Кексаларни ҳурмат қилиш, уларга эътибор ва ғамхўрлик кўрсатиш жамиятнинг маънавий ва маданий даражасини намоён этади.
Жорий йилда Президентимиз томонидан 9 май – Хотира ва қадрлаш куни арафасида Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиларини рағбатлантириш тўғрисидаги фармони фахрийларимизга кўрсатилаётган ғамхўрликнинг яна бир амалдаги ифодаси ва бу йўналишда амалга оширилаётган хайрли ишларга қанот бўлди, десак муболаға бўлмайди.
Байрам арафасида Олмалиқ кон-металлургия комбинати раҳбарияти ва касаба уюшмаси кенгаши томонидан Олмалиқда истиқомат қилувчи барча Иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари, фронт ортида жасорат кўрсатган пиру бадавлат кексалар ва меҳнат фахрийларининг ҳолидан хабар олиниб, уларга алоҳида эҳтиром кўрсатилмоқда.
Фахрийларга ҳар йили комбинат томонидан эътибор ва ғамхўрлик кўрсатилиб, фахрийларнинг хонадонларини тозалаш ва уларнинг уй юмушларига ёрдам берилади. Ҳар бир байрамга озиқ-овқатлар ва пул мукофотлари туҳфа этилади

Жорий йилда ҳам Иккинчи жаҳон уруши фахрийларига комбинат томонидан 5 миллион сўмдан пул мукофотлари тақдим этилмоқда.
Теракли маҳалласида истиқомат қилувчи, 102 ёшли уруш қатнашчиси Абдураҳим ота Мавлоновнинг хонадонига комбинат бошқаруви раиси, сенатор Абдулла Ҳурсанов ташриф буюрди.
Жангоҳларда кечган хотираларини ёдга олар экан, Абдураҳим ота бугунги дориломон кунларга етказганига шукроналар келтиради. Ёшларга тинчликни қадрлаш, она Ватанни севиш лозимлигини уқтириб, ўзининг ҳаётий насиҳатларини берди.
108 нафар невара ва эваранинг бобоси бўлган Абдураҳим ота Яратгандан юрт тинчлигини сўраб, қўлини дуога очди ҳамда бундай ғамхўрлик ва эътибор учун Президентимизга ўз миннатдорчилигини билдирди.
Учрашув давомида Абдулла Ҳурсанов Абдураҳим отанинг кўрсатган жасорати барчага намуна эканлигини, ҳозирги тинч, осуда ҳаётимизга замин яратган ота-боболаримизнинг қаҳрамонликлари олдида биз авлодлар ҳар доим фахрланишимизни таъкидлаб ўтди.
Тадбир давомида «Металлург» маданият саройи бадиий дасталари томонидан уруш даврларини ёдга олувчи қўшиқ ва рақслар ижро этилди. Абдураҳим отанинг эваралари ёд олган шеърларини ўқиб беришди.
Тадбирда Абдураҳим отага эсдалик совғалари ва пул мукофоти тақдим этилди.
Умида Қаршибоева,
Олмалиқ кон-металлургия комбинати ахборот хизмати раҳбари