Қазақ
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Сенатор Гулистонда саноат ва инвестиция лойиҳаларини ўрганди
12:08 / 2025-11-20

Олий Мажлис Сенати Халқаро муносабатлар, ташқи иқтисодий алоқалар, хорижий инвестициялар ва туризм масалалари қўмитаси раиси Алишер Аъзамхўжаев Сирдарё вилоятининг Гулистон шаҳридаги иқтисодий ва ижтимоий ҳаёт билан яқиндан танишиш мақсадида маҳаллий Кенгаш депутатлари, доимий комиссиялари ва “маҳалла еттилиги” билан ҳамкорликда учрашувлар ўтказди. Шунингдек, у нуронийлар ва ёшлар билан ҳам мулоқот қилди.

Учрашувларда асосий эътибор тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш, саноат ва ишлаб чиқаришни кенгайтириш, инвестиция лойиҳаларини самарали амалга ошириш орқали ҳудудий экспорт ҳажмини оширишга қаратилди. Шунингдек, шаҳарда олиб борилаётган ислоҳотлар доирасида  янги саноат ва туризм зоналарини ривожлантириш масаласи ҳам муҳокама қилинди.

Сафар доирасида сенатор Гулистон шаҳрида фаолият юритаётган полипропилен қоп маҳсулотлари ишлаб чиқарувчи “ММХ PRO” МЧЖ ва трикотаж маҳсулотлари ишлаб чиқарувчи “Chelebi tekstil” МЧЖ фаолияти билан ҳам танишди. Ушбу корхоналарда иш жараёнлари, технологияларни қўллаш ва ишчи кучини самарали ташкил этиш масалалари кўриб чиқилди.

Сенатор таъкидлаганидек, саноат ва ишлаб чиқариш корхоналарини тўлиқ қувватда ишга тушириш орқали янги иш ўринлари яратилиши, ҳудудлараро ҳамкорликни ривожлантириш, маҳаллий кадрлар малакасини ошириш ва хорижий мутахассисларни жалб қилиш энг устувор вазифалардан ҳисобланади.

Тадбиркорлар, инвесторлар ва ишбилармонлар билан мулоқот мобайнида маҳаллий ва хорижий инвесторлар билан ҳамкорликда шаҳарнинг инвестиция салоҳияти, амалга оширилаётган лойиҳалар, экспорт имкониятлари ва келгуси режалар юзасидан фикр алмашилди. Шунингдек, тегишли таклифлар ишлаб чиқилиб, уларни амалга ошириш механизми муҳокама қилинди.

Сафар якунида сенатор Алишер Аъзамхўжаев шаҳарда олиб борилаётган иқтисодий ислоҳотлар ва саноат тармоғидаги ишларни юқори баҳолаб, инвестиция фаолиятини қўллаб-қувватлаш ва ёш кадрлар салоҳиятини ривожлантириш масалаларига алоҳида урғу берди.

Ғулом Примов, ЎзА мухбири