тариқасида харид қилинишига рухсат берилган ва бугунги кунда мамлакатимиз кўчаларида ушбу автобуслар ҳам аҳолига хизмат кўрсатмоқда.
Сенатор сўровида Вазирлар Маҳкамасининг қарорида белгиланган вазифалар ижроси нима учун таъминланмагани ҳамда лабораторияларни ташкил қилиш бўйича олиб борилаётган ишлар юзасидан тушунтириш бериш сўралган.
Н.Абдураимова, ЎзА