Олий Мажлис Сенати аъзоси Матлуба Ғаниева Андижон вилоятининг Олтинкўл ва Шаҳрихон туманлари Давлат хизматлари марказларига ташриф буюриб, у ерда давлат хизматлари кўрсатилиши ҳолати, сифати ва қонунчиликда белгиланган тартиб ва асосларда фаолият юритилиши бўйича ўрганишлар олиб борди.
Ўрганиш давомида Олтинкўл туман Давлат хизматлари марказида мижозлар учун яратилган шароитлар билан яқиндан танишди.
Марказ барча зарур техник жиҳоз ва воситалар билан таъминланган бўлиб, бу ерда жисмоний ва юридик шахсларга 160 дан ортиқ давлат хизматлари кўрсатилади. Бир вақтнинг ўзида 20 нафар, бир кунда 400 фуқарога хизмат кўрсатиш имконияти мавжуд. Замонавий жиҳозланган кенг ва ёруғ хоналар, кутиш заллари, инвесторлар хонаси мижозларнинг хизматлар билан боғлиқ ҳар қандай оғирини енгил қилиши, шубҳасиз.
Мавжуд мониторлар орқали эса давлат хизматлари кўрсатиш соҳасидаги янгиликлар, давлат хизматлари олиш тартиблари тўғрисидаги роликлар мунтазам намойиш этиб борилади. Марказдаги кутубхона, спорт ва болалар учун ажратилган майдончаларнинг мавжудлиги бу ерга келувчиларнинг вақтини мазмунли ўтишига хизмат қилади. Шунингдек, аҳолига янада қулайлик яратиш мақсадида мазкур бинода Давлат хизматлари марказидан ташқари туман фуқаролик ҳолати далолатномаларини ёзиш бўлими, Бош вазир қабулхонаси, адлия бўлими ва нотариал идоралар фаолияти ҳам йўлга қўйилган.
[gallery-2569]
Зуҳриддин УМУРЗОҚОВ (сурат), ЎзА